Қариндошликни тиклаш умрни узайтиради

Қариндошлик ришталарини узилиши инсонлар орасида кўп учраб турадиган ҳолатлардандир.  Кўп ҳолатларда  бу риштани улаш нафсларга оғир келади. Ким  бу жиҳатдан нафсини енгса, умрини зиёда бўлиши ҳадиси шарифларда баён қилинади. Келинг бу зиёдалик қайжиҳатдан экани борасидаги маълумотлар билан қисқача танишамиз.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: «Кимни Аллоҳ ризқини кенгайтириши ва ажали кечиктирилиши хурсанд этса, силаи раҳм қилсин» (Бухорий ва Термизий ривояти).

Баъзилар: «Силаи раҳм умрнинг узайишига сабаб бўлади, де­йиш ажалнинг ўзгармаслигини баён этувчи оятларга зид келади», деб ҳисоблашган. Уламолар бу фикрга шундай жавоб берганлар: «Амалларда баракот ва тавфиқ ҳосил бўлиши умрнинг бекорга ўтмаслигидир. Бу худди умрнинг узайганига ўхшайди». Бундан ташқари, силаи раҳм ўлгандан кейин яхшилик билан ёдланишга сабабдир, дейилган.

Шуниси аниқки, юқоридаги ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳ таоло номидан силаи раҳм умрнинг узайишига сабаб бўлишини баён этганлар. Шунинг учун моҳиятини англашга қийналсак ҳам, бу амални ажални кечиктирадиган сабаблардан бири деб билишимиз керак. Аллоҳ тао­ло кимнинг умрини узайтиришни хоҳласа, уни силаи раҳм қилишга муваффақ этади. Мўмин бу масалани имон мантиғига солса, тушунишга қийналмайди.

Чунки Аллоҳ расулининг хушхабарига ишониб, ваъда қилинган мукофотга эришиш нияти билан бажариладиган амаллар (хусусан, силаи раҳм) бекор кетмайди. «Банда Аллоҳ таоло ҳақида қандай ўйласа, Аллоҳ бандасига шундай муомала қилади», деган мазмундаги ҳадисга биноан умрнинг узайишига ишониб силаи раҳм қилганларни Парвардигор ниятларига етказади. Ёки ана шу эзгу амал учун сарфлаган ҳаёт лаҳзаларига камида ўн баробар савоб ёзиш билан унга узоқ умр кўрганнинг ажрини бериши мумкин. Бу масалага Ибн Ҳажар Асқалоний уч хил шарҳ келтирганлар:

Биринчиси: Ажалнинг кечиктирилиши деганда бандани тоатга йўллаш ва охират учун фойдали амалларни бажаришга иштиёқ бериш, вақтини бекорга ўтказишдан сақлаш орқали умрини баракотли қилиб қўйиш тушунилади.

Иккинчи хил қарашга кўра, ҳадисдаги умрнинг узайиши ҳақиқий маънода узоқ умр кўришдир. Бу зиёдаликни Аллоҳнинг илмига нисбатан эмас, муаккал (вазифадор) фариштанинг илмига нисбатан деб тушунилади. Яъни, китоблар онаси бўлган Лавҳул-Маҳфузда кимнинг қанча умр кўриши битиб қўйилган ва буни фақат Аллоҳ билади.

Мисол учун муаккал фариштага «фалончи агар силаи раҳм қилса тўқсон йил, қилмаса олтмиш йил умр кечиради», дейилганини фараз қилайлик. Аллоҳ таолонинг азалий илмида ўша банданинг силаи раҳм қилиб-қилмаслиги, қанча яшаши олдиндан маълум ва бу ўзгармайди. Вазифадор фариштанинг илмида эса унинг умри амалига қараб узун ёки қисқа бўлиши мумкин. Ҳазрат Умар (р.а.)­нинг: «Эй раббим, менинг номимни бадбахтлар қаторига ёзган бўлсанг, ўчиргин», дея дуо қилганлари айтилади. У зот: «Сенинг илмингда бадбахт бўлсам, ўзгартир», демаганлар. Чунки келгусида содир бўладиган ҳеч нарса ҳақида Аллоҳнинг илми ўзгармайди, барчаси У зот билган шаклда рўй беради.

Учинчи хил фикр бўйича, ажалнинг кечикиши деганда умрнинг ортиши эмас, балки Аллоҳ силаи раҳм қилувчининг наслидан хайрли зурриёд чиқариши тушунилади. Абу Дардо (р.а.) дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларида «Ким силаи раҳм қилса, ажали кечиктирилади», дейилганида у зот шундай марҳамат қилдилар: «Умрда зиёдалик бўлмайди. Аллоҳ таоло: «Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар» (Аъроф, 34), дея марҳамат этган. Аммо киши (силаи раҳм қилса) ортидан дуо қиладиган хайрли зурриёд бўлади» (Табароний ривояти).

“Муҳйиддин Саҳҳоф” масжиди имом хатиби Зоҳидов Муҳаммадали тайёрлади