Намозни вақтида ўқиш керак

Қиёмат қоим бўлиб амаллардан сўралганда аввалги сўроқ намоздан бўлади деганлар. Мусулмон учун энг биринчи галдаги ибодат ҳам айнан намоздир. Намоз жаннатнинг калити. Намоз – дўзахдан қалқон. Намознинг яна кўплаб фазилатлари бор.
Абу Молик Ҳорис ибн Осим ал-Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Поклик имоннинг ярмидир. «Алҳамдулиллоҳ» тарозуни тўлдиради. «Субҳоналлоҳи валҳамдулиллаҳ» ер билан осмон ўртасини тўлдиради. Намоз нурдир. Садақа ҳужжатдир. Сабр зиёдир. Қуръон сeнинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Ҳар кимса тонг оттириб нафсини савдо қилади. Бу билан уни озод қилади ёки ҳалок қилади», дeдилар. (Имом Муслим ривояти)
عن أبي عبد الرحمن عبد اللَّه بن مسعود رضي اللَّه عنه قال : سأَلتُ النبي صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم: أَيُّ الْعملِ أَحبُّ إلى اللَّهِ تَعالى ؟ قال : « الصَّلاةُ على وقْتِهَا » قُلْتُ : ثُمَّ أَيُّ ؟ قال: «بِرُّ الْوَالِديْنِ » قلتُ : ثُمَّ أَيُّ ؟ قال : «الجِهَادُ في سبِيِل اللَّهِ » متفقٌ عليه
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим:
“Қайси амал Аллоҳга маҳбубдир?”
“Вақтида ўқилган намоз”, дедилар саллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Бухорий Муслим ривоятлари)
Яна айтдиларки:
«Ким бомдодни ўқиганидан сўнг зикр учун яна бир оз ўтирса, Аллоҳ унга Фирдавс жаннатида тилло ва кумушдан бўлган етмишта қаср ато қилади».
Яна айтдилар:
«Намоз эшигингиз олдидан оқиб ўтувчи анҳорга ўхшайди. Сизлар анҳорда бeш марта ювинсаларингиз, сизларда кир қоладими?» Саҳобалар:
«Албатта, йўқ», дeйишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Намоз ҳам сув каби гуноҳларни ювади», дeдилар. («Дақоиқул ахбор». Дурратун носиҳийн. Усмон ибн Ҳасан ибн Аҳмад Шокир Хубарий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Шунингдек, намозга бепарволикнинг оқибати ҳам ёмонлигини унутмаслик керак.

Сарварбек Йўлдошев. Асака т. “Мирзо Шариф” жоме масжиди имом хатиби