Офат остонаси

بسم الله الرحمن الرحيم* الحمد لله رب العالمين* و الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين* لا حول و لا قوة إلا بالله

Офат остонаси

Жамиятнинг маънавияти ва маданий савияси ривожланишида кишиларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабати муҳим саналади. Ўша муносабатларнинг ичида эътиборли бўлган амалларнинг бири ва зарурроғи – яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш.

Унинг акси бўлмиш лоқайдлик эса маънавий тубсизликка етаклаши муқаррарлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Бизнинг ота-боболаримиз бу нарсага қаттиқ эътибор берганлар ва амал қилганлар. Ҳатто яқин кунларга қадар ҳам кўчадаги оқсоқолларнинг олдидан кесиб ўтишга аёллар тугул эркаклар ҳам дадил журъат қилмас эдилар. Ўтганларида ҳам қаттиқ эҳтиром ва таъзим билан ўтар эдилар. Бугун эса…

“Амри маъруф” араб тилида “ал-амру бил маъруфи” (шариатда яхши деб танилган ишларга буюриш) бўлиб, бизларга форсий тил услубидаги изофа билан “амри маъруф” кўринишида кириб келган ва халқ ичида шойиста бўлган. “Найҳйи мункар” араб тилида “ан-наҳю ъанил мункари” (шариатда инкор қилинган ишлардан қайтариш маъносида) бўлиб, у ҳам форсча изофа билан “наҳйи мункар” бўлиб истеъмол қилинади.

Шу ўринда тил масласида тўхталиб ўтсак, кўпчилик воизларимиз арабча ва форсча истеъмолини аралаштириб ўзларини қийнашади. Лекин шунчаки “амри маъруф”, “наҳйи мункар” деб қўйишлик ҳам хато эмас. Фақат сўзларнинг асли арабча, изофаси (мослашмаган аниқловчи) форсча ва ўзбек тилидаги истеъмоли шундай бўлиб қолган.

Амри маъруф ва наҳйи мункар имкони бор ҳар қандай мусулмонга фарз.  Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

عَـن حـُذيـفـَـة رضي الله عـنه   عـَن النبي صلى الله عـليه و سلم  قال: «و الـَّـذِي نـَـفــْسِي بـِيـَدِه  لـَتــَأمُـرُنَّ  بـِالــْمَـعْـرُفِ  وَ لــَتـَنـْهَـون عـَن الــْمُـنـْـكــَر، أوْ لــَيُـشِـكــَنَّ الله أنْ يَبْـعَـثَ عَـلــَيْـكــُمْ عـِقــَابـــًا مِـنـْهُ ثــُـمَّ تـَدْعـوُنـَهُ فـَلا يُـسْـتـَجَـابُ لــَكــُمْ» (رواه الــتِرمـِزي)

 

“Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, албатта яхши ишга буюрасиз ва, албатта мункар ишдан қайтариб турасизлар. Ёки бўлмаса тўсатдан Аллоҳ устингизга уқубат(жазо)ни юборадики, сўнгра дуо қилсаларингиз ҳам ижобат бўлмай қолади” (Термизий ривояти)

Ҳа, соддароқ айтсак, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш йўқолиб кетса, офат шундоққина остонамизга келиб Яратганнинг изнига мунтазир бўлиб туради. туради.

Ғарб халқларида ана шундай бепарволик оқибатида ўзаро меҳр-оқибат кўтарилгани сир эмас. Одамлар ҳайвонлардан ҳам баттар беҳаёлик, тил билан айтиб бўлмайдиган даражадаги шаҳвонийлик кўчасига юз бурганини кўриб турибмиз. Оддийгина интернет сайтларида луғатда бўлмаган ўта очиқ ва фаҳш сўз ва иборалар, суратлар шундан далолат беради. Ўша беҳаё тасвирлардаги кимсалар ҳеч кимдан ҳаё қилмайди, чунки уларни ҳеч ким нега бундай қабиҳлик қилаётганлигини суриштириб ҳам ўтирмайди. Бошқачароқ айтганда маҳалла-кўйчилик таълимоти йўқ.

Ҳозирги кунда ўзининг бебаҳо миллий бойлиги бўлатуриб, маънавий ғариб бўлган Ғарб халқларига тақлид қилган ёшларимиз ўта шармандаларча кийинишга ўтиб кетмоқдалар. Мен ёшларимиздан ранжиган эдим. Уларга тушунча бериш асносида шуни яққол билдимки, уларга катталар бирор оғиз ҳам танбеҳ бермаган экан. Бу қандай ориятсизликки, мастура қизларимиз, аёлларимиз жамоат транспортига чиқсаю, уларнинг шундоққина ёнларида бир барзангидек йигит қизларимизга, аёлларимизга оёғини сонларигача очиб олиб безрайиб ўтирса?!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

“Бани Исроилга путур етиб бузилишининг биринчи сабаби бир одам бошқа бир кишига йўлиқиб:

«Эй одам! Аллоҳдан қўрқ! Бу қилаётган ишингни ташлагин. Чунки бу ҳалол эмасдир», дeйди. Кeйин эртасига яна йўлиқса, у ўша ҳолатида бўлади. Лeкин у билан емоқ, ичмоқ ва ўтирмоқдан ўзини ман қилмас эди. Мана шундай қилиб юравeришганидан кeйин Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини бир-бирига уриб (бир хил қилиб) қўйди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

«Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Исо ибн Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш! Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси-ҳаволари нақадар ёмон нарсани – Аллоҳнинг ғазабини кeлтирди. энди улар абадий азобда қолгувчидирлар. Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга имон кeлтирганларида эди, уларни — кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лeкин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир» дeб айтган. (Моида)

Сизларда бундай бўлмасин, сизлар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринглар. Ҳамда золимнинг қўлидан тутиб, уни ҳаққа эгиб туринглар ва ҳақнинг устида уларни маҳкам тўхтатиб туринглар. Агар шундай қилмасангизлар, Аллоҳ қалбларингизни бир-бирига уриб, бир хил қилиб қўяди. Ва Бани Исроилни лаънатланганидeк сизларни ҳам лаънатлайди», дeдилар. (Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан Абу Довуд ва Тeрмизийлар ривояти)

 

Улуғбек қори Йўлдошев