Аллоҳ таоло мўминларга тинчлик ва адолат ўрнатишни, одамлар орасини ислоҳ этишни, барчага бирдай яхшилик ва эзгулик қилишни буюрган, ҳар қандай зўравонлик ва бузғунчиликни тақиқлаган.
Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна-фасод уруғларини сочиш, дин ниқоби остида бегуноҳ одамларга зулм қилиш, уларнинг жони ва молига тажовуз этиш инсониятга қарши қаратилган энг мудҳиш жиноятлардир. Террор, бузғунчилик, зулм, урушлар, одамларнинг жабр-ситам кўришлари ва хўрланишларига сабаб бўлувчи барча тажовузкорликларни динимиз қоралаган.
Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло мўмин бандаларни фитнадан огоҳлантиради:
وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ (سورة ﺍﻷنفال/25)
яъни: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”.
“Фитна” араб тили луғатида «синов, имтиҳон» маъносида келади. Араблар одатда маъданни ўтга солиб синаб кўришни «фитна» дейишади. Истилоҳда эса кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қурон каримда фитнанинг нақадар оғирлигини айтган:
وَالْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ
Яъни: “Фитна қатл этишдан ёмонроқдир”.(Бақара. 191)
Золим кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун қабилалар ўртасига фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишади. Фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам ёмон жиноятдир. Аммо жоҳил ва урушқоқ бузғунчилар инсоният тарихи давомида жуда кўп марта Парвардигорнинг ана шу амрларига қарши борган, турли фитналар чиқариб, минг-минглаб бегуноҳ кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлган.
Ҳозирги ғоялар кураши даврида қўпорувчилик ва миссионерлик ҳаракатлари ниҳоятда кучайди, улар ўз таълимотларини муросасизлик ва зўравонлик билан тарғиб қилишмоқда, бу йўлда ҳар бир имкониятдан фойдаланишмоқда, ҳеч нарсадан тап тортмай фаолиятларини кучайтиришмоқда. Мақсад, мусулмонлар орасига фитна солиш, уларни пароканда қилиш, мамлакатлар ва халқларни бўлиб ташлаб, бир-бирига гиж-гижлашдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Жума тезисларидан фойдаланилди.
Эркинжон Ҳусанов. Асака т. «Марқаюз» жоме масжиди имом хатиби
