Ношукур бўлманг. Чунки шукрона қилишлик неъматнинг бардавом ва зиёда бўлишининг гаровидир. Ҳақ таоло Иброҳим сурасида марҳамат қилади:
لَئِن شَكَرْتُمْ لأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ {إبراهيم/7}
Яъни: “Агар шукр қилсаларингиз, албатта зиёда қилажакман. Ва агар куфрона қилсангиз, шубҳасизки, азобим қаттиқдир!” (Иброҳим. 7)
Шунингдек, “Бақара” сурасида шундай марҳамат қилади:
فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُواْ لِي وَلاَ تَكْفُرُونِ {البقرة/152}
“Бас Мени эслангизлар, Мен ҳам сизларни эслай. Ва Менга шукр қилингизлар, куфрона қилмангизлар”. (152 — оят).
Банда доимо шукронада бўлиши керак. Ақл ҳам шуни тақозо қилади. Атрофингизга боқинг – ҳаммаёқ неъматларга тўлиб-тлшиб ётибди. Энг аввало кўзингиз кўряпти. Рангларни ҳам ажратяпсизми?
Паст-баланднинг фарқига боряпсизми?
Шу орада кўзингиз пирпираб, намланиб турибдими?
Кўзингизни очишга қувватингиз етдими?
Бўйнингизни буришга имкон бўлдими?
Ёруғлик билан қоронғулик фарқланяптими?
Кўрган нарсаларингизни миянгиз қабул қиляптими?
Энди кўзингизни юминг. Бир баҳя кўрганларингиз аксланяптими?
Ўнгга боқинг, чапга боқинг.
Булар ҳаммаси биргина нигоҳдаги, бир фурсатда бизнинг хаёлимизга келган фикрлар.
Ундан ташқари ҳид билиш, там билиш, юриш, туриш, ўтириш…
Қайси бирини санай? Ҳолбуки Аллоҳ таоло Қуръони каримда неъматларни санаб адоғига етаолмаслигимизни айтиб қўйган бўлса?
وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَةَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا إِنَّ اللّهَ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ
Яъни: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир”. (Наҳл. 18)
Нимага ношукурлик қиласиз?
Нима, таҳоратингизга ярамай қолдингизми? Биров сизга қарашиб зардалар қилиб қўйяптими?
Шунча саноқсиз неъматлар узра муаммолар нечта?
Ёки неъматнинг саноғидан мусибатларнинг саноғи ортиб кетдими?
Ундай бўлиши ҳақиқатга хилофдир. Бир оз кўргилик келган бўлса, шунча саноқсиз неъматлар ичида туриб саноқли мусибатдан нолигани уялмайсизми?
Уялиш керак. Ношукур бўлманг!
Улуғбек қори Йўлдошев
