Динимизда ибодатлар олдидан покланиш шарт ҳисобланади. Яъни намоз ва шу каби ибодатлар учун инсон таҳорат олиб ёки ғусл қилиб покланиши керак. Бу амаллар бизлар учун оддий ҳолатга айланиб қолган. Биз покланар эканмиз, бу ишни бизга Алоҳ субҳонаҳу ва таъоло буюргани учун ҳеч қандай муҳокамасиз адо қиламиз. Аслида ҳам шундай. Мўмин киши шариат аҳкомларини сўзсиз ва муҳокамасиз адо қилади. Бани Исроил қавми сигир воқеасида қайта-қайта савол берганлари каби, мусулмонлар бундай фитнадан узоқ бўлурлар.
Бироқ шундай бўлса-да, бу ибодатнинг замирига биз учун кўпгина дунёвий ва охиратли манфаатларни жо қилиб қўйган. Ҳатто олимлардан бири: “Дунё ғуслни эътироф этди. Бугунги кунда ҳамма ювинишни фойдали деб билади. Яқин йилларда таҳоратни ҳам фойдаларини билиб олишади” – деб Исломдаги покликка ва унинг саломатликка ижобий таъсирини юқори баҳолайди.
Олимлар намоз устида ҳам тажрибалар олиб боришган ва бир қанча илмий мўжизаларни исбот қилишган. Илмий тажрибаларга кўра сажда ҳолатида миянинг қон билан таъминланиши яхшиланади. Қаъдага ўтирганда танадаги энг яхши қон айланиши вужудга келади. Намоз давомида инсоннинг кўплаб аъзолари, бўғинлари ҳаракатланади ва фаоллашади.
Тиббий-илмий изланишлар оқибатида рўзанинг турли жисмоний ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилишда, уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги собит бўлди. Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайраларнинг ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.
Гоҳида руҳий изтироб ҳам овқатнинг инсон жисмига нотўғри таъсир қилишига олиб бориши мумкин. Ана ўша омиллардан рўза тутиш орқали сақланиш мумкин. Рўза тутган одам руҳий, ақлий истиқрорга эга бўлади. Чунки рўзадор одам иймоний муҳитда кўп ибодат, зикр, Қуръон тиловати қилиб, вақт ўтказади. Турли аччиқланиш, асабийлашиш, уруш-жанжаллардан йироқ бўлади.
Ҳозирги кунда рўза кўплаб беморликларни даволашда қўл келмоқда:
1. Семизликдан келиб чиқадиган қон томирларининг торайиши, қон босимининг ортиши ва баъзи юрак хасталикларини даволашда.
2. Қон айланишига оид касалликларни даволашда.
3. Бўғинларнинг сурункали шишини даволашда ва ҳоказолар”
Хулоса қилиб айтганда, рўзанинг 100 га яқин касалликларга даво бўлишини илмий исботини топган.
Шундай қилиб ихлос билан қилинган ҳар қандай ибодат соғлигимиз гарови бўлади. Биз у ҳикматларни билсак ҳам, билмасак ҳам, кўплаб фойдалар қўлга киритилади.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туманидаги «Муҳаммадсолеҳ» жоме масжиди имом-хатиби