Куни-кеча кириб келишини интиқиб кутганимиз Рамазон ойи бугунга келиб биз билан хайрлашмоқда. Албатта бу ойнинг ўзига яраша ибодат қила олмаганимиз ва муносиб ўтказа олмаганимизга иқрормиз. Зеро банданинг ожизлиги ҳам шунда. Парвардигори олам ато қилган неъматларга шук қила олмайди. Қайсики Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло хабар берганидек:
قُلْ هُوَ الَّذِي أَنشَأَكُمْ وَجَعَلَ لَكُمُ السَّمْعَ وَالْأَبْصَارَ وَالْأَفْئِدَةَ قَلِيلاً مَّا تَشْكُرُونَ
“Сен: «У сизларни йўқдан бор қилган ва сизларга эшитиш, кўриш ва ақлни берган зотдир. Жуда ҳам оз шукр қиласизлар-а?!» деб айт”.
Шундай бўлса-да, Яратган Зотнинг марҳаматидан ноумид бўлмагаймиз. Ожизлик билан адо қилган ибодатларимизни Ўз фазли ила қабул қилишини сўраб қоламиз. Шу билан бирга бутун халқимизни бир ойлик риёзатларининг аввалги мукофоти ўлароқ, бизларга тухфа қилинган Хайит байрами билан муборакбод этамиз!
Кейинги ҳаётимиз даврида ҳам ибодат ва тақво тарк этмаслигини яратгандан сўраймиз.
Мусулмонлар учун хайит байрами бошқа кунлардан қандай фазилати балан ажралиб туради?
Бу кун меҳр ва оқибат ришталарини боғлайдиган кундир. Бу кун аввало ота ва онамиздан дуо оладиган кун. Кейин эса оиламизни қувончларга тўлдирадиган кун. Қолаверса, барча яқинларимиздан хабар оладиган кун. Шу ўринда қариндошлик алоқалари ҳақида эслатиб ўтамиз.
Aбу Умoмa (р.a.) ҳaзрaтлaрининг Рacулуллoҳдaн (c.a.в.) ривoят қилгaн ҳaдиcлaридa шундaй дeйилaди:
«Бир кишининг oилa aъзoлaригa, қaриндoш-уруғлaригa, қўни-қўшнилaригa кўрcaтaдигaн икрoми – икрoмлaрнинг энг гўзaлидир. Булaргa ниcбaтaн xacиcлик қилмacлик кeрaк».
Абу Айюб разияллоҳу анҳу айтади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда эдилар. Аъробий рўпара келиб туясининг тизгинидан ёки жиловидан ушлаб:
“Эй Аллоҳнинг расули” ёки “Эй Муҳаммад! Мени жаннатга яқинлаштириб дўзахдан узоқлаштирадиган (амал)нинг хабарини бер!” – деди.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тўхтаб қолдилар. Сўнг асҳобига қарадилар-да:
“Батаҳқиқ, тавфиқ топди!” ёки “Батаҳқиқ, ҳидоят топди!” дедилар ва яна:
“Нима дединг?” – деб сўрадилар.
Аъробий айтган сўзини қайтарган эди Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қиласан, намозни барпо қиласан, закотни адо қиласан ва қариндошликни боғлайсан! Энди туяни қўйиб юбор! – дедилар”. (Икки шайх ривояти)
Жубайр ибн Мутъим разияллоҳудан ривоят қилинишича Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Қариндошчилик алоқаларини кесгувчи жаннатга кирмайди” деганлар. (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти)
Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда айтилади:
“Гуноҳларнинг ҳеч қайсиси соҳибини Аллоҳ таоло дунёда ҳам азоблаб, Охиратга ҳам азобни қолдиришга боғийлик ва қариндошликни узганчалик сазовор эмас”.
Абу Авфодан ривоят қилинган ҳадисда эса шундай дейилади:
“Ораларида қариндошлик алоқаларини узганлар бор қавмга раҳмат нозил бўлмайди”.
Илоҳо, доимо қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавму-қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали Парвардигор раҳматига сазовор ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шафоатларига лойиқ бўлишимиз борасидаги саъй-ҳаракатларимизда Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлсин!
Кириб келган хайит байрамини бутун юртимиз учун баракали қилсин!
Бир ой давомида таровеҳ намозлари вақтларида халқимиз осойишталиги йўлида бедор бўлган барча ходимларимизни Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин!
Юрбошимиз бошчилигида барча диний ва дунёвий раҳбарларимизни хайрли ишларида Ўзи қўллаб-қувватласин!
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
