Нафс йўлдан оздирур
Айтадиларки инсонни икки нарса йўлдан оздирур. Бири – шайтон, иккинчиси – нафс. Шайтоннинг шарридан паноҳ сўрасак, ҳар ҳолда биздан йироқлашиши бор. бироқ нафс ўлгунимизча биз билан бирга. Баъзан бирор хайрли иш қилмоқчи бўлсак бизларга малол келади. Аксинча, гуноҳ ишни бемалол қилиб ҳузурланамиз. Бу – нафсимиз устидан ғолиб бўла олмаганлигимиз белгиси. Ва ҳолонки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ таоло ман қилган ишларни тарк қилган одамдир” деганлар.
Яна шундай дейдилар: нафс ҳурриятга табиатан мойил. Дин эса кишандир. Бу кишан эса жуда керакдир. Агар нафсни ўзига қўйиб берсак, табиатан ҳурриятга мойиллигидан келиб чиқиб, фаҳш ишларни қилиб қўяди. Ва жамият улкан жиннихонага айланади. Чунки мутлақ ҳуррият жиннилар учундир. Жинни хаёлига келган ҳамма ишни қилади. Масалан, йўлда яланғоч юриб қолади. Автобусда ҳайдовчининг елкасига миниб олади. Кийимингиз чиройли кўриниб, устингиздан ечволади. Қизингиз маҳлиё қилиб, уни ўзига беришингизни талаб этади. Жиннилик мутлақ ҳурриятли ҳурликдир. Оқилни эса ақли кишанлаб олган бўлади.
Машойихлар нафс тарбияси ва ислоҳида асосан, учта муҳим йўлга урғу берадилар.
1. Нафсдан хоҳлаётган нарсаларини тийиш ёки камайтириш.
Чунки асов ҳайвонни жиловлаш ва қўлга ўргатиш унинг емини камайтириш билан бўлади. Ҳудди шунингдек, бебош нафсни тарбия қиламан деган киши нафс хоҳиш ва истакларини жиловлаб тийиш керак.
2. Нафсга оғир келадиган ибодатлар, яхши ишларни юклаш.
Асов ҳайвонни бўйин сундиришининг яна бир йўли, унинг емини озайтириш билан бирга устига ортиладиган юкини кўпатириш билан бўлади. Шунда ҳайвон заифлашиб, ўз-ўзидан итоаткор бўлиб қолади. Нафс тарбиясида мана шу усулни қўллаш яхши самара келтиради.
3. Бу йўлда доим Аллоҳ таолодан тавфиқ ва ёрдам сўраш.
Чунки нафсни Аллоҳ таоло яратди. Унинг ҳолатини, қиладиган ишларини биздан кўра яхшироқ билади.
Ҳадиси Қудсийда айтилади:
“Эй Одам фарзанди! Мен ато этган тинчлигу саломатлик туфайли тоатимга тоқатли бўлдинг. Тавфиғим туфайли фарзларимни адо қилдинг. Берган ризқим билан Менга итоатсизлик қилишга куч топдинг. Хоҳишим туфайли хоҳлаган нарсангни хоҳладинг. Иродам туфайли нафсинг нени истаса, истадинг. Неъматим туфайли турдинг, ўтирдинг, қайтдинг. Ҳимоятим билан кунни боттириб, тонгни оттирдинг. Фазлим билан маишат кечириб, неъматим билан тўкис яшадинг. Офиятим билан безандинг. Кейин Мени унутиб, ўзгани зикр қилдинг. Нега ҳаққимни ва шукримни адо қилмаяпсан?!”
Қамариддин Шарофуддинов. Асака т. “Имом Абу Юсуф” жоме масжиди имом хатиби
(фойдаланилган манбалар: Ислом.уз ва Муслим.уз сайтлари)
