Диёнат надир?

Кейинги пайтларда тафаккур аҳли одамлар орасидан оқибат ва диёнат кўтарилиб кетаётганидан ташвишланмоқда. Инсонларни оқибат ва диёнатга тарғиб қилмоқдалар. Биз ҳам шунинг тарафдоримиз.

Хўш, диёнат нимадир?

Диёнат араб тилидан кириб келган бўлиб, ўзаги دان (دَيَنَ)  “бўйин эгмоқ”, “итоат қилмоқ” бўлиб, ديانة —  (диёнатун)  “диёнат” – “диний эътиқод” маъноларини билдиради. Шунингдек ўзбек тилининг изоҳли луғатида “виждон” ва “инсоф” маъноларида келиши ҳам айтилган. 

А. Авлоний қаламига мансуб “Туркий гулистон”да шундай таъриф берилади:

“Диёнат аллоҳ ҳузурина яқин қиладурган муқаддас эътиқоддурки, оламда мундан суюкли нарса йўқдур Дин ва эътиқоди саломат бўлмаган кишилар ҳақни ботилдан, фойдани зарардан, оқни қорадан, яxшини ёмондан айира олмас, мундай кишилардан на ўзига ва на бошқа кишиларга, ва на миллатга
тариқча фойда йўқдур”.

Диёнатдан йироқлашининг сабабларини ўрганган олимлар қуйидаги хулосаларини баён қилдилар:

1) Руҳиятга бепарво бўлиб, бор эътиборларини тана гўзаллиги-ю, ташқи кўринишларни сайқаллашга қаратишларидир.

2) Ақида заифлиги ва шаръий илмларга беэътиборлик.

Ҳолбуки, динимизда илмга кўп рағбат қилинади. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. имом Бухорий айтганидек, нажот илмдадир.

3) Ислом дини ҳақида нотўғри тушунчанинг шаклланиши.

Бу эса кўпроқ Исломни нотўғри тарғиб қилиш орқали вужудга келмоқди.

4) Керагидан ортиқ даражада дунё билан машғул бўлиш.

5) Кўнгилочар нарсаларнинг кўпайиб кетиши.

Айниқса, ҳозирги техника асрида инсонларни ўзига асир қилиб олган, вақтларини еб битираётган “ўргимчак тўри”, телевизор, телефон, турли ижтимоий тармоқлар. Бу каби умр заволи бўлган “кўнгил овунчоқларини” яна узоқ давом эттириш мумкин…

6) Содир этилган гуноҳ маъсиятлар сабаб Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш.

Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида шундай марҳамат қилади.

إنَّ اللَّهَ لاَ يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَاء وَمَن يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا

Яъни: Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмасУндан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, улкан гуноҳни тўқибдир (Нисо сураси 48-оят).

7) Охират кунига бўлган ишончнинг озлиги.

8) Шайтонга қарши курашмай қўйиш.

Ҳолбуки, Аллоҳ таоло шайтоннинг бизларга очиқ душман эканлигини очиқ баён қилган:

إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوّاً إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِيرِ

Яъни: “Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради”. (Фотир. 6)

            Сардор Худоёров. Асака туманидаги “Бобожон қори” масжиди имом-хатиби

Muslim.uz сайтидан фойдаланилди