Эҳтиромли ой

Ҳижрий қамарий йил ҳисобининг биринчи ойи Муҳаррам ойидир. Аллоҳ таоло бу ойни Қуронда ойлар ичида хослаб зикр қилиб, марҳамат қилади:

إِنَّمَا النَّسِيءُ زِيَادَةٌ فِي الْكُفْرِ يُضَلُّ بِهِ الَّذِينَ كَفَرُواْ يُحِلِّونَهُ عَاماً وَيُحَرِّمُونَهُ عَاماً لِّيُوَاطِؤُواْ عِدَّةَ مَا حَرَّمَ اللّهُ فَيُحِلُّواْ مَا حَرَّمَ اللّهُ زُيِّنَ لَهُمْ سُوءُ أَعْمَالِهِمْ وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ 

“Албатта, «насийу» куфрда зиёда бўлишдан ўзга нарса эмас. Бу билан куфр келтирганлар залолатга кеткизилурлар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қиларлар, бир йил ҳаром қиларлар. Бас, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қиларлар. Уларга амалларининг ёмонлиги зийнатланди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас”. (Тавба. 36)
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни шарҳлаб:
“Бу тўрт ой – Зул қаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражабдир” деганлар. (Аҳмад ибн Ҳанбал муснади)
Демак Муҳаррам ойи ҳам ўн икки ой ичидаги хос ойлардандир. Бу ой кирганда ҳатто Исломдан олдинги жоҳилият давридаги жанжалкаш, урушқоқ қабилалар ҳам қуролларини ташлашган, қилич ва ҳанжарларини қинларига солишган. Бу ойнинг ҳурматидан урушлар тўхтатилган.
Бу ойнинг халқимиз орасида “Ашур ойи” деган номи машҳур. “Ашур” араб тилида “ўнинчи” деган маънони билдиради. Бунинг сабаби эса, аксар пайғамбарлар қийинчиликлардан нажот топган кун айнан Муҳаррам ойининг ўнинчи кунига тўғри келганидир.
Баъзилар “Ашуро” деб номланишига саба у кунда Аллоҳ таоло 10 та пайғамбарни 10 та каромат билан икром этганидир, дейдилар. Унда Аллоҳ таоло Одам алайҳис саломнинг тавбасини қабул қилган. Нуҳ алайҳис саломнинг кемаси ўша куни Жудий тоғига бориб тўхтаган. У кунда Сулаймон алайҳис саломга мулк қайтарилган. Юнуч алайҳис салом балиқ қорнидан чиққан. Юсуф алайҳис саломни Аллоҳ таоло отаси Яъқуб алайҳис саломга қайтарган.
У кунда Жабройи, Мекоил, Исрофил алайҳис саломлар яратилди. Арш ҳам, Курси ҳам ўша кунда яратилган.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Курси ва Арш бошқа-бошқа нарсалардир. Бу сўзни ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривоят қувватлайди: “Қуёш Аршнинг нуридандур, Ой эса Курсининг нуридандур. Қачон Қиёмат бўлса Аллоҳ таоло икковларини нимадан яратган бўлса, ўшанга қайтарур. Бас, Қуёшга Аршга қайтишни буюради. Бир яшиндек ялт этиб Аршнинг нурига аралашиб кетади.
Қалам, осмон, Ер ҳам, Одам алайҳис салом ва Ҳавво онамиз ҳам Ашуро куни яратилган. Тубо дарахти ҳам шу куни яратилган ва қиёмат куни ҳам шу куни қоим бўлур.
Бу куннинг рўзаси эса суннати мустаҳаббадур. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашур кунида болаларга муборак тупукларини хурмога суртиб берар, болалар шу билан кечгача ҳеч нарса емас эдилар.
Муҳаррам ойининг 9-, 10-, 11- кунлари рўза тутмоқ афзалдур. Чунки шундай қилинса яҳудийларга мухолафат бўлур.

قال النبي صلى الله عليه و سلم: التمسوا فضله فإنه يوم مبارك . اختاره الله تعالى من الأيام . من صام ذلك اليوم جعل الله له نصيباً من عبادة جميع من عنده من الملائكة و الأنبياء و المرسلين و الشهداء و الصالحين عليهم الصلاة و السلام . 

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Бу куннинг фазлидан баҳраманд бўлиб олинглар, чунки бу кун муборак кундир. Аллоҳ таоло кунларнинг орасидан шу кунни ихтиёр қилди. Ким бу кунда рўза тутса, Аллоҳ таоло унга Ўзининг барча ҳузуридаги фаришталар, пайғамбарлар, мурсаллар, шаҳидлар ва солиҳларнинг қилган ибодатларичалик насиба берур”, деганлар.

عن ابن عباس رضي الله عنه قال صام رسول الله صلى الله عليه وسلم : يوم عاشوراء و أمر بصيامه . قالوا: يا رسول الله صلى الله عليه وسلم،إنه يوم تعظمه اليهود و النصارى . قال: فإذا كان العام المقبل إن شاء الله صمنا اليوم التاسع . فلم يأب العام المقبل حتى توفي رسول الله صلى الله عليه وسلم (رواه مسلم و أبو داود)

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро кунининг рўзасини тутдилар ва бошқаларга ҳам шу куннинг рўзасини тутишни буюрдилар. Улар айтдилар:
— Эй, Аллоҳнинг расули, бу кун яҳудий ва нсронийлар улуғлайдиган кундир – дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Кейинги йил келганда, Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи кунни ҳам рўзасини тутурмиз, — дедилар.
Кейинги йил Ашуро куни келгунча Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дорул бақога риҳлат қилдилар.

Исомиддин Сайфуллаев. Асака т. “Имом Муҳаммад” жоме масжиди имом хатиби