Билол разияллоҳу анҳу

Билол ибн Рабоҳ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга энг муҳаббатли саҳобалардан. Аслидан ҳамма саҳобалар ҳам муҳаббатли бўлган эсалар-да, Билол разияллоҳу анҳунинг муҳаббати алоҳида эътиборга сазовор эди. Тўлиқ исми Абу Абдулло Билол ибн Рабоҳ ал-Ҳабаший. Туғилган йили аниқ эмас, мелодий 641 йилда вафот этган. Қабри Дамашқда.

Билол разияллоҳу анҳу Ислом тарихидаги биринчи муаззин сифатида машҳурдир. Баланд, ширали, таʻсирли овозга эга бўлган. Асли ҳабашистонликМаккада исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган қуллардан. Хожаси Умайя ибн Ҳалаф исломдан воз кечишни талаб этиб, Билолга тоқат қилиб бўлмас азобларни берган. Шунда Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Билолни Умайядан сотиб олиб, озод қилиб юборган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинага ҳижрат қилган. 

622-йил Мадинада оммавий азон айтиш жорий этилганда у биринчи бўлиб баланд овози билан мусулмонларни намозга чорлаган ва бир неча йил давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга муаззинлик қилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан сўнг Шомда яшаган ва ҳазрат Ҳусайн илтимосига кўра Мадинага келганида бир бор бомдод намозининг  азонини айтган, деган ривоят бор.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбани бутлардан тозалаганларидан сўнг ҳазрати Билол азон айтар эдилар. Муҳаббатлари чексизлигидан Пайғамбаримиз вафотларига дош бера олмай, Мадинани тарк этишга мажбур бўлди. Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳазрати Билолга ёнларида қолишни айтганларида, Ҳазрати Билол:

“Агар сиз мени Аллоҳнинг розилиги учун озод этган бўлсангиз, мени хохлаган томонга кетишимга рухсат беринг; ўз нафсингиз учун озод қилган бўлсангиз мени ёнингизда қолдиринг!” дедилар. Шунда ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу у зотга:

“Хохлаган томонга кетишингиз мумкин” деганларида Шом ва унинг атрофларига томон йўл олдилар. 

Ҳижратнинг ўн олтинчи йилида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шом ва Фаластинга борганларида, Ҳазрати Билол кутиб олиш учун Жабияга (ўша ердаги макон номи) келдилар. Шу ердан халифа ҳазрати Умар билан бирга Қуддус томон йўл олдилар ва Қуддусни биргаликда фатҳ қилди. Росулуллоҳ саллоллоху алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг хеч азон айтмаган Ҳазрати Билолдан халифа Умар розияллоҳу анҳу азон айтишларини илтимос қилди. Халифанинг бу илтимоси рад этолмай хазрати Билол азон айтдилар. Азонни айтишлари билан халифа хазрати Умар розияллоху анху ва саҳобалар росулуллоҳ даврлари кўз олдиларига келди. У ерда бўлганлар, оламларга раҳмат қилиб юборилган зот билан бирга ўтказган кунларни ёд этиб кўз ёши тўкиб йиғлай бошладилар.

Бир кечкурун ҳазрати Билол росулуллоҳни туш кўрдилар. Пайғамбаримиз худди хафа бўлгандек: “Эй Билол, бунчалик айрилиқ етмадими?  Келиб қабримни зиёрат қилмайсизми” дедилар. Юраклари тўхтаб қоладигандек бўлди. Ҳаяжон ва тер ичида уйғондилар. Дарҳол таёргарлик қўриб, эрта тонгда озғин ва узун бўйли туялари билан муборак Мадина-и Мунаввара томон йўл олдилар.

Якка-ю ягона Хабибига яқинлашган сари Мадина ҳавосини ҳидлаб, тоғ-у тошларни силаб кўз ёши тўкар эдилар. Чўл-у биёбонларни  узоқ кезиб ниҳоят Мадинага етдилар. У кишини кўрган кишилар салом берар: “Қаранглар Росулуллоҳни муаззинлари Ҳазрати Билол келияптилар. Дунёда у киши каби азон ўқийдиган йўқ” дер эдилар. Аммо бу гапларнинг бирортасини эшитмас, йўлида давом этиб тўғри Росулуллоҳнинг қабрларига борардилар.

Етиб келгач Қуръон Карим тиловат қилдилар ва ҳушдан кеттиб йиқилдилар. Ўзларига келганларида бошлари тепасида суюкли Пайғамбаримизнинг икки набиралари, ҳазрати Ҳасан ва ҳазрати Хусан розияллоҳу анҳулар ўтириб сочларини силар эдилар. Уларни кўргач бир-бирлари билан қучоқлашиб йиғлашдилар.

“Болаларим! Сизлардан бобонгиз ҳазрати Росулуллоҳни ҳидлари келади” дедилар. Шунда ҳазрати Ҳасан:

“Бобомиз ҳам сизни жуда яхши кўрардилар. Агар сиздан бобомиз Росулуллоҳ хурматлари учун бир нарса истасак қиласизми?” ҳазрати Билол таажжубланиб:

“Бу қандай ҳол болам? Сиз бу қулингизга  нимани буюрсангиз қилади” деганларида. Ҳазрати Ҳасан:

“Сиздан бир бор азон айтиб беришингизни истаймиз, орзуимиз шу эди” деди. Эртаси кун бомдод намозида Ҳазрати Билол розияллоху анху Масжид-и Набавияда сўнги азонларини ўқидилар. Бағрини Росулуллоҳнинг соғинчи, ҳасрат ўтида куйиб ёнаётган юрагидан чиқаётган азоннинг “Аллоҳу акбар Аллоҳу акбар” лафзини эшитган Мадина аҳли ўринларидан туриб ҳазрати Биололни овозларини таниб, масжид-и Набавий томон югуришди.

“Ашҳаду анна Муҳаммадан Росулуллоҳ” деганларида ўзларини тута олмай аччиқ-аччиқ йиғлаб жуда машаққат билан азонни якунлади.  Мадина кўчалари аёл-эркак,  ёш-у қари ҳатто касаллар ҳам ўринларидан туриб масжид-и Набавий томон келиб Росулуллоҳни ҳаёт деб уйлашганди. Ушбу кунгидек азон бошқа айтилмади. Ҳазрати Билол ҳам бошка азон айтмадилар.

Муҳаммадийхон Ҳожиев. Асака т. «Мирзахолиқ ота»  жоме масжиди имом хатиби

Фойдаланилган манбалар: википедия ва naqshband.uz