Инсон токи ҳаёт ҳаёт экан, ўз мақсад йўналишига эга бўлишига тўғри келади. Ўша мақсадлар ичида муҳимроғи – халқ учун манфаат етказиш. Чунки инсон жамиятда доимо халқ билан бирга ҳаёт кечирар экан, улар билан кундалик мулоқотда бўлар экан умр давомида шу халқ учун манфаат етказишни мақсад қилмаслик ҳақиқатан ҳам инсоний хислатларга зид бўлади.
Зотан инсон Аллоҳ таоло яратган бутун махлуқотлар ичида энг мукаррамидир. Бу ҳақда Қурони каримда баён қилинади:
وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً
Яъни: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”. (Исро. 70)
Ана шу мкаррам хилқат, яъни башарият ҳаётда бир-бирларига адоват ва лушманлик қилиш, бир-бирининг қонини тўкиш, ҳуқуқларини поймол қилишга эмас, балки доимо ўзаро ёрдамда бўлишликка буюрилган:
وَتَعَاوَنُواْ عَلَى الْبرِّ وَالتَّقْوَى
Яъни: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг”. (Моида. 2)
Ҳа, бу чақириқ шунчаки ўйлаб топилган фалсафий мушоҳада эмас, балки айни илоҳий фармон эрур! Инсонларга доимо кўмакда бўлиш соф инсоний фазилат эрур. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаатлироғидур”.
Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида ҳам халқ олдида ҳар бир инсоннинг қарздорлигини таъкидлаб ўтган эди:
“Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ”.
Яна шундай деган:
“Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади.
Шу маънода, буюк Алишер Навоий бобомизнинг «Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами» деган сатрларида қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа бор. Яъни, бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб таъкидламоқда улуғ бобомиз.
Бу ўлмас сатрлар бизнинг бугунги ҳаётимиз билан, бизнинг орзу-интилиш ва амалий ҳаракатларимиз билан нақадар ҳамоҳанг экани одамни ҳайратга солади”.
“Мадина шаҳрининг ташқарисида ёши улуғ, кўзи ожиз бир кампир бор эди. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб ўша кампирнинг юмушларини қилиб келардилар. Бир неча кундан кейин, ўзларидан аввал кимдир келиб уй юмушларини қилиб кетаётганини пайқаб қоладилар. Буни аниқлаш учун таҳажжуд намозини ўқибоқ, бомдоддан олдин келиб кўрсалар ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу кўзи ожиз кекса онанинг уй юмушларини қилиб, уйни саромжонлаб, оҳисталик билан чиқиб кетаётган эканлар”.
Мана шундай тарзда саҳобалар яхшилик қилиш борасида мусобақалашар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ деган, яъни: “Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз”! (Бақара сураси, 147-оят). Шундай экан, охиратимиз учун захира бўладиган савобли ишларда мусобақалашайлик!
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туманидаги «Муҳаммадсолеҳ» жоме масжиди имом-хатиби
