Қаноат

            Дебдиларки, одамларнинг бахтлироқлари ушбулардир – қалби илмга ташналар; жисми сабр қилувчилар; қўлида борига қаноат қилувчилар.

            Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтишича, Тавротда: “Қаноат қилувчи киши агар оч бўлса ҳам бойдир” деб ёзилган.

            Али разияллоҳу анҳу: “Қаноат бойликларнинг яхшисидур” деган. (Асқалоний. “Мунаббиҳот”)

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки мусулмон бўлиб, эҳтиёжига етарли ризқ бeрилган бўлса ҳамда Аллоҳ таоло бeрган нарсасида қаноатли бўлса, батаҳқиқ нажот топибди”, дeдилар. (Имом Муслим ривояти)    

Яна бошқа ҳадисларда ҳам қаноат бобида ушбу ривоятлар бор:

“Кимки нафси омон, хотиржам ва жасади саломат ҳамда ҳузурида бир кунлик ризқи бўлса, гўёки дунёни тўлалигича ўзига бўйсундирибди”, дeдилар. (Убайдуллоҳ ибн Муҳсин разияллоҳу анҳудан Имом Тeрмизий ривояти)

“Одамнинг қорнидан кўра ёмонроқ тўлдирадиган идиши йўқдир. Одам болаларига бeлини тиклаш учун бир нeча луқма таом кифоя қилади. Агар зиёда емасликнинг иложи бўлмаса, учдан бири таом учун, учдан бири ичимлик учун ва учдан бири нафас олиш учун бўш қолсин» дeдилар. (Абу Курайма Миқдод разияллоҳу анҳудан Тeрмизий ривояти)

Ҳикоя қилинишича бир аёл кичкина ўғли билан бирга яшар эди. У аёл жуда ҳам камбағал бўлиб, ўғли билан кичкинагина уйда турар, ҳаёти оғир бўлишига қарамасдан Аллоҳ берган ризққа қаноат қилар эди. Қиш кунлари ёмғир ёғиши уларга ноқулайлик туғдирарди. Чунки уларнинг уйи бир хонали, томи йўқ тўртта девор ва ёғоч эшикдангина иборат эди. Фарзанди туғилганидан буён, ўтган тўрт йил ичида қурғоқчилик бўлиб ёмғир ёғмаган, баъзи-баъзида номигагина ёғарди.

            Кунларнинг бирида шаҳар осмонини қора булут қоплади ва шаҳар бўйлаб кучли ёмғир ёға бошлади. Одамлар ёмғирдан қочиб ўз уйларига кириб кетдилар. Лекин она ва бола  оғир ҳолатда қолди. Бола қурқув билан онасининг пинжига кириб олди, онанинг кийимлари жиққа ҳўл эди. Она тезда бориб эшикни кесакисидан чиқариб олди ва деворга қия қилиб қўйди.

            Она бола эшик остига шаррос қуяётган ёмғирдан ўша эшикнинг ортига беркиндилар. Бола кўзларида қувонч ва мамнуният билан онасига қаради ва:

             — Қизиқ, эшиги бўлмаган қамбағал одамлар ёмғир ёққанда нима қилишар экан-а? — деди.

            Ўша пайтда бола ўзини шунчалик бахтиёр ҳис қилган эдики, гўё ўзини бу дунёда энг бой одам деб ҳисоблар эди.

Улуғбек қори Йўлдошев