Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга Ўзи рози бўлган ҳақ дин – Ислом динини юборди. Бизларга Ўзининг суюкли ҳабиби Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилди. Бизларга дунё ва охиратнинг бахту-саодатига элтувчи улуғ дастур – Қуръони каримни нозил қилди.
Қуръонда бизлар учун қиёматга қадар етарли насиҳатлар бор. шулардан бири:
وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعاً وَلاَ تَفَرَّقُواْ
Яъни: “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”. (Оли Имрон. 103)
Яна айтади:
وَلاَ تَكُونُواْ كَالَّذِينَ تَفَرَّقُواْ وَاخْتَلَفُواْ مِن بَعْدِ مَا جَاءهُمُ الْبَيِّنَاتُ وَأُوْلَـئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ
Яъни: “Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб ихтилофга тушганларга ўхшаш бўлмаганлар, ана ўшаларга улуғ азоб бордир”. (Оли Имрон. 105)
Бу маънодаги оятлар жуда ҳам кўп. Барчасида мусулмонлар жамоасини тафриқага кетишдан қайтаради ва ўзаро аҳил ва тотув яшашга бюриламиз.
Лекин асли мақсадлари мусулмонларни пароканда қилиш бўлган кимсалар Ислом номидан чиқиб, турли фирқаларни пайдо қилишди. Мусулмонлар орасида, тафриқаларга бўлиниш ҳолатлари авж олди. Бу ҳолат исломий бирдамликнинг бузилиб кетишига хавф солди.
Бугун кўп тортишувларга сабаб бўлаётган мавзуларнинг бири бу “мазҳабсизлик” мавзуси бўлиб, бир тоифа мусулмонлар мазҳабларга эргашишликни гумроҳлик деб билиб, уларга эргашган мусулмонларни кўр-кўрона амал қилишликда ва мутаассибликда айблаб мусулмонларнинг бирликларини бузишмоқда.
“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили – булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.
Бугунги кунга келиб пайдо бўлган мазҳабсизлик оқими тарафдорлари, мусулмонларнинг пешволарини халқ орасида обрўсизлантириш мақсадида, олимларини жоҳилликда айблаб, барчанинг эътиборини ўзларига ва ўйлаб чиқарган йўлларига қаратишни мақсад қилиб олганлар. Илмдан хабари бўлмаган соддадил баъзи мусулмонлар уларга ишонишса, баъзилар ҳатто бу тортишув, жанжаллар нама сабабдан бўлаётганининг фаҳмига ҳам бормай ҳайратдан бошларини ушлаб қолишмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам илми бўлмаган одам мазҳаб нималигини билмаса, унга эргашиш кераклигининг фойдасинию, уни тарк этишнинг зарарини қаердан билсин? Ўзларини ҳақиқатгўй, дин фидойилари қилиб кўрсатаётган, лекин илмдан етарлича хабардор бўлмаган бу тоифа вакилларининг сўзларига, баъзи инсонлар илмсизликлари туфайли алданишлари табиий ҳол.
Яхши билишмиз керакки, бутун дунё уламолари ҳозирги кунда мавжуд бўлган аҳли сунна мал-жамоанинг тўрт мазҳабини эътироф этган. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:
Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда бир мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.
Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.
Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилган.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.
Булардан келиб чиқадики, ҳар қандай фитнага алданмасдан юртимиздаги ҳанафий мазҳабига эргашиш энг тўғри йўлдир. Аллоҳ залолатдан сақласин. Омин!
Муҳаммадқудратбек Дадабоев. Асака т. «Ҳолмадодхоҳ» жоме масжиди имом хатиби
