Ҳасад ва ҳирс

«Ҳасад» сўзи луғатда «арчиш» ва «шилиш» маъноларини билдиради. Чунки, ҳасад қалбни арчади ва шилади. Уламолар, ҳасад бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир, дейдилар.
Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир. Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматнинг ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади.
Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса, гуноҳ саналмайди. Чунки, ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса, бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.
Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
«Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?» деган (54-оят).
Аллоҳ таоло «Фалақ» сурасида:
«Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман. У яратган нарсалар ёмонлигидан. Ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан. Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан. Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан», деб айт», деган (1 – 5-оятлар).
Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жамъ бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жамъ бўлмайди», – дедилар». (http://islom.uz/view/-205)

Ҳикоя қиладилар:
— Нуҳ Алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига кўра ҳар жонивордан бир жуфтдан олгандан сўнг кемасига чиқади. Бир маҳал қараса, кеманинг бир бурчагида у танимаган бир чол ўтирган эмиш.
Сўрайди:
— Сени бу ерга ким чиқарди? Чол:
— Ўзим чиқдим. Сенинг одамларингнинг юрагига васваса солиб, қалбларини мен билан, танларини эса сен билан қолдириш учун!..
Нуҳ унинг шайтон эканлигини англайди ва:
— Даф бўл бу ердан! Аллоҳнинг душмани! Лаънати! — дейди.
Шунда Шайтон шу сўзларни айтади:
— Беш нарса борки, мен ўшалар билан инсонларни тўғри йўлдан чиқараман. Буларнинг фақатгина учтасини айтай сенга! Қолган иккитасини айтмайман.
Лекин худди шу асно Аллоҳ, Нуҳ Алайҳиссаломга ваҳий йўли билан ишора қилиб дерки:
— Сенинг у учтага эҳтиёжинг йўқ. Қолган иккитасини айтсин!
Бу хабардан сўнг Нуҳ Алайҳиссалом, қолган иккитасини айтишингни истайман, дейди: Шайтон шунда дейди:
— Қолган иккитаси шундай нарсаларки, мени ҳеч ким ёлғончига чиқаролмайди. У икки нарса шундай хислатга эгаки, ҳеч ким мени ташлаб кетолмайди. Шу икки нарса билан мен мўлжалга бехато ураман. Шу икки нарса билан мен инсонларни ҳалок этаман. Ҳирс, ҳасад!..
Ҳасад туфайли мен Аллоҳнинг лаънатига учрадим, қувғин бўлдим. Ҳирс масаласига келинса, Жаннатда Одамга бир дарахтдан бошқа ҳар нарса мубоҳ қилинган эди. Мен ҳирснинг ёрдами билан ниятимга етдим: Одам ҳирс туфайли тақиқланган мевага қараб борди. (Мукошафат-ул қулуб. Абу Ҳомид Ғаззолий. ziyouz.com кутубхонаси)

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби