“Маданиятли” деган сўз “шаҳарлик” деган маънони англатади. Азал- азалдан шаҳарларда ҳар тамонлама етук ва олижаноб ҳислатлар эгаси бўлган инсонлар яшаганлар. Олий фазилатлар шаҳарлардан тарқалган.
Толиби илмларнинг одоб-ахлоқига доир китобларда баён қилинадики, агар талаба илм талаб қилаётган вақтда тақво қилмаса, илм аҳлларига хос бўлмаган ишлар билан машғул бўлса, Аллоҳ таоло уни учта бало билан балолантиради. Ана шундай талабалар бошига тушиши мумкин бўлган балолардан биттаси: чекка бир қишлоқда сўзига қулоқ солмайдиган қишлоқ аҳлига хизмат қилишига тўғри келишидир. Бу сўзлардан шаҳар аҳлининг шани қанчалар юқори экани маълум бўлади. Афсуски, бугинги ҳолатимизда яхши ишлар билан бирга гуноҳга чорлайдиган ва миллатни таназзулга учратадиган амаллар ҳам шаҳарлардан бошланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Охирги вақтда оммавий ахборот воситаларида “оммавий маданият” ёки “олмонча маданият” иборалари кўп учрайдиган бўлди. Бу бежизга эмас, албатта. Ислом маданияти ва маънавиятининг кушандаси бўлмиш будай оммавий маданият ибораси билан номланиб келаётган амаллар афсуски ватанимизга ҳам ўрмалаб кириб келмоқда. Оммавий маданиятнинг кўринишини турли соҳаларда, масалан, кийиниш, соч турмаклаш, никоҳ тўйларини ўтказиш, инсонлар билан ўзаро мулоқат ва бошқа бир қатор ҳолатларда кузатиш мумкин. Ушбу кичкинагина мақолада оммавий маданиятнинг баъзи жиҳатларигагина тўхталиб ўтмоқчимиз.
Айтиш мумкинки, ғарб давлатларида келин ва куёв оила қуришдан аввал обдон “танишиб” бўлганларидан сўнг, бир бирига маъқул келишса оила қуришади. Баъзан тўйгача фарзандлик бўлиб қолишлари ҳам мумкин. Бу иш улар учун оддий ҳолат, керак бўлса, маданият даражасига кўтарилган. Афсуски, кейинги вақтларда бизда ҳам йиллаб севишиб, никоҳсиз қўл ушлашиб кўчама кўча юриш кўзга ташланиб қолди.
Ғарбликларни айтишича, бундай юриш бир бирларини яхши ўрганиб мустаҳкам оила қуришга имкон берармиш. Ҳаётда эса ғарб оламида ана шундай обдон танишиб оила қурганларнинг иккитадан биттаси тезда ажрашиб кетаётгани маълумдир. Бунинг сабаби шуки, яна ўша ғарблик мутаҳассислар тадқиқотларида такидлашича никоҳдан аввал танишиб – севишиб юрувчилар бир бирига фақат энг яхши сифатларини кўрсатади. Ўзида бўлмаган сифатларни ҳам бордек кўрсатади. Тўйдан сўнг эса ниқоблар ечилиб асл юзлар намоён бўлади ва бир биридан норози ҳолда, ўзини алданган ҳис қилиб ажралишга тушадилар.
Яна бир мисол, аёллар ярм яланғоч кийимларда эркаклар билан аралашган ҳолатда тўйхоналарни “гуллатиш”ларини, камига келин-куёв ўртага чиқиб валсга тушишини кўриб мусулмон сифатида ачинасан киши.
Фотосессия деб номланувчи бир нечта сураткашлар иштирокида суратга олиш жараёни никоҳ тўйларида урфга айланиб бормоқда. Суратга олиш жараёни ҳатто келин-куёвнинг ётоқхоналаригача давом этувчилари бор. Ўзбек – мусулмон халқларида ота-оналар ётоқ жойларига бегоналар уёқда турсин ҳатто бирга яшайдиган фарзандларнинг ҳам кўзи тушмас эди.
Ёшлар орасида Аллоҳ таоло омонат қилиб топширган жасадига ҳар хил чизгилар (татиуровка)ни чиздирувчилар, қулоқ ва бурнига зирак тақувчи эркаклар мусулмонман дегувчилар орасида кўзга ташланиб қолмоқда.
Бу ва бунга ўхшаш динимизга, миллийлигимизга ва қадрятларимизга мутлақо тўғри келмайдиган қўштирноқ ичидаги маданиятлар борган сари миллатнинг илдизига болта уриб қулатиши аниқ.
Одамзод англамоғи лозимки, шариат нимани ман қилса, бунда инсоният учун дунё ва охиратда улкан фойдалар бор. Нимага чорласа шубҳасиз фойдалидир. Оммалашиб бораётган бундай маданиятлар кони зиён экани борасида Қуръон карим ва ҳадиси шарифларда далил-ҳужжатлар тўлиб тошган бўлсада бу жойда келтирмадик. Қуръон ва ҳадисларни вужудига сингдириб, амалда қўллаб адолатли Умар номига сазовар бўлган зотнинг сўзлари билан кифояланаман. Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Албатта Аллоҳ бу умматни Ислом сабабли азиз қилди. Ким азизликни Исломдан бошқадан қидирса, Аллоҳ таоло уни тойлтиради ва адаштиради”. Нақадар маънодор сўзлар! Салбий маданиятларга эргашувчилар ҳам бу ишлари билан бошқалардан ўзгача бўлиш, ўзини кўз-кўз қилиш, ўзни ўта замонавий қилиб кўрсатиш ҳулласи калом ўзининг фикридаги азизликка интилиш кузатилади. Биз бу фикримиз билан замонавий тараққиёт ва янгиланишга қарши эмасмиз. Зеро, Ислом дини ҳам тарққиётга ва илмий кашфиётларга чорлайди. Лекин, барча янгиликлар ва замонавийлик мусулмонлар учун Ислом шариати чегарасида бўлмоғи керак. Ўтган азизларимизни эсланг. Жумладан, Ибн Сино бобомиз дунёда медидцинанинг шакилланишига ўз ҳиссаларини қўшган. Мусо Хоразимий бобомиз алгебра фанига асос солдилар. Беруний бобомиз океан ортида қуруқлик борлигини Амерка қитаси кашф қилинишидан аввал илмий исбот қилган эди. Компьютер технологияларининг асоси бўлмиш кибернетика фанига ҳам бизнинг боболаримиз асос солганлар. Янгилик ва замонавийликка интилишни улуғларимиздан ўрганмоғимиз керак.
Инсон кўпроқ Аллоҳ таоло нима дейди, демасдан, одамлар нима дейди, дейишга ўрганган. Моҳиятини англамасдан тақлид қилишга мойиллигимиз кучли. Чўпонлар подани жарлик ёқалаб ҳайдамайдилар. Чунки подадан биттаси ўзини жарликка ташласа қолганлари ҳам ташлайди. Инсон бу жиҳатдан подага ўхшамаслиги керак. Аллоҳ таоло инсониятни ақлини барча мавжудотларнинг ақлидан мукаммал қилиб яратган. Инсон ислом белгилаб берган одоб-охлоқ ва маданият қоидаларидан четлашаркан залолатга кетиши муқаррардир.
Асака туман “Муҳйиддин Саҳҳоф”масжиди имом хатиби Зоҳидов Муҳаммадали тайёрлади.
