Ҳалоллик — шариат мезони

Ҳалоллик – шариатимизнинг асосий мезонлардан бири сананади. Зеро, ҳар бир мусулмон бажарган солиҳ амалларининг қабул бўлиши, фарзандларининг салоҳияти, оиласининг фаровонлиги айнан луқмасининг ҳалол, касби-корининг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига боғлиқдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
طَلَبُ الْحَلاَلِ وَاجِبٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ (رواه الإمام الطبراني عن انس ابن مالك رضي الله عنه)
“Ҳалол ризқ излаш – ҳар бир мусулмон учун вожибдир”. (Имом Табароний ривоятлари).
Тирикчилик учун касб-кор қилиш ҳаёт заруратларидан бўлгани сабабли Аллоҳ таоло инсон ҳаёти учун керак бўладиган барча сабабларни тайёрлаб қўйган.
Касблар ҳар хил бўлади. Ҳалол – покиза касблар ҳам бор, ҳаром – жирканч касблар ҳам бор. Шариъатимиз инсоннинг касб-кори фақат ҳалол бўлиши, ризқ-рўзининг манбаи бирор шубҳа аралашмаган ҳалол маблағдан бўлишига чақиради.
عن عائشة قالت قال النبي صلى الله عليه وسلم إن أطيب ما أكلتم من كسبكم وإن أولادكم من كسبكم . رواه الترمذي والنسائي وابن ماجه . وفي رواية أبي داود والدارمي إن أطيب ما أكل الرجل من كسبه وإن ولده من كسبه
Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Киши ейдиган нарсаларнинг энг покизароғи ўз қўли билан касб қилганидандур”. (Оиша разияллоҳу анҳодан Абу Довуд, Насаий, ибн Можа ривоятлари)
Динимизда доимо ҳалол касбга тарғиб қилиб келинган. Ҳатто охират амаллари учун ҳам бира тўла дунёвий ишлардан тўла ажраб чиқиб, на ўзига, на қарамоғидаги оиласига қарамай бутунлай ибодатга ажралиб чиқишга рухсат берилмайди. Балки ҳалол касбнинг ўзи ҳам ибодат даражасидаги амаллардан саналади. Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъю ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган.
وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم
دينار أنفقته في سبيل الله ودينار أنفقته في رقبة ودينار تصدقت به على مسكين ودينار أنفقته على أهلك أعظمها أجرا الذي أنفقته على أهلك . رواه مسلم .
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Бир динор Аллоҳ йўлида нафақа қилдинг, бир динор қул озод қилишга сарфладинг, бир динор мискинга садақа қилдинг, бир динор аҳлингга нафақа қилдинг. Буларнинг ичида ажри улуғроғи аҳлингга нафақа қилганингдур” (Муслим ривояти)
Бошқа бир ҳадисда эса:
“Киши ўз қарамоғидагини ташлаб қўйиши гуноҳкор бўлишига кифоя қилади” – деганлар. (Абдуллоҳ ибн Амрдан Абу Довуд ривояти)
Динимизда ҳалолдан ризқ қидириш ҳатто ибодат даражасига кўтарилган. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф ҳам далолат қилади. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта сен аҳлингга Аллоҳнинг розилиги йўлида қилган ҳар қандай нафақага ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқмага ҳам”, дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).
Ҳадиси шарифларда энг яхши касб инсон ўз қўли ва савдо йўли билан қиладиган касб экани айтилади. Ҳадиси шарифлар деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик, ҳунармандлик, саноат ва уларни харидорга етказиш, яъни савдони ўз ичига олади. Бугунги кундаги турли хил хизматлар ҳам мана шу савдонинг ичига киради, чунки хизматлар ҳам пировард натижада сотилади. Рофеъ ибн Хадиж разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан энг яхши касб қайси, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом:
عَمَلُ الرَّجُلِ بِيَدِهِ وَكُلُّ بَيْعٍ مَبْرُورٍ
яъни: “Энг яхши касб – киши ўз қўли билан касб қилиши ва ҳар бир яхши савдо”, – деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Соғлом, меҳнатга лаёқатли кишининг ўзи ва аҳли аёли учун касб-кор қилиб мол топиши – асосий фарзлардан кейинги фарздир. Лекин касбу кор ҳам фарз экан деб, асосий ибодатларни четга суриб қўйилмайди. Мусулмон киши зиммасидаги оила аҳлини таъминотсиз қолдириб, касб-кор қилишни ташлаши ёки тиланчилик йўлига ўтиши мумкин эмас, балки ҳалол меҳнат қилиши керак.

Анваржон Холиқов. Асака туманидаги «Пастки Қурама» жоме масжиди имом хатиби