Ширмой нон

(интернет ҳикоялари)

Эр ва хотин ўттиз йил бирга ҳаёт кечирди. Ўттиз йиллик ҳаёти давомида аёл ҳар куни эрталаб ширмой нон ёпар эди. Ширмоннинг чекка қисми ёғли бўлганлигидан бу эримга муносиброқ, деган фикрда доимо ўрта қисмини ўзига олиб қолиб, чеккасини эрига тақдим қилар эди. Ўттиз йил давомида шу одатни тарк этмади. Мана энди ўттиз йил бахтли ҳайт кечирганларининг тонгида  аёл одатдагидек ширмонни кесиб, ҳар икки қисмига ҳам сариёғ суртди-да, ёғли қисмини эрига бераётганида бирдан ўйланиб қолди:

“Бирга яшаганимга ўттиз йил бўлди. Шу давр мобайнида ширмой ноннинг мен яхши кўрадиган седанали, қизариб пишган тепа қисмини ўзим ейишни хоҳлаб турсам-да, эримнинг ҳурматидан истагимдан воз кечдим. Шу кунгача эрим учун намунали аёл бўлдим, солиҳ фарзандларни тарбия қилдим, қариндошларини иззат, дўстларини ҳурмат қилиб келдим. Вафодор, яхши бека бўлиб, уй-хўжалик ишларига қарадим, оиламиз учун қанча-қанча куч ва соғлигимни сарф қилдим. Мана энди ширмой ноннинг ёғли қисмини ейишга менинг ҳам ҳаққим бордир”.

Шундай қилиб ўттиз йиллик анъанани бузиб, ширмой ноннинг ўрта қисмини эрига узатди. Ўзининг беодоблигидан бир оз хижолат ҳам бўлди. Бироқ нафс устун келди.  Аммо кутилмаганда эр қувониб, юзлари ёришиб, аёлига табассум ҳадя қилди ва:

  • Азизам! Бугун менга қимматбаҳо совға тақдим этдинг. Буни қарагин, мен ширмой ноннинг ўрта қисмини яхши кўрар эдим. Ўзим яхши кўрган қисмини емаганимга ҳам ўттиз йил бўлди. Бу қисмини ҳар эрта ейишни хоҳлар эдим, лекин  ширин бўлган ўрта қисми сенинг ҳаққинг бўлганлиги ва мен сенга ҳар доим яхшисини илинганим учун буни айтишга, сўрашга ботина олмас эдим. Мана бугун ажойиб кун бўлди!

Аёл юзлари қизара ерга қаради. Эрининг қандоқ ҳам мурувватга тўла инсон эканини ҳар доимгидан ҳам кўра кўпроқ ҳис қилди. Аллоҳ таоло шундай инсонни унинг тақдирига битиб қўйганидан бутун вужуди шукрона туйғусига тўлди.

Улуғбек қори Йўлдошев