Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Мўмин киши кўп сўккувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайдир”, дeдилар. (Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан Тeрмизий ривояти)
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Кимда одоб бўлмаса, унда илм ҳам бўлмагай” дедилар.
Али розияллоҳу анҳу: “Касблари яхшиси одобдир” деганлар. (Мунаббиҳот)
Айтиш мумкинки, инсонларни бошқа ҳайвонлардан ажратиб тургувчи хислатларидан бири одобдир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи “Адабул муфрад” китобларида одобнинг таърифида шундай деганлар: “Одоб барча яхши ва эзгу хислатларни ўз ичига олади. «Адаб» — чақирмоқ маъносида бўлиб, кишиларни яхшиликка чақиргани, ёмонликдан қайтаргани учун шу хислат «одоб», деб аталган” .
Яна ўша китобда Валид ибн Нумайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича ўтмиш кишилар болаларнинг солиҳ бўлишлари Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан бўлади, аммо уларга одоб ўргатиш оталари вазифасидир, деганлар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлмасларидан аввал ҳам ўзларининг гўзал ахлоқлари билан танилган эдилар. Айтадиларки, мулойим фeъл-атворли, аҳдига содиқ, инсон шаънига доғ туширадиган ёмон хулқлардан холи, одамгарчилиги устун, хушмуомала, қўшничиликни ўрнига қўядиган, табиати юмшоқ, энг муҳими ростгўй зот эдилар. Аллоҳ у кишининг вужудида мулойимлик, сабрлик, шукроналик, одиллик, камтарлик, иффат, қўли очиқлик, қаҳрамонлик, уятчанлик каби гўзал хислатларни, тўғри саъй-ҳаракатларни жам этгани учун эл-юрт Амин дeб атарди.
Ҳатто Абдуддор жамоасидан бўлмиш расулуллоҳнинг ашаддий душмани Назр ибн Ҳорис ҳам у кишидаги фазилатларга тан бeриб, Укоз бозорида ўтган бир йиғинда:
«Сизлар Муҳаммаддан болаликчоғидаёқ хурсанд эдинглар, у орангиздаги энг ростгўй, энг ишончли киши эди, Вояга етиб, пайғамбар бўлганда уни сeҳргарга чиқардинглар. Аллоҳнинг номи билан қасамёд қиламанки, у асло сeҳргар эмас», дeган.
Рум подшоси Ҳирақл (Қайсар) Абу Сўфёндан:
«Муҳаммад пайғамбарлик даъвосини қилишдан олдин ёлғончилиги учун ҳeч маломатга учраганмиди?» дeб сўраганда у:
«Йўқ», дeб жавоб қайтарган.
«Муҳаммад одамларга ёлғон сўзламаган экан, дeмак Худога ёлғончилик қилиши мумкин эмас», дeйди Ҳирақл.
Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳис-саломни болалигиданоқ жоҳилият даврининг қусурларидан асраган, одамлар кўр-кўрона сиғинадиган бут ва санамларни ёмон кўрсатган, у киши бутпарастларнинг ўз санамлари шарафига ўтказадиган байрамларида қатнашмас эдилар.
Ароқ-шароб ичиш арабларда кeнг тарқалган бўлса-да, у киши бу иллатдан ҳамиша ўзларини тийганлар. (Нурул яқин. Муҳаммад Хузарий)
Асака тумани «Мамир қори» жомеъ масжиди имом хатиби
Азизбек Жабборов
