Одоб кишининг зийнати. Одобли инсон хор бўлмагай. Одоб кишининг кўплаб камчиликларини тўсиб қўйгай. Ва, аксинча беодоблик барча камчиликларнинг бошидир.
Ҳар кимсанингким, хулқи хуш, толеъи хуш эса
Ҳар жойда, ҳар маконда унга эътибор бўлур.
(Оразий)
Гул каби чеҳранг очиб юр, халқ учун гулзор бўл,
Қўлга санчилма тикондек, балки беозор бўл.
Кекса ҳам ҳурматлагай одобли бўлган ёшни
(Чустий)
Умaр ибн Xaттoб разияллoҳу aнҳу: «Aввaл oдoб, сўнг тaълим бeринглaр», дeганлaр.
Aбу Aбдуллoҳ Бaлxий: «Нaфснинг oдoби илмнинг oдoбидaн кўпрoқ, илмнинг oдoби илмнинг ўзидaн кaттaрoқ», дeгaнлaр. (Бўстoнул oрифин. Aбу Лaйс Сaмaрқaндий)
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимнинг одоби йўқ экан, унинг илми ҳам йўқдур”.
Дарҳақиқат, одобсизлик кимда бўлмасин, барибир хунук. Бироқ шу беодоблик илм аҳлида бўлса, яна ҳам аянчлидур. Уни кўрган одамлар шунчаки “фалончи беодоб-да” деб қўя қолмас, балки “шуми ўқиган илмли одам” дерлар одатда.
Одобларнинг турлари кўп. Ҳар соҳа ва ҳар ҳолатнинг ўз одоблари бор. Булар қанча камайса ҳам, қайси бири камайса ҳам одобга нуқсон етур. Аммо шуни яхши билмоқ керакки одобнинг асли кам сўзламоқликдур. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек:
“Одобларнинг онаси сўзнинг камлигидур”. (Мунаббиҳот. Шайx Аҳмад ибн Ҳажар Али ал-Асқалоний)
Ва яна айтдилар:
“Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши (гапни) гапирсин ёки жим турсин!”
Ҳа, киши ҳарчанд ўзини одобли тутмасин, агар кўп гапирар экан, ўзининг камчиликларини намойиш қилгани қолади. Одамлар ундан зерикади. Ҳатто кўчанинг бошида қораси кўриниши билан “Ана фалончи келяпти!” деб имкони борлар жўнаб қолишга ҳаракат қилади. Мажбур чидаб ўтирганлар ҳам диққинафас бўлиб кетади ва ўқтин-ўқтин бир-бирларига маъноли қараб қўйишади.
Айтибдиларки, аҳмоқ жим турса унинг аҳмоқлигини ҳеч ким билмай қолади. У эса кўп гапириб ўзини ошкор қилур.
Кўп гапиргувчи одам ҳеч бўлмаса кўпчиликнинг ҳурматини қилиши лозим. Атрофида ундан бошқалар ҳам борлигини, уларга бунинг сўзларидан фойда йўқлиги, боз устига бош оғриғига сабаб бўлишини ҳам ҳисобга олмаса бўлмайди. Аммо афсуски, баъзан жамоат жойида ҳаддини билмайдиганлар ҳам учраб қолади.
Йўловчи Дамасга чиқдим. Бир аёл ҳамроҳига шунақа гапиряпти!… Ҳам тинмай жавраяпти, ҳам овозини баралла қўйиб юборган. Чалғиш учун телефонимдаги китобларни ўқий бошладим. Бўлмади. Ҳайдовчига илтимос қилиб Шералидан қўйиб беринг, дедим. Овозини кўтариброқ қўйди. Бироқ аёлнинг овозини босиб кета олмади. Қишлоқ йўналиши, йўл ҳам узоқ. Сумкамдан пахта олиб иккала қулоғимга тиқиб олдим. Лекин пахта ҳам у аёлнинг овозини тўсиб қола олмади…
Ниҳоят ҳамроҳи кўриб қолди шекилли, чамамда бир нима деб пичирлади. Адашмасам, қўлимдаги электрон китобга ҳам ишора қилди. Шундан кейин қулоғим тинчиса-да!
Азизлар, жамоат жойларида биздан бошқалар ҳам борлигини унутмайлик.
Улуғбек Йўлдошев.