Муқадас динимиз кўрсатмаларида башариятнинг беш жиҳатини муҳофаза қилишлик таъкидланади. Булар:
- Инсон динини муҳофаза қилиш.
- Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
- Инсон наслини муҳофаза қилиш.
- Инсон соғлигини муҳофаза қилиш.
- Инсон молини муҳофаза қилиш.
Хусусан инсон соғлигини муҳофаза қилиши ҳам динмизнинг асосий йўналишларидан бири саналади. Инчунун, инсоннинг соғлиги зарар етказадиган ҳар қандай иллат – у маст қилгувчи ичимлик бўладими, гиёҳванд модда бўладими ёки қандай омил бўлишидан қатъий назар, шариатимизда тақиқланади.
Жумладан, гиёҳвандлик қадимдан мавжуд бўлган эса-да, кейинги асрларда бутун онаи заминга кенг тарқалган иллатларнинг хатарлироғи бўлиб турибди. Шунинг учун гиёвандликка қарши курашиш нафақат бир жамиятнинг, нафақат Ислом оламининг, балки ер юзидаги бутун жамиятчиликнинг долзарб вазифасидир.
Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Бироқ саломатлик каби илоҳий неъматни гиёҳвандлик балосига мубтало бўлганлар қадрига етишлари мушкул ишдир. Зеро, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.
Гиёҳвандлик иллати бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Турли соҳа мутахассислари ушбу ижтимоий муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Гиёҳвандликка қарши курашиш юзасидан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг барчаси инсониятни, хусусан ёш авлодни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ташвишида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Тарихий маълумотларга кўра, гиёҳвандлик, афюн истеъмол қилиш милодий ўн учинчи асрда мўғуллар истилоси чоғида улар томонидан дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқатилган. Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, руҳан ва жисмонан заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.
Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар келтиришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашган. Гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кўз юмиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса, инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир. Шифокорларнинг таъкидлашича, гиёҳвандлар ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан жуда ҳам тез қарийди. Гиёҳвандликка муккасидан кетиш охир-оқибат инсоннинг умрига зомин бўлади.
Динимиз таълимотларида ҳам инсон ҳаёти, соғлиғига зарар берадиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддани, у маст қилувчи ёки кайф қилувчи бўлишидан қатъий назар, зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан мутлақо қайтаради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир кайф берувчи моддани тановул қилишдан қайтарганлар.:
» نَهَى النبى صلعم عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَ مُفَتِّرٍ «
Маълумки, уламоларимизнинг айтишларича, мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик-бангилик шаръан ҳаром эканлигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам уларни истеъмол қилиш шаръан ва қонунан жоиз эмас.
Аллоҳ таборака ва таоло калми Қадимда марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُواْ مِمَّا فِي الأَرْضِ حَلاَلاً طَيِّباً وَلاَ تَتَّبِعُواْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ
Яъни: “Эй инсонлар! Ердаги нарсалардан покиза ҳалол ҳолатда енглар! Ва Шайтоннинг изларига эргашманглар! Албатта, у сизларга очиқ душмандир”. (Бақара. 168)
Иминов Муҳаммадсобир. Асака туманидаги «Ҳазрат Умар» масжиди имом-хатиби
