Баъзи инсонлар ўзаро суҳбатларда қўшниларининг яхшиликларидан гапириб берсалар, кўпчилик қўшнининг ёмонлигидан ҳасрат қилади. Уларнинг жанжаллари туфайли ҳаётда ороми йўқлигини айтишади. Демак инсон турмуши фаровонлиги кўп томонлама қўшниларга ҳам боғлиқ экан.
Инсонлар орасида қўшничилик деганда кшҳўпинча бир-бирига ёнма-ён қурилган уй-жой ёки ҳовлида истиқомат қилиш тушунилади. Аслида қўшничилик ишхона, дўкон, бозор, масжид, йўл, сафар ва ҳоказоларга ҳамроҳ бўлган кишиларни ҳам ўз ичига олади.
Қандай холатда бўлишидан қатъий назар бирор сабаб туфайли кишига яқин ёндош бўлган ҳар қандай башарият вакили қўшни ҳисобланади. Киши қўшнисига – унинг мақому мартабасидан, дину диёнатидан қатъий назар, оят ва ҳадисларда буюрилган эҳсон-яхшиликларни қилмоғи ва унга азият етказишдан тийилмоғи лозим.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас!” – деганларида, саҳобалар томонидан:
“Ким у, эй Аллоҳнинг расули?” — деб сўралди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган киши”, — дедилар”.
Қўшниларнинг бир биридан у ёки бу маънода фарқ қиладиган даража ва мартабалари ҳам мавжуд бўлиб, шунга қараб у ёки бу қўшнининг ҳақ-ҳуқуқи ва ҳурмати янада ошиши мумкин.
Ойша онамиз ва Ҳасан Басрийдан “қўшничиликнинг энг охирги чегараси қирқта хонадон бўлади” деган сўзлар нақл қилинган. Қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари шариат ва диёнат юзасидан қўшниларнинг бир бирларига нисбатан риоя қилишлари лозим бўлган ушбу вожиблар ва мажбуриятлардан иборат.
- Қўшнига озор бермаслик ва азият етказишдан тийилиш.
- Қўшнини ҳимоя қилиш.
- Қўшнига эҳсон-яхшиликлар қилиш.
- Қўшнининг озор ва жафосини ҳалимлик ва кечиримлилик билан қарши олиш кабилар.
Ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан: “Уйдан аввал қўшни, йўлдан аввал йўлдош танла” деган ҳикматли сўзлар нақл қилинган.
Ҳозирда камдан кам кишилар юқоридаги ҳикматга амал қиладилар. Уй жой қуриш ёки сотиб олиш ниятидаги кишиларни бугунги кунда сотиб олинажак уйнинг чиройли мавзеъда жойлашгани, умумий маиший хизмат уйларига яқин бўлиши кўпроқ қизиқтиради, аммо у жойнинг қўшниси қандайлигига аҳамият бермайди. Ҳолбуки қўшни яхши бўлсагина, олинган уй жойда ҳаловат топади киши.
Ҳаётда қўни-қўшниларнинг мақтови ёки қораловлари катта аҳамиятга эга. Чунки бир кишининг қандайлигини ҳаммадан аввал қўшни яхши билади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшнининг қўшнисига нисбатан мақтови ва ёмонлашини инсоннинг яхшилиги ёки ёмонлиги учун ўлчов ва меъзон қилиб белгиладилар.
Одамлар орасида яхши қўшни танлашга эътибор бермайдиганлар кўп бўлганидек, солиҳ қўшнисининг қадрига етмай зое қиладиганлар ҳам учраб туради. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидек баъзилар яхши қўшниларига бепарво бўлиб, ҳеч қандай муносабат ёки борди келди қилмайдилар. Баъзилар яхши қўшнини ташлаб, бошқа маҳаллага кўчиб кетади. Албатта бу ишлар ҳеч қандай қиймат билан ўлчанмайдиган солиҳ қўшнига нисбатан бепарволикдир.
Шундайлар ҳам учрайдики, ўтирадиган уйи орқасига ҳаммом, ҳожатхона каби нарсалар қуради. Лекин ўша нарсалардан қўшни уйнинг деворига бирон зиён захмат етса, муаммони бартараф қилишни ҳаёлига ҳам келтирмайди. Бу албатта қўшнига нисбатан зулмдир.
Киши қўшни томонидан узатилган бирон таом, ҳадя ва ҳоказоларни гарчи унчалик ёқтирмаса ҳам қўшнининг дилини ранжитиб қўймаслик учун қабул қилмоғи лозим. Қўшничилик муносабатларининг қўшнилар орасида ўзаро меҳр оқибат ва эзгулик муҳитини шакллантирадиган даражада тикланиши жамият тараққиётининг ёрқин наъмунаси ҳисобланади.