Никоҳ риштаси
Никоҳ − бу фақатгина табиий эҳтиёж ёки жамият муаммоси ёҳуд тараққиёт омили ҳам эмас. Балки ҳаммасини ўз қамровига олган илоҳий фармон. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Нур” сурасида марҳамат қилади:
وَأَنكِحُوا الْأَيَامَى مِنكُمْ
Яъни: “Ораларингиздаги никоҳсизларни никоҳлаб қўйинг”
Шунингдек никоҳга тарғиб қилгувчи бир қанча ҳадислар ҳам ривоят қилинган.
عن عبد الله بن مسعود رضي الله عـنه، أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: يا معشر الشباب، من استطاع منكم الباءة فليتزوج، فإنه أغض للبصر، وأحصن للفرج، ومن لم يستطع فعليه بالصوم فإنه له وجاء». أخرجاه من حديث ابن مسعود. رواه البخاري و مسلم
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, йигитлар жамоаси! Сизлардан кимки никоҳга имкон қила олса уйлансин. Чунки, у нарса ҳақиқатан кўзни тўсгувчи ва фаржни сақлагувчироқдир. Ва кимки имкон қила олмаса унга рўза лозим, зеро у нарса унинг учун бичгувчироқдир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Анас разияллоҳу анҳудан Байҳақий ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: ”Мен Одам (алайҳис салом) қошидан токи отам билан онамгача етиб келгунимча никоҳдан чиқдим. Ахлоқсизликдан чиқмадим”. (Алусий. “Руҳул-маоний” тафсири. “Тавба” сурасининг тафсиридан)
Оламларни яратган Маъбуди барҳақ, дунёнинг яралишига сабабчи бўлмиш ҳабибини ана шундай покиза насабдан танлаши никоҳ Аллоҳ наздида қанчалик эътиборга моликлигини кўрсатади.
Бунинг акси ўлароқ пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ашаддий душмани Валид ибн Муғира эса никоҳсиз туғилганидан никоҳга эътиборсиз жамият қанчалик маънавий таназзулга юз тутишини англаш мумкин.
Бир умрлик ҳаёт йўлдоши танлашда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насиҳатларига амал қилсин.
عن أبيه عن أبي هريره رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه و سلم قال : ( تنكح المرأة لأربع لمالها ولحسبها وجمالها ولدينها فاظفر بذات الدين تربت يداك )
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хотин киши тўрт (нарса) учун никоҳланади – моли учун, насаби учун, чиройи учун ва дини учун. Сен диндорини танлагин, барака топгур!” деганлар. (Бухорий ва Доримий ривоятлари)
Оила жамиятнинг биринчи бўғини экан, демак у ҳам кичкина, бирламчи ва жамиятнинг асл негизи бўлган жамият саналади. Ҳар қандай жамиятда бўлгани каби оилада ҳам кимдир раҳбарлик қилиши керак.
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ
Яъни: “Эркаклар хотинларнинг устидан қоимдурлар” (“Нисо” сураси, 34-оят)
“Қоим” сўзи ўзбек тилида “тургувчи” деган маънони билдиради ва Тафсири Нисопурийда тафсир қилинишича уларнинг ишлари бўйича турганликлари учун муболағага биноан истеъмол қилинади ва муҳофаза қилиш маъноларини ҳам билдиради.
Демак, Аллоҳ таоло оилада эркак бошлиқ бўлишини ихтиёр қилган экан.
عَنْ حَكِيمِ بْنِ مُعَاوِيَةَ الْقُشَيْرِىِّ عَنْ أَبِيهِ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا حَقُّ زَوْجَةِ أَحَدِنَا عَلَيْهِ قَالَ « أَنْ تُطْعِمَهَا إِذَا طَعِمْتَ وَتَكْسُوَهَا إِذَا اكْتَسَيْتَ — أَوِ اكْتَسَبْتَ — وَلاَ تَضْرِبِ الْوَجْهَ وَلاَ تُقَبِّحْ وَلاَ تَهْجُرْ إِلاَّ فِى الْبَيْتِ ». قَالَ أَبُو دَاوُدَ « وَلاَ تُقَبِّحْ ». أَنْ تَقُولَ قَبَّحَكِ اللَّهُ. (سنن أبي داود)
Ҳаким ибн Муовия ал-Қушайрий разияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади: “Эй Аллоҳнинг Расули, биронтамизнинг хотинининг унда (эрнинг зимасида) нима ҳақи бор?” – деб сўрадим. Жаноб: “Қачон овқатлансанг унга ҳам едиришинг, қачон кийинсанг уни ҳам кийинтиришингдур. Юзга урмагин, ҳақорат қилмагин ва уйдан бошқа жойда айро қилма!” – дедилар. (Абу Довуд айтади: « وَلاَ تُقَبِّحْ »−“ҳақорат қилмагин” дегани “Аллоҳ сени қабиҳ қилсин” деб айтмагин демакдур)
“Нисо” сурасида баён қилинишча эрга итоат қилмаган аёлга аввал насиҳат қилинади, насиҳат фойда бермаса жойни алоҳида қилиб ётилади. Уламоларимизнинг шарҳларига кўра ушбу ҳадиси шарифдаги “уйдан бошқа жойда айро қилма!” дейишдан мурод насиҳат кор қилмаган аёл билан жойни алоҳида қилганда ҳам бир уйдан бошқа уйда бўлмаслиги керак. Аксинча – бу ҳолатда хотиннинг ўзини ёлғиз ташлаб, бошқа уйга чиқиб кетишга эрнинг ҳақи йўқ деганлар.
عن سليمان بن عمرو بن الأحوص حدثنا أبي : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم … ألا وإن حقهن عليكم أن تحسنوا إليهن في كسوتهن وطعامهن (سنن ألأترمزي)
Амр ибн Аҳвас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул Вадоъдадаги машҳур хутбаларида жумладан эркакларга қарата шундай деганлар:
“Огоҳ бўлингларки, уларнинг сизнинг устингиздаги ҳақлари – уларга кийим-кечак ва озиқ-овқатни чиройли қилиб қўймоқларингиздур!”
Эркак хотинга нисбатан ҳар томонлама эътиборли бўлиши керак. Хусусан ибодат қилиш учун имконият ва шароит қилиб бериш, ибодатга тарғиб қилиш, шариат аҳкомларини ўргатиш шулар жумласидан. Айниқса аёлларга хос масалаларда, кундалик турмушда учраб турадиган ва шариатга таъаллуқли бўлган ишларда билмаган нарсасини ўргатиш керак. Агар ўзи ҳам билмаса, билгувчилардан сўраб келиб бўлса ҳам ўргатишлиги лозим.
Бир умрлик турмуш ўртоғи сифатида ҳаёт йўлида аёлидан маъқул кўрган ҳолатини ўзи ҳам аёлига раво кўриши керак. Чунки шаратимиз кундалик ишларга ҳам, шахсий ҳолатларга ҳам беэътибор бўлмаган.
وعن ابن عباس أنه قال : إني لأتزين لامرأتي كما تتزين لي
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо “Хотиним мен учун қандай зийнатланса, мен ҳам хотиним учун шундай зийнатланаман” деганлар. (“Мадорикут-танзил..”. Нисопурий тафсири)
Хотинга бепарволик катта жамият муаммоларига сабаб бўлиши мумкин. Оиладаги жанжалларнинг сабабларидан бири. Чунки аёлнинг эркакда моддий ҳақи бўлгани каби шахсий ҳақлари ҳам мавжуд. Кўпчилик билан қилган мулоқотларим ва ҳаётий тажрибаларимга асосан айтишим мумкинки, эрга итоатсизликнинг катта сабабларидан бири ҳам шу экан.
Асбот Садийдан ривоят қилишича
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تُحَرِّمُواْ طَيِّبَاتِ مَا أَحَلَّ اللّهُ لَكُمْ وَلاَ تَعْتَدُواْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
“Эй имон келтирганлар! Аллоҳ сизларга ҳалол қилган покизаларни ҳаром қилиб олманглар! Ҳаддингиздан ошмангиз! Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошганларни яхши кўрмагай!” − оятининг нозил бўлиши шундай бўлдики, бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларга панду насиҳатлар қилиб ўтирди ва уларга (Аллоҳ таолодан) қўрқитувчи (насиҳатлари)дан сўнг (умидворлик ва енгилликка далолат қилгувчи суҳбатни) зиёда қилмай ўринларидан туриб кетдилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ўн нафар бўлган айрим кишилар, жумладан Али ибн Абу Толиб, Усмон ибн Мазъун ҳам бор эди, “Энди бирор амал қилмасак бўлмайди. Насронийлар ўзларига (бази ҳалолларни) ҳаром қилганлар биз ҳам ўзимизга (бази ҳалолларни) ҳаром қиламиз!” – деб айримлари гўшт ва думба ёғини ейишликни, баъзилари эса кундузлари овқатланишликни, яна баъзилари ухлашликни ва яна қайсилари ўзларига аёл зотини ҳаром қилишди. Усмон ибн Мазъун ўзига аёл зотини ҳаром қилганлардан эди. Бинобарин аҳлига яқинлик қилмас, аҳли ҳам унга яқинлик қилмас эди.
Унинг хотини Оиша (разияллоҳу анҳо)нинг ҳузурларига кирди. Уни “Ҳавло” дер эдилар. Оиша разияллоҳу анҳо ва ёнларидаги Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари:
− Ҳой Ҳавло, сенга нима бўлди − рангларинг ўзгарган, сочларинг тароқ кўрмаган, ўзингга атир ҳам сепмагансан? – дедилар.
− Қандоқ қилиб ҳам ўзимга атир сепиб сочларимга тароқ солай, − жавоб берди Ҳавло. − Ҳолбуки, фалон-фалон пайтдан буён эрим менга на воқеъ бўлган ва на либосимни кўтариб қўйган бўлмаса!
Унинг сўзларидан кулиб юборишди. Улар кулишиб турган ҳолларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келиб қолдилар.
− Сизларни нима кулдиряпти? – сўрадилар Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
− Ҳавло кулдирди, эй Аллоҳнинг расули. Унинг ишини сўрасам “фалон-фалон пайтдан буён эрим либосимни кўтариб қўймаган бўлса!” деб жавоб берди, − дедилар Оиша разияллоҳу анҳо.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмонга одам юбориб чақиртириб келтирди ва:
− Сенга нима бўлди, эй Усмон? – дедилар.
− Мен ибодатга халал бермасин деб Аллоҳ учун тарк қилган эдим, − деб нима қилганлигини айтиб берди. Усмон ўзини ахта қилишни ирода қилган эди.
− Онт ичаманки, қайтиб бориб аҳлингга воқеъ бўласан! – дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
− Эй Аллоҳнинг Расули, мен рўза тутиб олган эдим?
− Рўзангни оч! Рўзангни оч! –дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шундан сўнг Усмон аҳлига борди…
Ҳавло Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳузурига яна келди. Кўзларига сурма қўйган, сочлари таралган, ўзига атир суртган. Оиша разияллоҳу анҳо кулиб:
− Ҳа, Ҳавло! Сенга нима бўлди? – деб сўрадилар.
− Кеча ёнимга келди… − жавоб берди Ҳавло разияллоҳу анҳо.
Шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (асҳобни йиғиб) айтдилар:
− Одамларга нима бўлдики, аёлларни, таомларни ва уйқуни ўзларига ҳаром қилиб оладилар?! Билиб қўйингларки, албатта, мен ухлайман ҳам, бедор ҳам бўламан! Рўза тутмайман ҳам, тутаман ҳам! Аёлларга яқинлик ҳам қиламан! Бас, кимки менинг суннатимдан (бошқага) рағбат қилса мендан эмас! − дедилар. (Тафсирий Табарий)
Оилада эркак кишининг талай вазифалари бўлгани каби хотинларнинг ҳам ўзига яраша бурчлари мавжуд.
Хотинларнинг зиммаларида эрларининг ҳақлари кўп бўлиб, шулардан доимийси уларнинг розилигидур.
حدثنا واصل بن عبد الأعلى حدثنا محمد بن فضيل عن عبد الله بن عبد الرحمن أبي نصر عن مساور الحميري عن أمه عن أم سلمة قالت : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم أيما امرأة ماتت وزوجها عنها راض دخلت الجنة (سنن الترمزي)
Имом Термизий Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Қай бир хотин эри ундан рози бўлган ҳолда вафот этган бўлса, жаннатга киради”.
عن عبد الرحمن بن عوف قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : إذا صلت المرأة خمسها وصامت شهرها وحفظت فرجها وأطاعت زوجها قيل لها أدخلي الجنة من أي أبواب الجنة شئت (مسند أحمد بن حنبل)
Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
“Қачонки хотин киши беш(маҳал) намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса унга “Жаннатнинг эшикларидан хоҳлаганингдан жаннатга киргин!” – деб айтилади” деганлар. (Аҳмад ибн Ҳанбал муснади)
Хотиннинг асосий вазифаларидан бири эрининг табиий эҳтиёжи эканлиги ҳақида ҳам кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан жаноб пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
عن قيس بن طلق عن أبيه طلق بن علي قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم إذا الرجل دعا زوجته لحاجته فلتأته وإن كانت على التنور
“Қачонки эркак киши хотинини ҳожати учун чорлаб қолса, у (хотин) агарчи тандирнинг рўпарасида турган бўлса ҳам етиб келсин!” (Толқ ибн Али разияллоҳу анҳудан имом Термизий ривояти)
عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه و سلم قال ( إذا دعا الرجل امرأته إلى فراشه فأبت أن تجيء لعنتها الملائكة حتى تصبح )
“Эркак киши қачон хотинини тўшагига чорласаю, у келишга майл қилмаса тонг отгунга қадар фаришталар уни лаънатлагайлар” (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривояти)
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « وَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ مَا مِنْ رَجُلٍ يَدْعُو امْرَأَتَهُ إِلَى فِرَاشِهَا فَتَأْبَى عَلَيْهِ إِلاَّ كَانَ الَّذِى فِى السَّمَاءِ سَاخِطًا عَلَيْهَا حَتَّى يَرْضَى عَنْهَا ». (صحيح المسلم)
“Нафсим тасарруфида бўлган зотга қасамки, бир кишики, хотинини тўшагига чорласаю, у (хотин) унга қаршилик қилса токи (эр) ундан рози бўлгунга қадар осмондаги Зот у(хотин)га ғазаб қилган ҳолатда бўлгай!” (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Муслим ривояти)
Эрнинг хотиндаги шахсий ҳақлари шунчалик муҳимлигидан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه : أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال ( لا يحل للمرأة أن تصوم وزوجها شاهد إلا بأذنه
“Хотин кишига эри ҳозир бўлса унинг изнисиз рўза тутишлик ҳалол бўлмайди”. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривояти)
Албатта бу ўринда гап нафл рўза ҳақида кетяпти. Фарз рўзаси учун эрининг розилигининг эътибори йўқ.
Бизлар ожиз бандалармиз. Камчиликлардан ҳоли эмасмиз. Бунинг устига кажрафтор дунё паст-баланддан иборат. Шунинг учун ҳаёт доим ҳам биз хоҳлаган кўчага юравермайди. Инчунун, турмушда ҳам биз хоҳламаган муаммоларга рўпара келиб турамиз.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Нисо” сурасининг 19-оятида эркакларга хитоб қилади:
وَ عَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْكَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَ يَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا (19)
Яъни: “Улар билан яхши муъошаратда бўлинглар. Агар сизлар уларни ёмон кўрсаларингиз, шоядки бир нарсани ёмон кўрсангиз ҳам Аллоҳ ўша нарсада кўпгина яхшиликларни қилиб қўйса”
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Сизларга хотинлар ҳақида васият қиламан. Хотин киши қобирғадан яралгандир. Қобирғанинг қийшиқроғ жойи юқорисидур. Уни тўғрилайман деб уринсанг синдириб қўясан. Агар тек қўйиб қўйсанг қийшиқликдан қолмайди. Хотинларга яхшиликни васият қиламан”, − деганлар. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Улуғбек қори Йўлдошев. Асака т. “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими
