Халқимизда “Бахилнинг боғи кўкармас” деган мақол борлиги ҳаммага маълум. Ҳар бир мақолнинг ҳам келиб чиқиш сабаби ва ўзига яраша ҳикмати бор. Аммо мазкур мақолнинг келиб чиқиш тарихи Қуръони Карим қиссаларида ҳам борлигини кўпчилик билавермаса керак.
Бахилнинг боғи
“Қалам” сурасида зикри келган боғ эгалари ҳақида деярли барча тафсирларда баён қилинган. Хусусан ватандошимиз имом Абу Баракаот Насафийнинг Ислом оламида машҳур ва мўътабар тафсирлари бўлмиш “Мадорикут-танзил”ида баён қилинишича Зурвон қишлоғида яшаган бир солиҳ инсоннинг ҳосилдор боғи бор эди. Мева ҳосили етилганда оиласи учун бир йилга етгулик миқдорда олиб қолиб, қолган қисмини камбағалларга садақа қилиб юборар эди.
Вақти соати етиб вафот этганидан сўнг ўғиллари ўзларича маслаҳат қилишиб: “Агар биз ҳам отамиз қилганидек қилсак қийинчиликда қоламиз. Ҳолбуки, бизлар бола-чақалик оилалармиз”, ‒ деб саҳарга яқин мискин ва камбағалларга билдирмасдан махфий ҳолатда ҳосилни йиғиштириб олишликка қасам ичдилар.
Аллоҳ Таоло уларнинг ниятларига яраша жазо қилиб уларнинг оталаридан қолган боғларига бало юборди. Бундан бехабар ўғиллар саҳарлаб бир-бирларини чақириб йўлга тушишди. Тағин мискинлар билиб қолмасинлар дея шошилиб, пинҳона бордилар. Етиб келиб қарасалар мевалари куйиб кетган боғнинг рўпарасида турибдилар.
Аввалига “Бу ‒ бошқа боққа ўхшайди, бизлар адашиб қолибмиз шекилли”, ‒ дейишди. Сўнгра айнан ўзларининг боғлари эканини таниб, ҳақиқатан бахиллик ила нотўғри иш қилиб бор меваларидан айрилиб қолганларига иқрор бўлдилар.
“Вал лайли” сурасида ҳам Аллоҳ Таоло бахиллар ҳақида баён қилган:
¤ وَأَمَّا مَن بَخِلَ وَاسْتَغْنَى ¤ وَكَذَّبَ بِالْحُسْنَى ¤ فَسَنُيَسِّرُهُ لِلْعُسْرَى ¤
Яъни: “Ва аммо кимки бахиллик қилса, истиғно қилса (ўзини Аллоҳдан ҳам беҳожат деб билса), “Ҳусно”ни (гўзал миллатни) ёлғонга чиқарса ‒ бас, Биз уни машаққатли йўлга муяссар қилиб қўюрмиз”.
Яна ўша тафсир китобида баён қилинишича ундай бахил инсонларни Аллоҳ таоло дўзахга етакловчи хислатларга муяссар қилиб қўяди. Натижада тоат унинг учун энг оғир ва машаққатли нарса бўлиб қолади.
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ
12.05.2011.