Никоҳ биз учун Алоҳ таъолонинг амри. Никоҳ – шариат ҳукми. Никоҳ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ва барча пайғамбарларнинг йўли. Оила бахтли бўлиши учун шариат кўрсатмалари асосида барпо бўлиши керак. Шунингдек, миллий қадриятларимиз ҳам бахтли оила гарови. Чунки бизнинг миллий қадриятларимиз шунчаки аждодлари тажрибасигина эмас, Исломий таълимот маҳсулидир. Шунинг учун бизда ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.
Ҳаёт доим ҳам бир маромда бўлавермайди. Гоҳо ички низолар, гоҳо ташқи муҳит таъсири оила қўрғонининг деворларига зарба бериши бор. Ислом таълимоти асосида барпо бўлган оила, мушкулотларни ҳам исломий таълимот асосида ҳал қилиш керак. Ислом таълимотларига кўра, ҳар қандай оилавий келишмовчилик ва можароларни тинч йўл билан, оқилона ҳал этишга ҳаракат қилинади. Бунда оилада айниқса эрдан босиқлик ва ҳикмат билан иш кўриш талаб этилади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Нисо” сурасида айнан эрларга хитоб қилади:
﴿ وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا ﴾
яъни: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз ҳам, балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўпгина яхшилик пайдо қилииб қўяр”, – деган (нисо. 19).
Шу сабаб эр хотинини арзимас сабабли уриши у ёқда турсин, ранжитиши ҳам Қуръони каримнинг мазкур таълимотига зиддир! Беш қўл ҳам баробар эмас. Ҳаётда баъзи аёллар ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Бундай пайтда эр оилада ўз мавқеини сақлаши, хотинини талоқ билан қўрқитишга уринмаслиги, балки тартибга чақиришида Ислом дини кўрсатмасига мувофиқ йўл тутиши керак. Аллоҳ таоло Нисо сурасиниг 34-оятида шундай деган:
﴿ وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا ﴾ (سورة النساء/ الأية 34)
яъни: «Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда тарк этингиз, сўнгра уларни урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир» (Нисо сураси, 34-оят).
Ушбу ояти каримада аёлларни итоатсизлик ҳолатида тарбиялаш йўли таълим берилмоқда. Бунда эр уч босқичда аёлига тарбия бериши керак. Бирини амалга оширмай, навбатдагисини бажариши мумкин эмас. Бунда эр сабр-матонат билан, аввало ўзи ҳаётий намуна бўлиб, узоқ муддат насиҳат қилишда бардавом бўлади.
Эр ва хотин орасини ислоҳ қилиш учун икки тарафдан ақлли, тажрибали, турмушнинг паст-баландидан хабардор, Аллоҳдан қўрқадиган, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қиладиган кишилар бўлишлари керак. Шунингдек, ислоҳ қилгувчи шахслар эр хотинсиз, хотин эрсиз яшаши осон эмаслигини аввало ўзлари англаб етишлари ва мана шу нарсани “ажрашаман” деб турган эр-хотинга тушунтира олишлари лозим.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туманидаги «Муҳаммадсолеҳ» жоме масжиди имом-хатиби