Қуда-андалар

(ёки энг яхши муолажа)

            Икки ёшнинг умид билан қурган оилалари бахтли, никоҳлари бардавом бўлишлари кўп жиҳатдан қудаларга боғлиқлигини ҳамма яхши билади. Бу ҳолат, айниқса, мусулмон халқларда жуда ҳам эътиборли. Чунки, бизларнинг урф-одатларимизга кўра  Оврўпа халқи каби янги оила қурган ёшлар тўлиқ мустақил бўлиб, бира тўла ота-онасининг измидан чиқиб кетмайди. Балки иложи борича шунча парваришлаб тарбия қилган, уйлаб-жойлаб қўйган ота-оналарнинг кўнглини олишга, уларни рози қилишга ва ранжитиб қўймасликка интилиб яшаймиз. Бу ҳам бўлса ‒ исломий ахлоқ-одоб асосидаги шарқона тарбиянинг энг гўзал намуналаридан бири.

Аммо афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунларда жамиятнинг биринчи бўғини бўлган янги оилаларнинг аҳил-тотув турмуш кечиришларига ҳам, ҳеч қанча яшамай қўйди-чиқди бўлишига ҳам, ёш аёлларнинг ўн гулидан бир гули очилибоқ суянчиқсиз тул ва бева қолишига ҳам, норасида гўдакларнинг гоҳида ота меҳрига, гоҳида она меҳрига зор тирик етим бўлишига ҳам ўша қудалар кўпроқ сабаб бўлмоқда десам муболаға бўлмаса керак.

Бундан ташқари тўйлармиздаги риё учун одамлар кўрсин деб қилинаётган кераксиз дабдаба ва бехуда харажатлар ҳам шуларга боғлиқлиги эса ойдек равшан.

Неча бора айтилишига, матбуотда бот-бот ёзилишига, маҳалла фаоллари, имом домлалар, отинойилар томонидан доимий равишда тарғибот қилинишига қарамай давом этиб келаётган, на мусулмончиликка, на аждодларимиз урф-одатларига ва на бугунги кун талабига тўғри келмайдиган исрофгарчилик ва тўқликка шўхликни тўхтатадиган вақт келмадимикин?! Қачон инсофга келамиз?! Қачон тафаккур билан иш юритамиз, ахир?!

Айниқса қиз боққанга жуда ҳам оғир машаққатлар юк бўлаётгани ошиб кетмоқда. Бир фарзандни ўн саккиз-йигирма йил тарбиялаб, энди қўлидан иш келиб қолганида бировнинг хонадонига бир умрга бериб юбориш ҳам осон иш эмас. Қолаверса қиз фарзандга ўғил боладан ҳам кўра кўпроқ эҳтимом қилинади. Озгина нуқсон етиб қолса ҳам катта ташвиш келади. Эсон-омон вояга етказиб турмушга тайёр қилишликнинг ўзи оғир масъулият талаб қилади.

Ана энди уни шу ҳолатда тақдир тақозосига кўра кимгадир бериб юборишга мажбур. Аслида умримизнинг мазмуни ҳам шу-да!

Албатта қиз боласи бор хонадон фарзанд эсини таниб улгурмасдан сандиқни тўлдиришни бошлайди. Ва бу сандиқ шунчалар “еб тўймас”ки, тўйгача ҳам тўлмайди. Охири куёв томондан келган машинага мажбур қилиб юклашаётганида ҳам “энди тўйдим” дейиш ўрнига, “бўпти, қолганини ортимдан олиб борарсизлар” деб кетаётгандек бўлади.

Тўй қилган ота бечора оёғида зўрға тургудек ҳолда қолган бўлса ҳам камини адо қилиш учун яна яшашни давом эттиришга мажбур бўлади. Чунки булар ҳаммаси холва. Иш энди бошланяпти. Кейинги харажатларни ёзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Шундоқ ҳам ҳаммага карра сингари ёд бўлиб кетаёзган. Аммо иллатнинг давоси ҳам, бир йўла тириклайин гўрга етаклаш йўли ҳам шу жойда!

Аввало келин томон ҳам бировнинг гап-сўзига эътибор бермай, шароитни ҳисобга олган ҳолатда кўрпасига қараб оёқ узатмоғи, шариатимиз чегараларидан чиқмаслиги, исрофгарчиликларга йўл қўймаслиги лозим. Лекин асосий муаммонинг ҳал қилиниши куёв томондагиларга боғлиқ. Улар тамагирлик қилмаса, қудаларни “ҳай” деб турса кўп нарсанинг олдини олиш мумкин.

Кўпчилик “ҳамма қиляптию” деган гапни ушлаб олган. Бу эса ўзлари хоҳламаган нарсасини қилишга сабаб бўлади. Мен эса “йўқ, ҳамма ҳам қилаётгани йўқ!” дейиш мақсадида ўзим яхши билган бир инсоннинг мисолини келтирмоқчиман.

Ўша танишим аввало, қизини чиқаришда “стенка” ва тўшама ётоқ (спальний) каби буюмларни олмади. Тўйдан кейин ҳам кунига уч-тўрт маҳал овқат ташимади. Хайит байрамларда дабдаба қилмади. Энг асосийси куёвнинг отаси ҳам келинни ўзлари ҳамма кам-кўстини етказиб боқиб олишларини эслатиб турди. Бу эса қиз томонга анча далда бўлди.

Охир оқибат нима бўлди?

Ҳеч нарса! Ҳеч ким маломат ҳам қилмади, устидан ҳам кулмади. Қизи ҳам ўксимади. Балки гоҳида қилаётган харажатларни ҳам керак эмас деб турди. Худога шукр, ҳозирча ҳаётлари жуда ҳам яхши.

Яқинда набиралик бўлишди. Албатта миллий одатимизга кўра хуш хабар етказган куёв болага суюнчи бергани рост. Аммо ўғил невара кўрган бўлса ҳам 100 доллар бергани йўқ.

Бешик тўйида бир ибратли иш бўлди. Эл қатори холвайтарлар қилиб яна унча-мунча нарсалар харид қилиб келгандан сўнг ўзининг болалик даврларига солиштириб туриб ўйланиб қолди. Сўнг оила аъзолари билан кенгашиб шу олинган нарсаларнинг ҳам бир қисмини олиб қолди.

Ҳа. Бу ишни бахиллик учун эмас, балки меъёрдан ошмаслик учун қилди. Ҳолбуки у ҳам боласини яхши кўради. Боласига бошқалардан кўпроқ сарфлаб завқланиши ҳам мумкин эди. Дабдабага яраша имкони ҳам бор эди. Бидъатларнинг аксари хотинларда чиқаётган бўлса-да, у яхшилаб тушунтирган эди, хотини ҳам тўғри қабул қилди.

Бошқаларнинг ўша кишидан нима камию, нима ортиқлиги бор. Қачонгача хотинлар ғалвасини рўкач қиламиз? Битта хотинни йўлга сола олмаган эркак нима қилади уйланиб?!

Мақолани ёзиш даврида яна бир одамни эшитиб қолдим. Шоядки ибрат бўлса деб уни ҳам айтмоқчиман. Бу киши келин томондан келган ортиқча юк-харажатларни шунчаки айтиб қўя қолмай, бир йўла олиб келган машинасига қайтариб юклаб берибди. Қудаларининг қийналиб топган мол-дунёси эвазига шунча буюмга эгалик қилишни ўзига эп кўрмабди.

Илоҳим, бизларга ибрат назарини берсин. Беҳуда харажатлар ўрнига эл-юрт манфаъати, Ватанимиз равнақи учун, шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ сарфлашимизга тавфиқ айласин.

Улуғбек қори Йўлдошев. 2012 йил 18-январ, соат 23:17.