Ривоят қилинишича қадим замонда бир ота ўғлига туя сотиб олмоқчи бўлиб бозорга чиқди. Бир қанча туяларни кўришди, шулар ичида бир чиройли туя турибди, бошқа туяларга қараганда нархи анча эрзон эди. Ўғил шу туяни танлади. Отаси сотгувчидан нега бу туянинг нархи арзонлигини сўради. У жавоб берди:
- Бу туяни туққан она туя кўлмакни кўрса ётиб олар эди.
Ота айтди:
- Ўғлим, бу туя сафарга ярамайди. Она туя каби кўлмакни кўрганда ётиб олса, машаққатда қоласан.
- Йўқ, мен шу туяни оламан! Буни туққан туянинг камчилиги бўлса, мен буни ўзим тарбия қиламан, — деди ўғил.
- Қўй, болам. Туя барибир онасига тортади, — ўғлини қайтарди ота. Бироқ ўғил қайсарлик қилиб туриб олди. Натижада ота шунга кўнишга мажбур бўлди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб, ўша ўғилни уйламоқчи бўлди. Келин исташди. Қўшни маҳаллада гўзалликда ва оқилаликда машҳур қиз бор эди, йигит шунга уйланмоқчи бўлди. Ота суриштириб кўрса қизнинг онаси хиёнаткор бўлган экан. Улар яшаган қавмнинг бир одати бор эди. Аёл зино қилса унинг эри ҳам жазога тортилар эди. Шунинг учун ўғлига бу қизни муносиб кўрмади.
- Қўй болам, буни деб ҳаётингни таҳликага солма, — деди.
Бироқ бу сафар ҳам ўғил қайсарлик қилиб:
- Онаси хиёнат қилган бўлса ҳам, қизи яхши тарбия топган оқила экан. Мен шу қизга уйланаман! – деб туриб олди.
Ниҳоят унга уйланди. Вақти келиб йигит савдогарлик учун сафарга чиқди. Савдолари яхши бўлди. Ҳамма ишлари жойида. Фақат уйга қайтиш вақтида йўлда бир кўлмак сув чиқиб қолган эди, туя ўша жойда ётиб олди. Йигит ҳар қанча уринмасин тургиза олмади. Шунда отасининг насиҳати нақадар тўғри эканлигини ҳис қилди. Атрофидаги шерикларига қараб:
- Эй биродарларим! Сизлар гувоҳ бўлинглар, мен хотинимни уч талоқ қўйиб юбордим! – деб эълон қилди.
Ниҳоят бир амаллаб туяни ўрнидан тургизиб йўлга тушди. Юртига кириб келса, уни миршаблар кутиб турган экан. Сабаби – хотини зино қилган, ўша даврдаги шу юрьт қоидасига кўра уни ҳам қўшиб жазолаш керак эди. Йигит зино қачон бўлганини сўради. Улар вақтни айтишди.
- Алҳамдулиллоҳ! – деди йигит, — Мен ундан аввалроқ хотинимни талоқ қўйган эдим!
- Гувоҳларинг борми? – сўрашди миршаблар.
- Ҳа, мана шу жамоат!
Вақтида эсини йиғиб қолган йигит жазодан қутулиб қолди.
Улуғбек қори Йўлдошев