Кечиримли бўлиш

            Ҳозирги кунда арзимас ва беҳуда майда-чуйдаларга бир-биридан хафа бўлиб, арзлашиб юришлар кўп учраб туради. Уларни ислоҳ қилмоқчи бўлиб ўртага тушсангиз, қаттиқ хафа бўлганлигини пеш қиладилар. Кечириб юборишга сира кўнмайдилар. Мабодо зўрға кўндирсангиз ҳам ўша «хафа қилиб қўйган» кимсага осмон бўйлик шартлар қўйиб олади. Ҳузурига келиб ундай, бундай деб ялиниб кечирим сўрашлигини талаб қилади. Ўткинчи дунё матоҳлари учун Худони ўртага қўйиб қарғаб юборишлари-чи!

            Кўпинча ака-ука ёки яқин қариндошлар ўртада Аллоҳ таоло боғлашликка буюрган қариндошлик алоқаларини узиб қўяди. Шу даражага борадиларки,  фарзандларидан бирортаси улар билан яхши муомалада бўлсалар, улардан ҳам кечиб юборишга тайёр турадилар. Ўртада бошқа қариндошлар ҳам ҳижолат. Унга борса – буниси аразлаб олган, бунга борса – униси!

            Маҳалла катталари ва фаоллари ўртага тушиб муросага солишига тўғри келади. Бу – яхши, албатта. Аммо ёмони шуки – тўй қилган куни бир амаллаб яраштириб қўйса, кейинги тўйда яна аразлаб ўтирволади!

            Эй инсон боласи! Нима, маҳалла фаолларига сенинг ортингдан ялиниб юришдан бошқа иш йўқми?!

            Инсофга чақирсангиз униси ҳам, буниси ҳам бир олам важ-карсон кўрсатиб ўз дардларин тўкиб солишади.   Суриштирсангиз, аслида бунчалик хафа бўлишга арзигулик гап йўқ. Ўртада мол-дунё сабаб бўлса, бу – ўткинчи нарса. Нафсоният учун бўлса – буни ҳам кечириб юборса бўлади-ку!

Салама ибн ал-Акваъ разияллоҳу анҳу ривоят қилинади:

«Мен Мадинадан чакалакзор томонга қараб юриб чиқдим. Тўқай орасидан ўтган сўқмоққа етганимда Абдурраҳмон ибн Авфнинг ғуломи рўпарамдан чиқиб қодди. Мен унга:

— Шўринг қурсин, сенга не бўлди, — дедим. У:

— Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соғин туяларини ўғирлаб кетишди, — деди. Сўрадим:

— Ким ўғирлади?

— Ғатафон ва Фазора қабилаларининг кишилари.

Шунда Мадинанинг икки тоғи оралиғидаги одамлар эшитадирган қилиб:

— Ё сабоҳоҳ!» — деб уч бор қичқирдим. (Араблар одатига кўра тонгда бирор ташвиш бўлса, шундай ҳайқирадилар) — Сўнг, қадамимни тезлатиб, туяларини ҳайдаб кетаётган ўғриларга етиб олдим. Уларга камонимдан ўқ уза бошладим. Нуқул: «Мен Ибн ал-Акваъман, бугун пасткашлар ўладирган кундур!» — дер эрдим.

Улар сув ичишларидан бурун туяларни қутқариб олдим. Сўнг, туяларни ҳайдаб ортимга қайтдим. Йўлда менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлиқдим. Мен ул зотга:

— Эй Аллоҳнинг расули. ўғриларни сув ичгани ҳам қуймадим. Мени уларнинг ортларидан юборсангиз эди — дедим. Ул зот:

«Эй Ибн ал-Акваъ, уларни енгибсан, етади. Энди уларга раҳмдил ва бўл. Ҳолбуки, Улар аллақачон ўз қабилалари ҳузурига етиб олиб, меҳмон қилинаётирлар, — еддилар. (Имoм Буxoрий)

Ибн Мaсъуд разияллоҳу анҳудaн ривoят қилинaди:

“Рaсулуллoҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб тургaндекмaн. У зoт нaбийлaрдaн бири ҳaқидa ҳикoя қилиб:

«У нaбийни қaвми уриб, юзлaрини қoнaтиб юбoрди. У эсa юзлaридaн қoнни aртиб: «Aллoҳим, қaвмимни кечиргин. Чунки улaр билмaсдaн oзoр беришди», деди», дедилaр”. (Имoм Буxoрий вa Муслим ривoятлaри)

Улуғбек қори Йўлдошев