Вақт неъмати

Вақт биз учун Аллоҳ таоло ҳадя қилган улуғ неъмат. Лекин унинг қадрига кўп ҳам етавермаймиз. Аслида ҳам неъматнинг қадрини фақат ўша неъматдан мосуво бўлганларгина кўпроқ етади. Айтибдиларки, ғафлатда ўтган банда қабрида ётар экан: “Қани энди бир лаҳза жон ато этилса-ю, бошимни кўтарсам, бир бора “Раббим аллоҳ!” десам, жон таслим қилсам майли эди” дер экан.

Тарихлардан маълумки, динимиз қисқа юз йил давр мобайнида бутун дунё бўйлаб таралган. Бутун жаҳон халқлари маънавияти ва маърифати ривожланишига ҳам Ислом дини сабаб бўлган. Тарих манбаларига қараганда мусулмонларда жамоат ҳаммомлари йўлга қўйилиб, совун ва бошқа покланиш воситалари кенг йўлга қўйилган даврда Европа халқлариннг кўпи ҳали ювинишни билмас эди.

Бутун жаҳон тамаддунига Ислом қанчалар асос бўлганини, бу йўлда қанчалаб буюк шахслар сабабчи бўлганини айтаверсак, тугата олмаймиз. Тиббиёт соҳасида Ибн Сино деймизми, математика соҳасида Ал-Хоразмий деймизми, Беруний деймизми, ҳаммаси ҳам дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган инсонлар. Биз улар билан фахрланамиз, доимо уларнинг авлдоди ёки ватандоши ёҳуд диндоши эканлигимиз билан мақтанамиз, бироқ ҳолимизга қарасак, ўзимиздан уяламиз. Негаки бизлар шунча мақтанганимизга яраша, фахрланганимизга яраша нима иш қилиб қўйдик?

Биз улар билан фахрланганимиз каби улар ҳам биздек авлодлари борлигидан хурсанд бўлгулик нима қила олдик?

Имом Бухорий деймизми, Термизий деймизми, Насафийлар, Самарқандийлар…

Уларнинг қолдирган маънавий мерослари инсон зотини хайратга соларлик.

Шу ўринда савол пайдо бўлади – биз ҳам ўшалардек буюк асарлар муаллифи бўла оламизми? Улардек бебаҳо мерослар қолдиришимизга имкон борми?

Биз уларчалик бўлишимизга ўзимиз ҳам ишона олмаймиз, лекин уларнинг йўлидан юра олсак ҳам катта ютуқларга эришар эдик. Бир томондан қараганда биз ҳам улардек инсон фарзандларимиз. Бизда ҳам улардек ақлу камолот, фаҳму идрокдан насиба бор. Ҳатто илмий асарлар ёзиш учун уларга нисбатан имконият жуда ҳам ортиқ. Фақат бир нарса етишмайди – вақт қадри!

Улар ҳар бир лаҳза ва сонияни ғанимат билганлар. Натижада қисқа умр давомида кўплаб асарлар қолдиришга улгуришган. Биз эса, кўча-кўйда беҳуда гурунглашиб, на дунёлик ва на охиратлик учун фойдаси бўлмаган иш ва кўнгилхушликлар билан оворамиз.

Қаранг, улар нима қилганлар:

– Муҳаддис, фақиҳ Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг қисқа умри (40 йил) давомида 500 та китоб таълиф қилган.

– Муҳаддислар султони Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) илм сирлари билан қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадис тўплаганида, эндигина 16 ёшдан ошганди. Шунингдек, у зотнинг қисқа 63 йиллик умри мобайнида амалга оширган ишлари бутун умрига таққос­ланса, 63 йилдан ҳам бир неча баробар ортади.

– Ибн Жавзий (раҳимаҳуллоҳ) оламдан ўтгач, барча илмий ишлари яшаган кунларига бўлин­га­нида, кунига 11 бетдан тўғри келган экан. Бу дегани, ҳаёти давомида тайёр ишни кўчириш эмас, балки ўзининг меҳнати билан ҳар куни 11 бетдан асар ёзи­ш керак.

– Ибн Ҳазм (раҳимаҳуллоҳ)нинг барча китоблари ёниб кетади. Шунда у зот уларнинг ҳаммасини ёд­дан айтиб берганлар. Имом Қатода (раҳимаҳуллоҳ) бир туя китобни ёд олганлар. Имом Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ): “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деганлари ривоят қилинади.

– Ҳиндистон диёрида яшаган ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий (раҳимаҳуллоҳ) қисқа умри да­во­мида бир ярим минг китоб ёзган. Шунингдек, ўзидан кейин кўпгина муршид ва валий даражасига эришган шогирдлар ҳам қолдирган. Ана баракали, узоқ ва сермазмун умр.

– Имом Ибн Жарир Табарий Қуръони каримни 30 минг вароқ тафсир қилишни қасд қилиб, асҳобларига: “Қуръонни тафсир қилишда ҳаракат қилмай­сиз­ла­рми?”, деганида, улар: “Бу иш ниҳоясига етмасданоқ, умрлар ўтиб кетади”, дейишди. Шунда аллома тафсирларини 3 минг вароқ атрофида қисқартиради. Шунингдек, Одам (алайҳиссалом)дан бошлаб, ҳозиргача бўлган тарихни ҳам 30 минг вароқ ёзишни қасд қилганида, улар юқоридаги гапни такрорлашди. У зот: “Албатта, биз Аллоҳ­никимиз, ғайрат-интилиш ўлди” дея уни 3 минг вароққа қисқар­тирганлар.

Имом Хатиб (раҳимаҳуллоҳ) Самсимий бундай деганини эшитадилар: “Ибн Жарир қирқ йил атрофида ҳар куни қирқ вароқ китоб ёзарди”. У зот (224–310 – 86 йил) ҳаёти давомида ёзиб қолдирган китоблари 358 минг вароқни ташкил қилади. Агар балоғатгача бўлган ёшини тахминан, 14 йил деб эътиборга олиб, уни 86 дан айирсак, 72 йил қолади. Шунда, у зот умрининг ҳар бир кунида 14 вароқдан китоб ёзгани келиб чиқади. Шундай қилиб, у зотнинг балоғат ёшидан ташқари, яъни 72 йил умрини 14 га кўпайтирсак, тасниф қилган китоблари мажмуаси келиб чиқади.

Улуғбек қори Йўлдошев