Жамият ва юртнинг тараққиёти жамият аъзоларининг маънавиятига чамбарчас боғлиқдир. Юрт аҳолисининг маънавияти қанча юқори бўлса, юрт тараққиётининг даражаси ҳам шунга яраша бўлур. Жамият эса турли туман инсонлар билан таркиб топган. Ўша инсонларнинг ҳар бири ўзининг ўрнига қараб, бутун жамият ҳаёти учун таъсир кучига эга. учун масъулдир.
Шундай экан ҳар бир инсон нафақат ўзи учун, балки атрофидаги инсонлар учун ҳам масъулдир. Аввало ўзимизни ислоҳ қилишимиз, шу билан бирга атрофимиздаги замондошларимизга бефарқ бўлмаслигимиз керак.
Жамиятни инқироз сари етакловчи бир қанча иллатлар бўлиб, шуларнинг бири ва салбий таъсири юқори бўлгани – ичкииликбозлик.
Маълумки, ичкиликбозлик инсоннинг қалбини қорайтирадиган, уни ақлдан бегона қиладиган ёмон иллат. Бу иллат ўз вақтида даволанмаса унинг асорати оғир оқибатларга олиб бориши аниқ. Шунинг учун динимизда ичкиликбозликдан қаттиқ қайтарилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ (سورةالمائدة الأية90-91).
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд нажот топсангиз. Шайтон май билан қиморда ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91- оятлар).
Араб тилида маст қилувчи ичимликни “хамр” деб аталади. “Хамр” луғатда бекитмоқ, тўсмоқ маъноларини билдиради. Чунки, у ақлни тўғри фикрлашдан тўсади, фикр йўлини беркитади.
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ وَكُلُّ خَمْرٍ حَرَامٌ «
(رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِمٌ وَالإِمَامُ النَّسَائِي وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَه).
яъни: Ибн Умар разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ҳар бир маст қилувчи нарса майдир ва ҳар бир май ҳаромдир”(Имом Муслим, имом Насоий ва Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳадиси шарифларда нафақат май ичишдан, балки, унинг яқинига келишдан ҳам қайтарилган.
قَالَ النَّبيُّ ﷺ: «مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلاَ يَقْعُدْ عَلَى مَائِدَةٍ يُشْرَبُ عَلَيْهَا الْخَمْرُ» (رَوَاهُ الإمَامُ أحْمَدُ).
яъни: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса май ичиладиган дастурхон атрофида ўтирмасин”, – дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Қуйида ичкиликбозлик оқибатида келиб чиқадиган энг оғир жиноятларни санаб ўтамиз.
- Қотиллик.
- Зино.
- Ўғирлик.
- Ўзаро душманчилик ва адоват.
- Ёлғон ва туҳмат.
- Оилаларни бузиш.
- Ногирон болаларни туғилиши.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туманидаги «Муҳаммадсолеҳ» жоме масжиди имом-хатиби
