Фолбинлик ва сеҳру-жоду қадим замонлардан бери одамларни хурофот сари чорлаб келади. Сулаймон алайҳис салом давридаги сеҳргарлик ва Бобил шаҳрига тушган фаришталар ҳақида Қуръони каримда баён қилинган:
وَاتَّبَعُواْ مَا تَتْلُواْ الشَّيَاطِينُ عَلَى مُلْكِ سُلَيْمَانَ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَـكِنَّ الشَّيْاطِينَ كَفَرُواْ يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّى يَقُولاَ إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلاَ تَكْفُرْ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلاَّ بِإِذْنِ اللّهِ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلاَ يَنفَعُهُمْ وَلَقَدْ عَلِمُواْ لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الآخِرَةِ مِنْ خَلاَقٍ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْاْ بِهِ أَنفُسَهُمْ لَوْ كَانُواْ يَعْلَمُونَ
Яъни: “Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: «Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва икковларидан зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганадилар. Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон!” Бақара. 102)
Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди.
Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима–кишиларга амалда кўрсатилган экан.
Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога «Сулаймон кофир бўлмаган» деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда. Кофирликни бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади сеҳрларини? «Эр-хотиннинг ўртасини бузишга».
Демак, ёмон нарсага. Сеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар.(Маъно таржима ва изоҳ Қуран.уз сайтидан олинди)
Бу ҳақда имом домлаларимиз қайта-қайта гапирсалар ҳам халқимиз орасида ҳамон фолбинлар тўрига интилаётганлар йўқ эмас. Ҳолбуки, фолбинлик имон учун ва ибодат учун ўта хатарлидир.
Бугунги кунда фолбинларнинг турлари кўпайиб кетди. Улар ўзларини ҳар хил номлар билан атайдилар. Улар ўзларини шунчалар ўраб олганларки, ҳатто авом халқ уларнинг қайси бири фолбину, қайси бири тўғри йўлда шариатга мувофиқ, суннатга мувофиқ дам солгувчи эканликларини ажрата олмайди.
Уламолардан Имом Бағавий: “Фолбин – турли ишларнинг сабабларини билишини, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирланган нарсани ким ўғирлагани каби нарсаларни билишини даъво қилувчи шахсдир”, – дейдилар. Ваҳоланки, тақдирни билиш ва келажакда бўладиган ишларни ёки уларни ўзгартириш фақатгина Аллоҳнинг қўлида бўлиб, ҳеч бир зот Аллоҳнинг ёзган тақдирини ўзгартиришга қодир эмас.
Фолбинларнинг баъзи тоифалари оят ва дуоларни бетаҳорат ҳолда, хатолар билан ўқийдилар. Намозни ҳам бетаҳорат ўқиш мумкин эмаслигини била туриб, намозни ҳақорат қилиш мақсадида нопок ўқийдилар. Чунки улар қанчалик ашаддий фожирнинг амалини қилса, шайтон ва жинлар ҳам уларга кўпроқ хизматда бўлиб, янада тезроқ унинг буюрганларини бажаради.
Айтиш жоизки, бугунги кунда фолбинлар ва уларнинг ёлғон кирдикорларига алданиб қолаётганлар орасида кўпчиликни аёллар ташкил қилади. Улар ўзларини “Ота-боболаримиз: “Фолга ишонма, фолсиз юрма” деган”, – деб алдашга уринадилар. Ваҳоланки, бутун Ислом оламига дарс берган аждодларимизнинг бирорта ҳам асарларида бу каби асоссиз гаплар учрамайди.
Анваржон Холиқов. Асака туманидаги «Пастки Қурама» жоме масжиди имом хатиби
