Наслнинг бузилиши

Зино бошқа гуноҳларди фарқли ўлароқ бир одамнинг ўзи билангина содир бўлмайди. Балки бир зино камида икки инсон билан воқеъ бўлади.

Зино инсонга дунёда ҳам охиратда ҳам кўпгина мусибатлар олиб келади. Жумладан кишининг динига ғорат қилади, тақвосини сўндиради, обрўсини кетказади, ҳаёни барбод қилади, юздан нурни сўндиради, қалбни қорайтиради.

Зино фақирликни келтиради, Яратганнинг ҳузурида ҳам, бандаларнинг орасидан ҳам ҳурмати кетади.

Зинокордан “ҳаёли”, “одобли”, “одил” деган номлар ўчиб, ўрнига “зинокор”, “фожир”, “фосиқ”, “хоин” деган номлар тамғаланади, ҳаловати кетади, одамлар унга ишонмай қўяди, унинг баданидан ва оғзидан зинонинг  бадбўй ҳиди келиб туради, қалби тораяди ва юраги сиқилади.

Аллоҳ таоло ҳалол қилган лаззатга ҳаром йўл билан борганлари учун зинокорлар зинодан истаган лаззатини топа олмайди, ўзларича маза қилиб роҳатландим деб ўйлайди, аммо пок инсонлар покиза лаззатдан қанчалик роҳатларини билганларида эди, ўзларининг бу йўлда ҳам қаттиқ адашганларини ҳис қилар эди, бироқ била олмайди.

Зинокор жаннатдаги гўзал ҳурлардан маҳрум бўлади.

Зино қариндошлик алоқаларини узади, ота-онага оқ бўлишгача олиб келади, ҳаромдан мол топишга мажбур қилади, ўз оиласининг ҳаққига ва ризқига хиёнат қилади. Уйидан барка кетади.

Зинокор ўзи билган ва билмаган ҳолда сеҳру жодуларга мубтало бўлади. Насли бузилади, касофати ўзидан туғиладиган фарзандларга ҳам етиб боради.

Зинокор нафақат ўзи учун, балки – ҳам оиласи учун, ҳам бутун жамият учун улкан зарарлар ва хатарларга сабабчи бўлади.

Илоҳо, бундай жирканч амалдан бизларни ва зурриётларимизни Ўзи асрасин!

Улуғбек қори Йўлдошев