Ҳаёсизлик истилоси

Ҳаё инсоннинг кўрки. Ҳаёли инсон ҳар қандай миллат ва элатда ҳам, ҳар қандай динда ҳам қадр топади. Инсон ҳаё либосига бурканмас экан, уни ҳеч қандай безак гўзал қила олмайди. У инсоннинг юзига латофат бахш этади.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

ما كان الحياء في شيء إلا زانه ولا كان الفحش في شيء إلا شانه

“Ҳаё нима нарсада бўлмасин, уни албатта зийнатлайди. Фаҳш эса, нима нарсада бўлмасин, уни албатта шарманда қилади”. (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам:

الإِيمانُ بِضْعٌ وستُّونَ شُعْبَةً والحَياءُ شعْبةٌ مِنَ الإِيمَانِ

“Имон олтмишдан неча шўъбадир. Ҳаё имондан бир шўъбадир” дедилар. (Имом Бухори ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кoмил имoнни сифатлаб, уни шoxлари вa ҳoсили кўп дaрaxтгa ўxшaтдилaр. Чунки дарахтнинг қадр-қиммати шохлари ва меваси биландир. Имоннинг энг олий даражаси “Ла илаҳа иллаллоҳ”, энг қуйи поғонаси йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлашдир.

Имоннинг асоси тасдиқ ва иқрор бўлганидек, дарахтнинг негизи танадир. Шox-бутоқлaри йўқ дарахт мeвa ҳам, соя ҳам бермaйди. Имoн биргина тaсдиқ ва иқрордан иборат бўлса, худди дaрaxтнинг тaнaсига ўхшайди. Ундай дaрaxтда на соя, на ҳoсил йўқ.

Ҳадиси шарифда имоннинг шўъбаларидан айнан ҳаё зикр қилинди. Зеро, у бaрчa фaзилaтлaрнинг боши ва имоннинг қолган бўлакларига ундовчи сифатдир.

Ҳаё икки хилдир: туғма ва касб қилинадиган. Ҳадиси шарифда айнан касб қилинадиган ҳаё назарда тутилган. Чунки туғма ҳаё инсон табиатида бор. Қачон киши касб қилинган шармни ўзига сингдира олса, у бора-бора табиий ҳаёга айланади.

Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўрнакдирлар. У зоти бобаракотда ҳаёнинг икки тури ҳам мужассам эди. Туғма ҳаёда чимилдиқдаги қиздан ҳам шармлироқ, касб қилинадиганида эса, энг юқори мақомда эдилар. Буюк саҳобалардан ҳaзрaт Усмoн разияллоҳу анҳу ҳам жуда ҳаёли бўлганлaр. Ҳатто у зотдан фaриштaлaр ҳам уялгaн.

Бизлар асли шарму-ҳаёда дунёда ибрат бўлган зотларнинг наслларимиз. Бугунги аҳволимиз қандай?

Кўчага боқинг – на мусулмончиликка, на урфу-одатга тўғри келмас кийимлардаги йигит ва қизлар…. десам, кап-катта эркак ва хотинлар кимлар?

Мусулмоннинг боласими?

Уларнинг отаси йўқми? Онаси йўқми? Акаси йўқми?

Аксарияти отаси ҳам, онаси ҳам, акаси ҳам бор. Унда нима етишмайди, биласизми?

Биздаги – мендаги, сиздаги имон қуввати етишмайди.

Натижада ҳаёсизлик бизнинг дорвозамизни ҳам очишга улгурди.

Ҳадеб Европа маданияти деймиз. Лекин нима учун мусулмонлар бу маданиятсиз “маданият”ни қучоқ очиб кутиб олишди?

Ҳали яҳудийларга, ҳали бошқаларга айбни ағдариб ташлаймиз. Бу билан уларнинг шаънини ўзимиз билмаган ҳолда кўтариб қўямиз. Савол бермаймизки, ҳўп, улар шундай фитна қилса, мусулмонлар шунчалар лаққими?

Йўқ. Бу ҳаёсизликлар учун ўзимиздан бошқа ҳеч ким деярли жавобгар эмас. Бўлганда ҳам, биздан масъулият олиб ташланди, дегани эмас бу.

Яхши ҳамки ҳукуматимиз томонидан одоб ва ахлоқ меъёрлари назорат қилиб турилади. Бўлмаса бундан баттар бўлур эди.

Неча йиллар аввал ишланган кино ва клиплар билан бугунги кундагини таққослаб кўрсангиз, анчагина тартиб ўрнатилганига шукур қиласиз.

Лекин бизнинг эътиқодимиз тақозоси қани?

Биз – шундай улуғ аждодлар зурриётлари ўзимизга муносиб йўлни нега ихтиёр қилмаймиз?

Инсоннинг ўз ҳолига ташлаб қўйилса ва ҳеч ким бировнинг мушугини “пишт” демаса, бутун томорқалар пайҳон бўлиши тайин. Шунинг учундирки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга амри-маъруф ва наҳйи мункарни фарз қилди. Муайян шахсларгагина эмас, балки ҳар биримизга фарз қилди.

Биз эса ўша фарз амалга риоя қилмаганимизнинг касофатига аҳли-аёлимиз билан зарурат юзасидан кўчага чиқсак, атрофдаги шармсизликлардан манзилга зўрға етиб оламиз.

У томонга қаранг – бир барзанги тиззасини очиб ўтирибди. Бу томонга қаранг – яна бошқаси оёқлариниг тукларини кўрсатиб ўтирибди. Қўллари билан ўша тукларни силаб ўтиришади ҳам. Уларнинг орасидан аҳли-аёлимизни олиб ўтиш қанчалик машаққат эканлигини қалбида имон қуввати бўлмаган инсон қайдан билсин.

Улуғбек қори Йўлдошев

Телеграмм маълумотларидан фойдаланилди