Ҳамжиҳатлик

Муқаддас динимиз кўрсатмаларида мўмин-мусулмонлар ўрталарида ўзаро риоя қилиниши керак бўлган ҳақ-ҳуқуқлар ва вазифалар белгилаб қўйилган. Шулардан бири – мўмин мўминга кўзгу бўлиши керак. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Мўмин мўминнинг кўзгусидир”  (Имом Абу Довуд ривояти).

Мўмин киши биродарини билиб-билмасдан қилган хатоларини чиройли йўллар билан кўрсатиб, унга насиҳат қилади ва тўғри йўлга бошлайди. Шунингдек, мўмин киши тилини ўз биродарини ғийбати ва обрўсини тўкишдан тийиши лозим. Зеро Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан қайтарганлар:

“Киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳ рози бўладиган сўзни айтиши мумкин. Бу билан Аллоҳ унинг жаннатдаги даражасини кўтаради. Шунингдек, киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳни ғазаби келадиган сўзни гапириб қўйиши мумкин. Бу билан  Аллоҳ уни жаҳаннамга тушуради” (Имом Бухорий ривоятлари).

Яна мўмин кишининг қалби бошқаларга нисбатан ҳасад, гина ва  адоватдан холи бўлиши лозим. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай деганлар:

“Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, таножуш қилманглар (яъни, сотиб олиш қасди бўлмаган ҳолда бошқа бировни қизиқтириш учун бирингиз бошқа бирингизнинг молини ошиқ нархда сўрамасин), бир-бирингизга адоват қилманглар, бир-бирингиздан юз ўгирманглар, бирингиз бирингизнинг савдоси устига савдо қилмасин, ўзаро биродар бўлинг, эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз қўймайди, уни камситмайди. Тақво мана бу ерда –муборакқалбларига ишора қилиб, уч марта шундай дедилар. Мусулмон биродарини камситиши кишининг ёмонлигига кифоядир. Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва номуси мусулмонга ҳаромдир” (Имом Муслим ривоятлари).

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи фуқаролар, айниқса ўспирин ёшлар ўзини мусулмон биродарига душманчилик ёки жоҳиллик қилиб, ҳар хил совуқ қуроллар билан бир-бирини жонига қасд қилмоқда ёки тан жароҳатлари етказмоқда. Ваҳоланки, мусулмон бошқа мусулмонга қурол билан ҳамла қилиши ёки қурол кўтариши асло мумкин эмас ва динимиз буни қаттиқ қоралайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

“Ким бизга қурол кўтарса, у биздан эмас” (Имом Бухорий ривоятлари).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

“Бирортангиз биродарига қурол ўқталмасин! Зеро, у билмайдики, Шайтон қуролни унинг қўлидан чиқариб юборса, у Дўзахнинг бир чуқурига тушиши мумкин” (Имом Бухорий ривоятлари).

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, жанжаллашган икки мусулмонни ўртасини ислоҳ қилганга ҳам жуда катта ажру мукофотлар ваъда қилинган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар:

“Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ амални хабарини берайми? Шунда саҳобалар:

“Ҳа”, – дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом:

“Ўртани ислоҳ қилиш”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туманидаги «Муҳаммадсолеҳ» жоме масжиди имом-хатиби