Мўмин-мусулмон киши лафзида ва аҳдида турмоғи лозим. Инчунун, ҳозирги ҳаёт глобаллашган даврда бутун инсониятга ўрнак бўлиши керак. Шунчалик гўзал ахлоқ ва одобда бўлиш керакки, мусулмон бўлмаган инсонлар ҳам мўминлардан хотиржам бўлсин ва ибрат олсин. Зеро тарихда мусулмонлар аҳдига ва лафзига шунчалар вафо қилганларки, ҳатто душманлар ҳам уларнинг бир оғиз лафзига тўла ишонган.
Жумладан, тарих манбаларига кўра мусулмон қўшинлари Форс юртидаги Сус шаҳрини қамал қилишди. Қамал бир неча кун давом этганидан кейин кутилмаганда гўё ҳеч қандай уруш бўлмаганидек шаҳар аҳолиси қалъа дарвозаларини очиб қуролларини тақмасдан бамайлихотир бозорларига чиқа бошладилар. Мусулмонлар бу ҳолни кўриб ҳайрон қолдилар ва сабабини сўрадилар.
Улар жавоб беришди:
“Сизлар бизларга берган омонликларингизни қабул қилдик. Шунинг учун бизларни зарар етказмайсизлар деб бемалол чиқавердик”.
Мусулмонлар:
“Бизлар ундай қилганимиз йўқ!” дейишди. Улар яна:
“Бизлар алдаётганимиз йўқ” дейишди.
Шундан сўнг мусулмонлар бир-бирларидан бу ҳақда суриштира бошладилар. Қарасалар Муктафо исмли бир қул уларга омонлик хати ёзиб берган экан.
Шунда мусулмонлар на ўзига, на бошқага молик бўла олмаган бир қулнинг омонлик хатини тан олишмади. Форслар эса сўзларида туриб қолдилар.
“Бизлар сизларнинг ҳурларингиз билан қулларингизнинг фарқига бормасак. Бизга омонлик келди, шунга эътимод қиламиз ва шуни қабул қилдик. Энди бу ёғи сизларнинг ишларингиз. Хоҳласаларингиз аҳдингизга хиёнат қилаверинглар, аммо биз уни алмаштирмоқчи эмасмиз”, дейишди.
Мусулмонлар уларга нисбатан на уруш оча олмай, на улардан юз ўгира олмай туриб қолишди. Охири мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуга хабар юборишди. Умар разияллоҳу анҳу жавоб берди: “Аллоҳ таоло вафони улуғлаб қўйди. Аҳдга вафо қилинглар!”
Мусулмонлар Умар разияллоҳу анҳуга итоат қилиб уларга омонлик беришди ва ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилишди. Бир оддийгина қулнинг хати бутун шаҳарнинг озод бўлишига сабаб бўлди. Бутун мусулмон жамоаси биргина қулнинг лафзига жавоб қилишди. Биз эса ўзимизнинг лафзимизга ҳам жавоб бера олмай қолмоқдамиз.
Улуғбек қори Йўлдошев