Шайтондан огоҳ бўлинг

Шайтон бизга абадий душмандир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Одам алайҳис саломнинг мартабасини юқори қилиб, барча фаришталар унга таъзим саждасини қилишларини амр қилганида биргина иблис сажда қилмади. У Одам алайҳис саломга ҳасад қилди. Ўша ҳасад туфайли кибрланди. Сажда қилишдан бош тортди. Шундан бошлаб у Одам авлодларига абадий душман бўлди. У бизларни бузуқ ишларга чорлайди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ وَمَن يَتَّبِعْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ فَإِنَّهُ يَأْمُرُ بِالْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ مَا زَكَا مِنكُم مِّنْ أَحَدٍ أَبَداً وَلَكِنَّ اللَّهَ يُزَكِّي مَن يَشَاءُ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ 
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фоҳиша ва мункарга буюради. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хохлаган кишини поклайдир. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир”. (Нур. 21)
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларни огоҳлантириб шайтоннинг макридан сақланишимиз учун Қуръони каримда у ҳақда бир қанча оятларда баён қилди. унинг бизларга душман эканлигини таъкидлаб, бизларни ҳам унга душман бўлишга буюрди:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ فَلَا تَغُرَّنَّكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا وَلَا يَغُرَّنَّكُم بِاللَّهِ الْغَرُورُ 
Яъни: “Эй инсонлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бу дунё ҳаёти сизларни ғурурга кетказмасин. Сизларни ўта ғурурга кетказгувчи Аллоҳ ҳақида алдаб қўймасин. (Фотир. 5)
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга бизларга қандай қилиб шайтондан сақланиш ҳақида насиҳатлар қилганлар. Шайтон қандай ҳолатларда биз билан бирга бўлиб олиши ҳақида батафсил тушунтирганлар. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: 

«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Киши уйига киришда ва овқатланишда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилса, шайтон: «Сизларга бошпана ҳам, кечки таом ҳам йўқ», дейди. Агар киши уйига киришида Аллоҳни эсламаса, шайтон:
«Бошпанага эришдингиз», дейди. Агар у овқат пайти Худони ёдига олмаса, шайтон:
«Бошпанага ҳам, кечлик таомга ҳам эришдингиз», дейди».
Солимнинг отаси айтди – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ҳеч бирингиз чап қўли билан еб-ичмасин, чунки шайтон чап қўлида еб ичади», дедилар.
Нофиъ разияллоҳу анҳу бунга шундай қўшимча қилган — «Ул зот яна:
«Чап қўл билан олмангиз ҳам, бермангиз ҳам», дегандилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
«Эшикларни беркитинглар, сув идишнинг оғзини боғланглар, товоқларни тўнтариб қўйинглар, идишларнинг устини ёпиб қўйинглар ва чироқни ўчиринглар. Зеро, шайтон ёпиқ эшикни очмайди, боғланган мешни ечмайди, оғзи ёпиқ идишни очмайди. Сичқон бўлса, одамларнинг уйларини ёқади».
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтади:
«Бир сичқон келиб, чироқ пилигини судраб кетди. Жория уни ҳайдамоқчи бўлиб кетаётганда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Майли, тегма унга», дедилар.
Сичқон пилигни судраб келиб ул зот ўтирган ёпинчиқ устига ташлади. Ёпинчиқнинг тангадай жойи куйди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Агар ухлашга ётсангиз, чироқларингизни ўчиринг, чунки шайтон шу сичқон кабиларни йўналтириб, сизларни куйдиради», дедилар».

Эркинжон Ҳусанов. Асака т. “Марқаюз” жоме масжиди имом-хатиби   Ҳадислар “Адубул-муфрад”дан олинди. (зиёуз.cом кутубхонаси)