Одамлар орасида кўзи билан кўрмаган ва аниқ ҳужжати бўлмаган ишлар ҳақида гумонда бўлишлик ҳар даврда ҳам бўлган. Ҳозирги кунда эса фан ва техника ривожланган сари гумон ҳам ривожланиб, унинг турлари кўпайиб кетмоқда. Айниқса, ҳақиқати аниқ бўлмаган гумонни тарқатишлик бу борада ниҳоятда кенг тарқалиб кетди ва у кўпроқ матбуотда ва яна ҳам кўпроқ интернетда авж олиб кетди.
Натижада қанчалаб машҳур бўлган ва машҳур бўлмаган инсонларнинг шаънлари беҳурмат қилинмоқда. Обрўларига ноҳақ равишда шикаст етмоқда.
Аслида-ку, ёмон гумон қилишлик асло мумкин эмас. Бадгумонликнинг оқибатлари жуда ҳам ёмонлигидан Каломи Қадимда ҳам танбеҳлар келган. Жумладан “Ҳужурот” сурасида марҳамат қилинишича:
“Эй имон келтирганлар, гумоннинг кўпидан четланинг! Дарҳақиқат гумоннинг баъзиси гуноҳдир”. (12 — оят)
Исмоил ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг тафсирларига кўра агарчи гумоннинг айримларигина гуноҳ бўлса ҳам, эҳтиёт учун кўпидан сақланишга буюрилмоқдамиз. Зеро ўша айримлари ҳам ҳалокат бўлишга етарли бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, бадгумонлик алал-оқибат қанча-қанча инсонларнинг ўртасида адоват пайдо бўлишига, қанча бегуноҳ инсонлар туҳматга қолишига, қанча оилалар бузилишига сабаб бўлган ва бўлмоқда. Ҳатто ноҳақ қон тўкилишигача сабаб бўлиши мумкин.
Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, банданинг ўзи ҳам иложи борича гумон қўзғатувчи ишлардан эҳтиёт бўлгани маъқул. Аслида унинг иши тўғрилигини Худо билиб турса ҳам, эҳтиёт учун чора кўриб қўйса фойдадан ҳоли эмас.
Ривоят қиладиларки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф ўтирган эдилар. Кечаси аёллари – Сафийя бинту Ҳуяй разияллоҳу анҳо зиёрат қилиш учун келди. Бир оз суҳбатлашганларидан сўнг қайтиш учун ўрнидан турган эди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кузатиб қўйгани чиқдилар. Сафийя бинту Ҳуяй разияллоҳу анҳонинг уйлари Усома ибн Зайднинг ҳовлисида эди.
Улар чиқиб турган пайтларида ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб қадамларини тезлатишди. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Шошманглар, бу Сафийя бинту Ҳуяй! – дедилар.
- Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг расули! – деб улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида ҳаргиз ёмон гумонда эмасликларини изҳор қилдилар.
- Шайтон инсоннинг қон томирларида кезиб юради. Шунинг учун кўнгилларингизга ёмон гумон келиб қолишидан қўрқдим, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Улуғбек қори Йўлдошев