Саломлашиш

Ҳар куни бирнеча маротаба истеъмол қиладиган саломлашишларимиз бизнинг онгимиз ва шууримизга шунчалар маҳкам ўрнашиб кетгнки, биз унинг моҳияти ҳақида далил ва исбот ҳам талаб қилмаймиз. Бу муборак калом исломий гўзал ахлоқ намунаси экнини гарчи китобда кўрмаган бўлсакда, қалбан ҳис қиламиз.

Дарвоқе, ғозирги кунда айнан юртимиз аҳолисининг истеъмолидан бўлган саломлашишнинг тўлиқ ва суннатга мувофиқи айнан юртимиз мусулмонлари орасида кенг ёйилган. Ҳатто биз билан бир жамиятда бир ҳаводан нафас олаётган ғайридинлар ҳам унинг истеъмолига кўникиб, ўзлари ҳам шундай саломлашишга ўрганиб кетганлар. Бу нарса ҳамма мусулмон диёрларида ҳам эмас. Бу ҳам бўлса аслий исломий ахлоқлар бизда сақланиб қолганидандир ва бунга ота-боболаримизнинг суннатга маҳкам бўлганликларидандир.

Инсонлар бир-бирлари билан саломлашишларининг тарихи жуда қадим замонларга етиб боради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

Аллоҳ таоло Одам алайҳис саломни  яратгандан сўнг у кишига: “Анави ўтирган фаришталарнинг олдига боргинда, салом бергин. Сўнг уларнинг сенга берадиган алигини яхшилаб эшитиб ол, чунки бу сен учун ва сендан тарқаладиган зурриётларинг учун саломлашиш бўлади!” – деди. Одам алайҳиссалом бориб, “Ассалому алайкум” – дедилар. Фаришталар: “Ассалому алайка ва раҳматуллоҳи!» – деб алик олишди. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Саломни “Ассалому алайкум” деб тўлиқ ва чиройли шаклда бериш лозим. “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб айтса янада яхши. Абу Умома Суҳайл ибн Ҳанифдан, у отасидан ривоят қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким “Ассалому алайкум” деса, унга ўнта яхшилик бор, ким “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ” деса, унга йигирмата яхшилик бор, ким “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ” деса, унга ўттиз яхшилик бор”, дедилар» (Имом Табароний “Муъжамул кабир”да ривоят қилган).

Бундан бошқа сўзлар билан салом бериш саломлашиш одобларига зиддир.

Бошқа дин вакиллари билан саломлашишга тўғри келиб қолса, уларнинг ўзини тилида саломлашилади. Агар ғайридин мусулмонга: «Ассалому алайкум», деса, унга алик олишда: «Ва алайкум» билан чекланилади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар сизга аҳли китоб салом берса, уларга: «Ва алайкум», денг», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш вожибдир. Икки мўмин бир-бирига дуч келганида, хоҳ таниш, хоҳ нотаниш бўлсин, салом беришлари савобли ишлардан ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Ҳорис разияллоҳу анҳу: «Агар бир киши бир қавмга салом берса, унга бир даража фазл бўлади. Агар қавм унга алик олмаса, фаришталар унга алик олишади ва у қавмни лаънатлашади», — деган.

Агар бир киши бошқа кишига бировдан салом айтиб юборса, ўртадаги одам саломни етказса, дарҳол жавоб бериш вожиб. Агар мактубда салом битилса, у ҳолда ҳам жавоб лозим бўлади. Баланд овозда салом берилади ва жавоб ҳам салом берувчига эшиттирилади.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туманидаги «Муҳаммадсолеҳ» жоме масжиди имом-хатиби