بسم الله الرحمن الرحيم الحمد لله رب العالمين الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)
ПАЙҒАМБАРЛИК МЎЪЖИЗАЛАРИДАН
ПАЙҒАМБАРЛИК АЛОМАТЛАРИДАН
Ҳандақ ковлашда бир ҳодиса рўй берди – мусулмонлар қаттиқ ҳарсангтошни парчалай олмадилар. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чақирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чўқмор билан бир урган эдилар, учқун порлаб унинг учдан бири бўлинди.
“Аллоҳу акбар! Қайсар фатҳ қилинди! Аллоҳга қасамки, мен қизил рангли қасрларни кўрмоқдаман” – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Кейин яна бир урдилар, яна учдан бири бўлинди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Аллоҳу акбар! Кисро фатҳ қилинди! Аллоҳга қасамки, мен оппоқ қасрларни кўрмоқдаман!” – дедилар.
Учинчи бора урдилар. Қолган учдан бир қисми ҳам бўлинди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Аллоҳу акбар! Яман фатҳ қилинди! Аллоҳга қасамки, мен Санъо дарвозаларини кўрмоқдаман!” – дедилар.
Ибн Абдулбарр айтадилар: “Батаҳқиқ Аллоҳ бандасига нусрат берди ва ваъдасини рост қилди. Оламларнинг Тарбиячисига ҳамдлар бўлсин!”
СЕНИ НИМА ЕТАКЛАБ КЕЛДИ, ЭЙ УМАЙР?
Бадр ғазотидан кейин Сафвон ибн Умайя ибн Халаф Умайр ибн Ваҳбга агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдирса унинг қарзларини ўз бўйнига олишга, оиласини боқишга ҳамда унга туя беришга ваъда қилиб қурол яроғ билан таъминлади.
Умайр Мадинага келиб, қиличини таққан ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қасд қилиб масжидга кирди. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу уни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб кирди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
- Эй Умайр, сени бу ерга нима етаклаб келди?
- Сизларнинг ҳузурингиздаги асир тушиб қолган яқинларимизни сўраб келдим – деди Умайр.
- Ундай бўлса қилич не учун? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Аллоҳ қиличларни йўқ қилсин! Мен бирон нарса қила олармидим? Мен етиб келганимда бўйнимга осиб олганим хаёлимдан кўтарилиб қолибди.
- Сен нима учун келганингни рост айтяпсанми?
- Мен фақат асирлар учунгина келдим.
- Ундай бўлса Сафвон ибн Умайя билан ҳужрада нимага келишдинг?
Умайр қўрқиб кетиб:
- Нимага келишибман? – деди.
- Агар сен мени ўлдирсанг қарзларингни бўйнига олиб, оилангни боқишини келишиб олмадингми? Аллоҳ ўрталарингда бўлиб ўтган ҳолатнинг билгувчисидир, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидур! Сиз ҳақиқатан ҳам тўғри айтдингиз! – деди Умайр.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобга:
- Биродарингизга Қуронни ўргатинг. Унинг асирларини озод қилинг – дедилар.
Умайр Маккага қайтиб бориб одамларни Исломга даъват қилди. Натижада у билан кўпчилик кишилар мусулмон бўлдилар.
ЗОЛИМНИНГ ЖАЗОСИ
Ривоят қилинишича Абу Жаҳл (Амр ибн Ҳишом) кунлардан бир кун:
- Эй Қурайш жамоаси! Кўриб турганингиздек Муҳамад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) динингизни айблади, илоҳаларингизни ҳақорат қилди, етук кимсаларингизни нодонга чиқарди, ота-боболарингизни сўкди. Мен Аллоҳга аҳд қиламанки – эртага унинг ёнида оғир тошни олиб ўтираман. Номозида сажда қилганида бошини мажақлаб ташлайман. Сизлар менга итоат қиласизми ёки қаршилик қиласизми барибир! Ана ундан кейин Абду Манофнинг уруғлари менга қўлидан келганини қилаверсин!
Эрталаб ўзи айтганидек тошни олди. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб ўтирди. Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз одатларига кўра номозига эрта келдилар. Қурайшийлар ўзлари тўпланиб ўтирадиган жойларида Абу Жаҳл нима қилишини кутиб ўтиришди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саждага муборак бошларини қўйганларида Абу Жаҳл тошни кўтариб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам томон келди. Яқинларига борганида бирдан даҳшатдан қўрқиб ранглари ўзгарган ҳолда ортига қайтди. Қўлидаги тошни ташлаб юборди. Қурайшдан бир неча киши ўринларидан туриб унинг олдига бориб сўрадилар:
- Сенга не бўлди, эй Абу Ҳакам?
- Сизларга айтганимни қилиш учун ўрнимдан турдим. Энди у томон яқинлашган эдим, бир маҳал баҳайбат туя йўлимни тўсиб чиқиб мени еб юборай деди. Аллоҳга қасамки, бунақасини умуман кўрмаганман! – деди Абу Жаҳл.
Бу воқеа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилган эди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- У – Жаброил (алайҳис салом). Агар яқинлашса, уни тутар эди, – дедилар.
КИСРО МУЛКИНИНГ ПАРЧАЛАНИШИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз замонасининг подшоҳларини Исломга даъват қилиб мактублар юборди. Улардан Нажжоший каби Исломга кирганлар ҳам бўлди, Рум қайсари (императори) каби Исломни тасдиқласа-да, қавмидан қўрқишлиги Иломга киришидан тўсганлар бўлди, Миср амири Мақсус каби чиройли жавоб берганлар бўлди.
Уларнинг ҳаммаларидан фақат биттаси ўта сурбетлик ва беодобликда ажраб турди, у – Форс кисроси (подшоҳи) Абрўз эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хатларини йиртиб ташлаб:
- Қандай қилиб мен билан хат ёзишади, у менинг қулим бўлса! – деди.
Расули акрам: “Эй Аллоҳим! Кисро менинг хатимни қандай қилиб парчалаб ташлаган бўлса, унинг мулкини ҳам шундай қилиб парчалаб ташлагин!” дедилар.
Аллоҳ таоло Абрўзга ўз фарзанди Шеруяни мусаллат қилиб қўйди. Уотасини ўлдирди. Натижада Кисронинг мулки ўта хунук ҳолатда парчаланди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари билан бутун Ер юзининг ҳар томонидан завол топаверди.
АЛЛОҲ РАСУЛИНИ ДУШМАНЛАРНИНГ МАКРИДАН ЎЗИ САҚЛАЙДИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжидда Каъбанинг ёнида Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан бирга ўтирган эдилар. “Ҳаммолатал ҳатоб” (“Ўтин ташигувчи”) Умму Жамил ўзи ва эри ҳақида Қурон ояти нозил бўлганини эшитиб қўлида катта тош билан Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди.
Саййидимиз Абу Бакр разияллоҳу анҳу уни кўриб йиғлаб юборди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғлашининг сабабини сўраган эдилар, ҳолатни айтдилар.
- Қўявер, у барибир мени кўрмайди, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Умму Жамил яқин келганида Аллоҳ унинг кўзини пардалаб қўйди. У фақат Абу Бакрнигина кўриб:
- Ҳой Абу Бакр! Дўстинг Муҳаммад қаерда қолди? Айтишларича у мени
حَمَّالَةَ الْحَطَبِ {المسد/4} فِي جِيدِهَا حَبْلٌ مِّن مَّسَدٍ
деб ҳажв қилибди?! Аллоҳга қасамки, агар уни топиб олсам мана шу тош билан оғзига урар эдим! – деди. Сўнг ортига қайтиб кетди.
ЎЗ ҲОЛИГА ҚАЙТГАН ЕЛИН
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бизга ривоят қилади:
“Уқба ибн Аби Муҳитнинг қўйларини боққувчи ўспирин ёш йигитча эдим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу келиб:
- Ташна бўлиб қолувдик, сизларда сут борми? – деб сўрадилар.
- Мен омонатдорман. Сизларга сут бера олмайман, – дедим.
- Сенда қўчқор яқинлашмаган кичикроқ совлиқ борми? – дедилар Пайғамбар алайҳис салоту вас-салом.
- Ҳа, – деб қўчқор яқинлашмаган кичикроқ совлиқни икккалаларига олиб келдим.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни боғладилар ва елинини силаб менинг ақлим етмаган сўзлар билан Раббисига дуо қилдилар. Бир маҳал елин сутга тўлиб кетди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу чуқурчоқ тош топиб келиб, ўшанга сутни соғди. Ундан Абу Бакр ичди, мен ичдим ва Ул зот алайҳис салом ичдилар. Кейин елинга қараб:
- Қисқар! – дедилар.
Елин яна ўзининг аввалги ҳолатига қайтди”.
БАРМОҚЛАРИНИНГ ОРАСИДАН СУВ ЧИҚҚАНИ
Бухорий Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдим. Аср намозининг вақти кириб қолди. Бизда идишда озгина ортиб қолганидан бошқа сув йўқ эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қўлларини тиқдилар. Бармоқларининг ораларини очдилар ва:
- Таҳорат олгани келинглар! Бу – Аллоҳнинг баракаси! – дедилар.
Кўрдимки, бармоқларининг ораларидан сув чиқяпти. Одамлар таҳоратларини олдилар ва ичдилар”.
Жобирга айтдилар:
- Ўша кун неча киши эдиларингиз?
- Бир минг тўрт юз киши эдик, – деди Жобир разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жонзотларга меҳрибонликлари
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам овчи тутиб олган кийикнинг олдидан ўтиб қолдилар. Кийик:
- Эй Аллоҳнинг расули, елинларим тўлган. Икки боламнинг қорни оч қолган. Мени қўйиб юборсангиз, бориб иккаласини эмитиб Сизнинг ҳузурингизга келаман, кейин яна боғлаб қўясиз, – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга:
- Бировларнинг овини, боғлаб қўйганлариния?
- Эй Аллоҳнинг расули, мен Сизга албатта қайтиб келишимга Аллоҳнинг номидан аҳд қиламан! – деди кийик.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Аллоҳнинг аҳдини олгач бўшатиб жўнатиб юбордилар. У эса орадан ҳеч қанча вақт ўтмай елинларини бўшатиб қайтиб келди. Жаноб алайҳис салоту вас-салом:
- Бу кийик кимники? – деб сўрадилар.
- Фалончиники, – дедилар.
Ўша кишидан кийикни совға қилишини сўраб олдилар. Кейин келган йўлига қўйиб юбориб:
- Агар ҳайвонлар ўлим ҳақида сизлар билганчалик билсалар эди, ҳаргиз семиз нарса емас эдингиз.
АЖАБО! БЎРИ ГАПИРЯПТИ!
Ривоят қилишларича Абу Суфён ибн Ҳарб ва Сафвон ибн Умайя ибн Халаф иккаласи Маккадан чиққан эдилар, кийикни қувиб кетаётган бўрига дуч келиб қолишди. Бўри энди етиб олай деган эди, кийик Ҳарамга кириб қолди. Бўри ортига қайтиб кетди. Абу Суфён:
- Аллоҳ бизларга Ватан қилиб қўйган, Ер юзининг энг афзали бўлган, одамлар маскан қилган бу жой қандоқ ҳам яхшия! Эй Сафвон, кўрмадингми бўри нима қилганини? Энг қизиғи – қайтиб кетди.
Бўри тилга кирди:
- Бундан ҳам ажойиби – Муҳамма ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб Мадинада туриб сизларни жаннатга чорлайди, сизлар эса у зотни дўзахга чорлайсиз!
Абу Суфён айтди:
- Лот ва Уззога қасамки, мен бу воқеани Макка аҳлига айтиб берсам, у(Макка)нинг ўзини холи ташлаб чиқиб кетамиз.
Шу мавзуда яна зикр қилишларича, Рофеъ ибн Умайра ибн Жобир қўй боқур эди. Қўйларига бўри бостириб келиб қўйларнинг каттасини олиб кетди. Рофеъ ундан қайтариб олмоқ учун қаттиқ уринди:
- Ажабо! Бўри ҳамла қилганини олиб кетадия! – деди.
Ҳеч қанча муддат ўтмай бўри қайтиб келди ва:
- Ундан ҳам кўра сенга ажабо! Менга Аллоҳ таоло берган ризқни тортиб олдинг! –деди.
- Ажабо! Бўри гапиряпти! – деди Рофеъ.
Шунда бўри:
- Яна ҳам ажаброғи – туҳматлардан пок инсон сизларни жаннатга чорласаю, сизлар уни рад этиб дўзахни хоҳлайсизлар!
Бу киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Ва ҳолонки Жаброил алайҳис салом келиб унинг нима қилганини айтиб берган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига кирганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга нима бўлганини айтиб бердилар. У имон келтириб, тасдиқ қилди.
КИЧКИНА ҚЎЗИЧОҚ
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хандақ ковлаётган эдик. Менда унча семиз бўлмаган кичикроқ қўзи бор эди. Мен ўзимча ўйладим: “Аллоҳга қасамки, бу қўзини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга пишириб берсам эди!” деб ўйладим. Сўнг хотинимга буюрган эдим арпадан бир оз ун қилиб, нон ёпти. Мен эса қўзини сўйиб, пиширдим.
Кеч кириб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам энди кетмоқчи бўлиб турган эдилар:
- Эй Аллоҳнинг расули, мен Сизга қўй пишириб, бир оз арпа унидан нон тайёрлаб қўйдим. Шунинг учун мен билан бирга уйимга боришингизни хоҳлар эдим, – дедим.
Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғиз ўзлари боришларини истаган эдим. Аммо жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларимни эшитиб “Хўп” дедилар-да, бир кишига “Юринглар, Жобирнинг уйига!” деб жар солдириб юбордилар. “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!” – деб юбордим.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан бирга келдилар. Тайёрлаб қўйган нарсаларимни олиб чиқдим. Жаноб (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) тасмия айтиб тановул қилдилар. Одамлар кира бошладилар. Бир қанча одам овқатланиб бўлиб туриб кетар, ўрнига бошқалар келар эди. Шу зайлда Хандақ аҳлининг ҳаммаси кириб чиқди. Буларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баракаларидан эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баракалари
Муҳаммад ибн Исҳоқдан ривоят қилинишича Башир ибн Саъднинг қизи айтади:
“Онам – Равоҳанинг қизи Умра мени чақириб кийимимга бир ҳовуч хурмо солиб берди-да:
- Қизалоғим, буни отангга олиб бориб бер, – дедилар.
Мен отамни излаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан ўтдим. Жаноб алайҳис салоту вас салом:
- Қани, қизалоғим, сендаги бу нарса нима ўзи? – деб сўрадилар.
- Хурмо. Онам дадамга – Башир ибн Саъдга юбордилар. – дедим.
- Менга бергин-чи? – дедилар алайҳис салоту вас салом.
Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки кафтларига солдим, лекин ҳовучлари тўлмади. Сўнг бир кийимни ёзиб қўйишга буюрдилар. Кейин хурмони унинг устига сочиб, ёйиб қўйдилар-да, ёнидаги одамга:
- Хандақ аҳлини чақир, нонушта қилиб олсинлар, – дедилар.
Хандақ аҳли тўпланиб келиб хурмони ея бошладилар. Хурмо Хандақ аҳлининг ҳаммаси еб бўлгунларича кўпайиб, кийимнинг атрофидан тошаверди.
ШЎРИНГ ҚУРГУР АБУ СУФЁН! ФУРСАТ КЕЛМАДИМИ?
Абу Суфён ибн Ҳарб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан омонлик сўраганларида жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Аббос разияллоҳу анҳуга уни тонггача чодрасида олиб ўтиришликка буюрди. Аббоснинг равоғига етиб келганда бўлган ишлардан надомат қилиб, ўзича ўйлади: “Нима қилиб қўйдим? Ўз қўлим билан шундай қилиб топшириб қўйдим-ку?! Унинг ўрниг а Аҳбошлар ва Кинонани тўплаб, ўшаларга уни ташлаб берсам уни ҳор қилармидим…”
Шу пайт Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳужраларида ўтирган ҳолда нидо қилдилар:
- Эй Абу Суфён! Унда Аллоҳ хор қилур эди!
Абу Суфён:
- Эй Аббос, мени укангнинг ўғлининг олдига олиб бор! – деди.
Аббос разияллоҳу анҳу:
- Шўринг қурсин, эй Абу Суфён! Фурсат келмадими?! – дея Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борди.
- Эй Алллоҳнинг расули! Менинг кўнглимда бир гумон бор эди. – деди Абу Суфён, — Гувоҳлик бераман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, ва албатта Сиз Аллоҳнинг расулисиз
БИЗ СЕН УЧУН МАСХАРА ҚИЛГАНЛАРГА КИФОЯ ҚИЛАМИЗ
Бу тўғрида Аббос ибн Абдулмутталиб шундай деб айтиб беради:
“Бир куни масжидда турсам Абу Жаҳл келиб:
- Аллоҳга қасамки, Муҳаммадни (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) сажда қилган ҳолатида кўрсам бўйнини тепалаб ташлашни ўз зиммамга оламан! – деб қолди.
Мен Абу Жаҳлнинг хабарини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етказдим.Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазаблари келиб масжидга келдилар. Дарвозадан ичкари кириб, Алақ сурасидан Абу Жаҳл ҳақидаги “Йўқ! Албатта, инсон туғёнга кетади!” оятидан суранинг охиригача ўқиб сажда қилдилар. Бир киши Абу Жаҳлга:
- Эй Абул Ҳакам, ана Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Сажда қилиб турипти! – деди.
Абу Жаҳл яқин келдию, дарҳол ортига қайтиб кетди.
- Нега айтганингни қилмадинг? – сўрадилар.
- Ўртамизда оловли чуқурни кўриб қолдим! – жавоб берди Абу Жаҳл.
ҲИЖРАТ АСНОСИДАГИ МЎЗЖИЗАЛАР
Ҳижрат асносида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам соҳиби Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан бирга дам олгулик ва егулик нарса истаб Умму Маъбаднинг уйига тушдилар. У деҳқончилик ва чорвачилик унумсизлиги, ернинг қақирлиги ва ҳосилнинг камлигидан қийинчиликда яшар эди. Гўштми, хурмоми ёки сутми бўлса тақдим қилишини сўрадилар.
- Аллоҳга қасамки, бирор нарсамиз бўлса қизғонмас эдик, — деди у.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳовлига боқиб ориқлиги ва нимжонлиги билан бошқа қўйлардан ажралиб турган қўйни кўрсатиб:
- Манавининг сути борми? – деб сўрадилар.
- Бунинг ундай нарсаларга ҳоли ва мадори йўқ, — деди кампир.
- Уни соғиб кўришга рухсат берасанми? – дедилар жаноб.
- Аллоҳга қасамки, унинг тузук-қуруқ эти ҳам йўқ. Шунга қарамай соғиб кўрмоқчи бўлсангиз ўзингиз биласиз, соғиб кўраверинг.
Жаноб алайҳис салоту вас салом муборак қўллари билан орқаси ва елинини силаб Аллоҳнинг номини зикр қилдилар. Сут тўлиб кетди. Кўпчилик ичадиган бирор идиш сўрадилар. Сўнг сутни соғдилар. Сут шоввиллаб, тўлиб-тўлиб оқар эди. Сутни кампирга тақдим этди. Кампир тўйгунича ичди. Кейин ўша жойда ҳозир бўлганлар ҳаммалари тўйгунларича ичдилар. Охирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тўйиб ичдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадамлари бу маҳалла аҳлига миннатдорчилик башорати ва барака бўлиб, ёмғир ёғди. Ўсимликлар кўкариб ҳосил мўл-кўл бўлди. Бу юртга жаноб саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак исмларини қўйдилар.
ЁҒОЧ ТАЁҚ ҚИЛИЧГА АЙЛАНДИ
Уккоша ибн Муҳсин ибн Ҳарсон ал-Асадий Бадр куни токи қўлидаги қиличи синиб кетгунга қадар жанг қилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келган эди ёғочдан бўлган таёқ бердилар ва:
- Эй Уккоша, энди мана бу билан жанг қил! – дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан олиб силкитган эди, қўлидаги таёқ узун, ўткир тиғли, тоза пўлатли қиличга айланиб қолди. Бу қилич билан Аллоҳ таоло мусулмонларга зафар бергунига қадар жанг қилди.
Ўша қилич “мададкор” деб номланди. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бўлган барча ғазотларда доимо олиб юрди.
БУ ҚЎЙ ГЎШТИГА СЕН ЗАХАР СОЛДИНГМИ?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрғонлардан иборат бўлган Хайбарни фатҳ қилдилар. Зайнаб бинту Ҳорис исмли аёл захар солинган қўй гўштини тақдим қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гўштдан бир тишладилар, саҳобаларининг ҳам айримлари едилар. Шунда ҳазрат Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Қўлларингизни тортинглар! – деб, ҳалиги хотинни чақириб келгани одам юбордилар. У аёл келгач:
- Сен захар солдингми мана бу қўй гўштига? – деб сўрадилар
- Сенга ким билдирди? – сўради аёл.
- Қўлимда турган манави қўй гўштининг қўл қисми, – дедилар алайҳис салоту вас салом.
- Ҳа. Мен “Агар ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлса унга зарар қилмайди. Мабодо пағамбар бўлмаса – ундан қутуламиз” дедим.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша аёлни авф қилиб юбордилар
КИСРО БИЛАКУЗУКЛАРИ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзининг соҳиби Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан бирга Мадинага ҳижрат қилиб чиққанларида Суроқа ибн Моликка йўлиқиб қолдилар. Қурайш Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни тутиб келган ёки қаердалгини айтган кишига юзта туя беришни эълон қилган эди.
Расули карим саллаллоҳу алайҳи ва саллам Суроқага:
- Ҳой Суроқа, Кисро билакузукларини тақсанг қандай бўлардинг?
Суроқа эсанкираб қолди ва:
- Армаз ўғли Кисронинг билакузукиними? – деб сўради.
Шу лаҳзада Суроқанинг кўнглидан нималар кечганини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Ҳолбуки унинг рўпарасида турган инсонни қавми қувиб, ўз юртидан ҳижрат қилиб чиқиб кетган бўлсаю, шу инсон Кисродан ғалаба қилиш ҳақида сўзлаяптими? Аммо Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайб забондан, Аллоҳнинг ваъдаси билан тасдиқланган забон билан сўзлаётган эди.
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифалиги даврида Форснинг ўлжалари келиб, масжидда мусулмонларнинг рўпарасига ташланди. Умар (разияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суроқага айтган сўзларини эслади. Ўлжалар орасидан Кисронинг билакузукини излаб топди. Сўнг:
- Ораларингизда Суроқа ибн Молик борми?
- Ҳа, – дедилар. Суроқ ўрнидан турди. Умар (разияллоҳу анҳу) унга Кисро билакузукини берди ва:
- Мана буни олиб, минбарга кўтарил ва қўлингни юқори кўтариб “Аллоҳ ва Унинг расули рост сўзлайди!” деб айт! – дедилар.
РАСУЛУЛЛОҲНИНГ САҲОБАЛАРГА АЙТГАН БАШОРАТИ
Хубоб ибн Арт олов ва қиздирилган темир билан азобланар эди. Расул саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбанинг соясида қўлларини муборак бошларининг остига қўйиб ётганларида ҳузурларига келиб:
- Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳга биз учун дуо қилмайсизми? – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари қизариб кетган ҳолларида ўтириб олдилар ва:
- Сизлардан аввалгиларни гўштлари титилиб суяклари чиққунча темир тароқ билан тирнаб жароҳатлар эдилар, лекин бу нарса уларни динидан қайтармас эди. Бошларининг ўртасидан арра солиб ёриб ташалашар эди, бу ҳам уларни динидан қайтара олмас эди. Шубҳасизки, Аллоҳ таоло бу (дин) ишини шундай ғолиб қиладики, отлиқ киши Санъодан Ҳазрамавтгача Аллоҳдан бошқадан қўрқмаган ҳолда (хотиржам) етиб боради.
НУБУВВАТДАН АВВАЛГИ МЎЪЖИЗА
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликдан аввал амакиси Абу Толибнинг доимий хизматида эдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кичкина болалик пайтлари эди. Аббос разияллоҳу анҳу укаси Абу Толибдан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳволидан бирон нарса айтиб беришини сўраса айтар эдики, овқатланишдан аввал Аллоҳнинг номини айтар, қоринлари тўйгач Аллоҳга ҳамд айтар эдилар, ҳолбуки улар бундай қилмас эдилар.
Бир кеча арабларнинг одатларига кўра ҳарорат юқорилигидан ухлашдан олдин кийимини ечиб ётишга буюрди. Бу нарса ёқмасада, хилофлик ила рад қилмадилар ва амакисига:
- Кўзингизни мендан бошқа томонга буринг, менга бирор кимса қарашлиги дуруст эмас! – дедилар. Сўнг ухладилар.
Абу Толиб айтади: “Аллоҳга қасамки, иккаламизнинг орамизда шундай бир кийимни кўрдимки, ҳарирдан ҳам майинроқ, ҳиди мушкдан ҳам кўра хушбўйроқ эди. Билмадим, бу кийим қайдан келди экан?!”
АБУ ТАЛҲА ВА БИР ҲОВУЧ АРПА
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ансорлардан Абу Талҳа хотини Умму Салимга:
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг заиф овозларини эшитдим. Зифлигидан қорни очлигини сездим. Бирор нарсанг борми? – деди.
- Бор, – деб бир ҳовуч арпа олиб хамир қорди ва бир андагидан нон ёпди. Кейин қолганини кийимимнинг остига ўраб қўйиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига юбордилар.
Бордим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мажидда ўтирган эканлар. Атрофида одамлар. Уларнинг рўпарасига бориб турдим.
- Абу талҳа жўнатдими? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ҳа, – дедим.
- Овқатми? Сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ҳа, – дедим яна.
- Туринглар! – деб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни етаклаб йўлга тушдилар. Мен уларнинг олдларига тушиб бордим-да, бориб Абу Талҳага хабар бердим. У хотинига:
- Эй Умму Салим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан келаяпти эканлар. Бизда уларга еткулик овқат йўқ-ку!? – деди.
- Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ! – деди Умму Салим.
Абу талҳа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга пешвоз чиқиб кутиб олди ва бирга кирди.
- Қани, Умму Салим. Нима егулигинг бўлса келтир-чи! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Умму Салим бояги нонни олиб кирди. Идишдаги сарёғдан қуйиб, нонга суротиб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча сўзларни айтдилар ва:
- Ўн кишига изн бер! – дедилар.
Ўн киши кириб тўйгунларича тановулқилиб чиқиб кетдилар. Сўнг яна:
- Ўн кишига изн бер! – дедилар.
Яна ўн киши кириб тўйгунларича тановулқилиб чиқиб кетдилар. Сўнг яна:
- Ўн кишига изн бер! – дедилар.
Шу зайлда одамлар ҳаммалари кириб тўйгунларича тановул қилдилар.
Улар етмиш ёки саксон нафар эдилар”.
ЮЗИНГ ҚУРСИН!
Фотима разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига йиғлаган ҳолда кириб келдилар.
- Қизгинам, нега йиғламоқдасиз! – сўрадилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Отажон! Нега йиғламайинки, Қурайшнинг анави жамоаси Каъбада йиғилиб Лот, Уззо ва Манот билан онт ичиб, агар Сизни кўришса Сизга ҳамла қилиб қатл қилишликка аҳд қилишди. Улар ҳаммаси қонингизга ташна бўлиб туришибди, – деди Фотима разияллоҳу анҳо.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Қизгинам, таҳорат олишга сув олиб келинг, – дедилар. Сўнг таҳорат олиб масжидга чиқдилар. Улар жанобни кўриб:
- Ана у! У шу ерда! – дейишди.
Сўнг бошларини хам қилишиб, бўйинларини эгишиб қолишди. Нигоҳларини ҳам кўтара олмай қолишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳовуч тупроқ олиб уларга сочиб юбордилар. Сўнг:
- “Шоҳат ал-вужуҳ!” (Юзларинг қурсин, дабдала бўлсин!) – дедилар.
Кимгаки тупроқ етиб борган бўлса, Бадр кунида кофир ҳолида ҳалок бўлди.
ОДАТДАН ТАШҚАРИ МЎЪЖИЗАЛАР
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўллари билан ишора қилганларида осмондаги ой икки бўлакка бўлиниб кетди. Макка аҳли Ҳирони икки шуъла орасида қолганлигига гувоҳ бўлдилар. Абу Жаҳл эса аҳмоқлиги туфайли мўжизани сеҳрга чиқарди.
Он ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Сафардаги йўловчиларга хабар жўнатинглар! – дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжилари ҳақ эканлиги ҳақида хабарлар тарқади.
Яна бир мўъжизалари – бир аъробий ҳидоятга сабаб бўлгувчи мўъжиза сўради. Шунда унинг талабига кўра дарахт ўрнидан қўзғолиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиб салом берди. Рўпарасида тўхтаб Ул зотнинг пайғамбарлигига ва Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига гувоҳлик берди. Сўнг бир ишоралари ила ўз ўрнига қайтиб кетди.
Байтуллоҳнинг атрофида уч юз олтмишта бут бор эди. Уларнинг оёқлари тошларга қўрғошин билан маҳкам қилиб ўрнатилган эди. Макка фатҳ қилинган йили Он ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидаги асо билан ўша бутларга ишора қилдилар – ишора туфайли бутлар юзлари билан ва орқалари билан ағдарилиб тушишди.
Уҳуд ғазоти куни Қатоданинг кўзига шикаст етиб лунжигача осилиб қолди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуолари билан кўзи жойига қайтарилди, ҳатто аввалгидан ҳам авлороқ бўлди.
Хайбар фатҳи куни саййидимиз Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг кўзларига дам солдилар, кўзининг оғриғи бутунлай оғримаган каби шифо топди.
Ханақ ғазоти кунида ибн Ҳакамнинг бир қўли синди. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам дам солдилар, шу заҳотиёқ тузалди, ҳатто оғриқ ҳам сезмади.
АЛЛОҲ СИЗНИ ИНСОНЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛАДИ
Макка фатҳидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фузола ибн Умайр ибн Малул ал-Лайсий билан кетаётган эдилар. Фузола ўзича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришни қасд қилиб борар эди. Шунда жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Кўнглингдан нима ўтяпти? – деб сўраб қолдилар.
- Ҳеч нарса. Мен Аллоҳни зикр қилиб кетаётган эдим, — деди у.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар-да:
- Сен учун Аллоҳга истиғфор айтаман, — деб муборак қўлларини унинг кўксига қўйдилар.
Фузола: “Аллоҳга қасамки, ҳали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб олмасларидан аавал мен учун ер юзида Ул зотдан кўра маҳбуброқ кимсани топа олмай қолдим” деб айтиб юрар эди.
Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби
