Миссионерликнинг иллатлари

Ёшлар тарбияси ҳар замонда, ҳар маконда ва ҳар доим муҳим ва долзарб бўлган. Бугунги кунда эса бу масала янада долзарб ва муҳимдир. Чунки ҳозирги глобаллашув даврида ҳар он уларни назорат қилмасак, озгина бепарволик вақти келиб кўплаб ёстиқлар қуришига сабаб бўлиши мумкин.
Президентимиз «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида жумладан шундай деган:
“Кун тартибига қўйилган масала, яъни, ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш вазифаси бугунги кунда қандай улкан аҳамият касб этаётгани ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ. Нега деганда, айнан шу масалалар бизнинг бугунги ва эртанги кунимизни, фарзандларимиз, набираларимиз тақдири ва келажагини, бир сўз билан айтганда, ҳаёт-мамотимизни ҳал қилиши ҳеч кимга сир эмас”.
Бугунги кунда бизларни ташвишга солаётган муаммолар талайгина. Шулардин бири – ёшларимизни миссионерлик ғояларидан сақлаб қолиш.
Миссионерлик бизнинг юртимизга қандай криб кела бошлади ва фаолиятни қандай тарзда олиб борадилар?
Шу ҳақда маълумотларга эга бўлмасдан туриб, керакли чора-тадбир кўришнинг иложи йўқ. Шунинг учун маълумотлар асосида баён қиламиз.
Юртимиз мустақил бўлган кунидан бошлаб чет эллардан турли хил диний оқим вакиллари ва миссионерлар юртимизга ёпирилиб келиша бошлади. Улар дастлаб юртимизга очиқдан-очиқ кириб келди, гўёки пок диний ғояларни тарғиб қилди. Кейинчалик уларнинг разил нияти фош бўлиб, фаолияти таъқиқлангач, ниқобга ўралди – тил ўрганиш маркази, компьютер курсларига ўхшаш идораларни очиб, яна гўёки маърифат тарқатиш билан шуғулланди. Аслида эса бу ҳаракатлар бузғунчи ғояларни ёйишда давом этишга уриниш эди, холос.
Улар мамлакатимиз фуқароларини ўз тузоқларига илинтириб, онгини заҳарлашда давом этмоқдалар. Миссионерлик фаолияти мафкурамиз учун ёт унсургина бўлиб қолмай, балки маънавиятимиз ривожи учун ҳам жиддий тўсиқдир.
Миссионерларнинг асосий мақсадлари асосан уч нуқтага қаратилган:
Биринчиси — бошқа халқларни христианлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан ғарб давлатлари таъсир доирасига тушириш.
Иккинчиси — халқлар ўртасида ўз эътиқодига шубҳа уйғотиш, ишонч ва эътиқодидан воз кечишга олиб келиш.
Учинчиси — христианликни қабул қилганлар ўз эътиқодида мустаҳкам (собит) туришини таъминлаш ва шу орқали уларнинг сафини “янги христианлар” билан кенгайтириш.
Улар ўз мақсадлари йўлида ҳеч қандай воситани аямайдилар, уларнинг усул-найранглари доимо такомиллашиб боради. Мана улардан бир нечтаси:
Инсоний ёрдамлар кўрсатиш. Бунга, албатта, моддий ёрдамлар (тиббиёт, озиқ-овқат) ва сўзсиз, “руҳий” ёрдамлар киради. Атайлаб айрим жисмоний хасталик (ногиронлик) оқибатида оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган ва ҳаётда бироз моддий қийинчиликларга учраб турган шахсларни топиб олиб, уларга турли шаклдаги моддий ёрдамлар кўрсатадилар. Тиббий ёрдам уюштирадилар. Уларнинг кўнглини ҳар томонлама олишга уринадилар. Бундай «саъй-ҳаракат»лари билан улар Ислом динига эътиқод қилувчи маҳаллий аҳоли ўртасида ўзлари ҳақида ижобий фикрлар туғдиришга эришадилар.
Маҳаллий халқ тилида ўша халқнинг урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда, сифатли, рангли, расмли даъват китобчаларини бепул тарқатиш. Мусулмонлар учун чиқарилган бу китоблар кўпинча Қуръон оятлари билан “безалади”. Маҳаллий халқ ўртасида уларнинг она тилида чоп этилган анча чиройли, рангли-безакли муқовадаги китоб ва журналларни бепул тарқатиб, уларда босилган мақола – материалларда туб аҳолига мутлақо ёт бўлган ўзга динлар ғояларини тарғиб қиладилар.
Насронийликни тарғиб қилувчи, қизиқтирувчи газета-журналлар ва аудио-видео дисклар тарқатиш. Миссонерлар бошқа динларга киришга чақирувчи лавҳалар акс этган видео-аудио кассеталарни аҳолига бепул тарқатадилар.
Радио-телевидение орқали жонли кўрсатувлар тайёрлаш. Бу кўрсатувлар орқали аҳолини мулоқотга чорлаш ва ғояларини синдириш.
Турли мавзуларда тадбирлар ва анжуманлар уюштириш. Шунингдек, улар турли санъат асарлари кўргазмаларини, спорт ўйинлари мусобақаларини, ёш ижодкорлар кўрик-танловларини ташкил этиш ва ушбу «тадбир»лар иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар улашиш.
Тиббиёт ва таълим-тарбия муассасаларига «малакали» мутахассис кадрларни «иш»га юбориш.
Якка-ёлғиз ва ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлган шахсларга «кўнгилочар» мактублар йўллаш,
Ёшлар ташкилотлари билан ўзаро «ҳамкорлик» ўрнатиш,
Компьютер ёки чет тилларини ўргатиш ниқоби остида миссионерлик кутубхоналарини, клубларини ташкил этиш.
Ўз сафларига қўшилганларни тез-тез моддий рағбатлантириб туриш ва хорижий мамлакатларга «ўқиш» ёки «малака ошириш» сафарига юбориш иш билан таъминлаш.
Юртларига келган саёҳатчиларни ҳам назардан четда қолдирмаслик.
Мана – уларнинг найрангларидан бир парча.
Улар алал оқибат юртимизда фитна чиқариш, инсонларнинг эътиқодини бузишдан тоймайди. Шунинг учун улардан доимо ҳушёр бўлишимиз, уларнинг тузоғига илинмаслигимиз керак.

Сардорбек Худоёров. Асака т. “Бобожон қори” масжиди имом хатиби