АСР ВАБОСИ

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ер юзида Ўзига халифа қилиб Одам алайҳис саломни яратди. Унинг наслидан тарқаган зурриётларга икки йўлдан бирини танлашлик ихтиёрини берди. Бу икки йўлнинг оқибати қандай бўлишини ҳам бандаларга билдирди. Бу йўлларнинг бири – ҳидоят, иккинчиси эса – залолат.

Банда хоҳласа ҳидоят йўлига юрсин. Бу йўлга кирган инсон ҳаётда ҳам бахтли саодатли, обрў эътиборли бўлади. Қилган барча амали ўзига, оиласига ва бутун кишилик жамиятига фойда етказади. Эл юрт олдида, Ватан олдида, виждони олдида ва яратган Холиқ таоло хузурида юзи ёруғ бўлади. Ўзи ҳурмат ва эъзозда бўлади.

Бундай инсонларни Аллоҳ таоло “Ана ўшалар барийёт(махлуқот)нинг яхшиларидурлар” деб таърифлайди. (Баййина 7)

Аммо иккинчи йўл ҳам борки, у йўл бандани дунёда ҳам хор зор қилиб, эл-юрт, жамият олдида шарманда қилади, охиратда абадий азобга етаклайди. Улар хақида Аллоҳ таоло айтади: “Улар (тилсиз) ҳайвонлар кабидурлар. Балки, улардан ҳам адашганроқдурлар” (Аъроф. 179)

Дарҳақиқат, ундай кимсалар ҳайвонлар ҳам қилмаган қабиҳ ва тубан ишларни қилиб оиласига, наслу насабига ва бутун жамиятга хиёнат этгайлар.

Шулардан бири – зино. Бугунги кунда бутун жаҳон жамоатчилигининг асосий муаммоларидан бўлиб турган СПИД касаллиги ҳам айни зинодан келиб чиқиб, бугун башарият ҳалокат ёқасига келишига сабаб бўлмоқда.

Муқадас динимиз кўрсатмаларида башариятнинг беш жиҳатини муҳофаза қилишлик таъкидланади. Булар:

  1. Инсон динини муҳофаза қилиш.
  2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
  3. Инсон наслини муҳофаза қилиш.
  4. Инсон соғлигини муҳофаза қилиш.
  5. Инсон молини муҳофаза қилиш.

Шулардан бирига қилинган тажовуз динимизда инсоннинг бутун борлиғига қилинган тажовузга тенглаштирилади.

Ҳозирги вақтда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган муаммолардан бири ОИТС – орттирилган иммун танқислиги синдромидир.

ОИТС ХХ асрнинг охирида инсоният оламида энг муҳим ва энг даҳшатли воқеа ҳисобланади. Ҳозирги кунда эса ХХI АСР ВАБОСИ бўлиб қолди.

Ислом дини таълимотида инсон ўз сиҳат-саломатлигини сақлаши ва эҳтиёт қилиши асосий мақсадлардан бири эканлиги алоҳида таъкидланган. Шунинг учун ҳам киши ўз саломатлиги ҳақида қайғуриши ва унга асло бепарво бўлмаслиги уқтирилади. Ҳозирги асримизда мазкур ОИВ балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бўлиб турибди.

1970 йилларнинг ўрталаридан бошлаб ер курраси бўйлаб кеза бошлаган СПИД, яъни ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) пандемиясида 375000 кишининг шу хасталикка чалингани, 1988 йилнинг охирларига келиб 5 миллион кишининг у билан оғригани, БМТ-СПИД (ЮНЕЙДС) маълумотига қараганда, дунё бўйича тез тарқалаётгани, 2001 йилга келиб ВИЧ/СПИДни юқтириб олганларнинг сони 50 миллиондан ортгани аниқланган. Ушбу хасталик сабабидан 16,3 миллион киши вафот этган.

Ватанимиз соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича, СПИД борасида мамлакатимизда ҳам нохуш эпидемиологик вазият вужудга келгани қайд қилинади. Республика бўйича 2000 йилнинг ноябр ойигача 11 та маъмурий ҳудудда 190 киши касалликни юқтириб олгани қайд қилиниб, улардан 14 нафари СПИД ташхисидан вафот этган. Уларнинг 75 фоизи инъекцион гиёҳвандлардир. Охирги 12 йил давомида 51 та вирус юқтирганлар аниқланган. 1999 йилда 25 нафар киши юқтириб олган, 2000 йилда эса 100 дан ортиқ ВИЧ/СПИД билан хасталанганлар қайд қилинган.

ОИТС касаллиги Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабабчидир. Зеро, бу Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид ишдир.

Илоҳо халқимизни бундай офатлардан сақласин!

Улуғбек қори Йўлдошев