ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)
ШИЖОАТ
Одамлар шижоатни шарафлаб келган. Ахлоқ ва одоб фалсафасига кўра шижоатнинг фазилати киши учун энг зарурий инсоний фазилатлардан саналади. Шижоат бизнинг тасаввуримизга кўра ақлга таянган ҳолда бира тўла ҳиссиётларга берилиб кетмаслик ва қўрқоқ одам жонини сақлаб, ҳаётини асраб қолиш учун ҳар қанча хорлик ва пасткашликларга рози бўлган қўрқоқлиги орасида бўлади. Ҳар қандай жирканч ва қабоҳатдан тап тортмасликка олиб келадиган тентаклик билан қабоҳат ва адоватни тақозо қилмайдиган ғазаб туйғулари ораси – шижоат бўлади.
Шижоатнинг фазилати, улуғланиши ва юксак баҳоланиши шунинг учунки, шижоат шунчаки фойда ва манфаъатлар мажмуъасигина эмас, балки ҳаёт тарзида ҳар қанча манфаатларга сабабчи бўлса-да, унинг қиймати фақат амал билангина баҳоланади. Чунки шижоат ҳар қандай мағлубият ва чекинишларга дуч келса-да, токи унинг соҳиби зафар ва нусратга етмагунча ўз мақсад йўлида интилишдан қолмайди.
Шижоат бизларни фойдали амалларга чорлайди. Унинг бошқа амаллардан афзаллиги у сабабли келадиган фойда ва манфаатлар давомли бўлишидир. Шижоатли инсон яхши амалларда ҳамиша бардавом бўлади. Чарчаб, тўхтаб ёки оқсаб қолмайди.
Шижоат ҳам имондандур. Шунинг учун ҳам Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам шижоатда умматига ҳамиша намуна бўлганлар.
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Қачонки бирор қавмга рўпара келиб, вазият оғирлашса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни эҳтиёт қилсак-да, ҳеч ким душманга Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва салламчалик яқин бўла олмас эди”. Яна айтадилар: “Бадр куни ҳам биз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни беркитишга қанча ҳаракат қилмайлик, душманга яқинлашиб бораверардилар. Ўша куни жасоратда ҳаммага ибрат бўлдилар”.
Имон инсонни ибтидосида ҳам, ҳаёти давомида ҳам ҳар қандай ҳолатда дунёга берилмасликка ва нафсига эргашмасликка чорлайди.
Имон юксак шижоат тухфа қилганлигининг самараси ўлароқ Сайфуллоҳ (Аллоҳнинг қиличи) деган номга мушарраф бўлган улуғ саҳобий Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу юзта ғазотда иштирок этиб, баданида қилич ёки найза тиғи тегмаган жой қолмаган. Бироқ тўшагида ётиб вафот қилар экан: “Қўрқоқларнинг кўзлари кўрмай қолсин!” – деган.
Имон саййидимиз Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга “Сен ўлимга интилсанг сенга ҳаёт ёр бўлур” деган абадий насиҳатни илҳом қилган.
Аллоҳ таоло мўминларнинг қалбини ҳам имон билан собит қилди:
الَّذِينَ قَالَ لَهُمُ النَّاسُ إِنَّ النَّاسَ قَدْ جَمَعُواْ لَكُمْ فَاخْشَوْهُمْ فَزَادَهُمْ إِيمَاناً وَقَالُواْ حَسْبُنَا اللّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ {آل عمران/173}فَانقَلَبُواْ بِنِعْمَةٍ مِّنَ اللّهِ وَفَضْلٍ لَّمْ يَمْسَسْهُمْ سُوءٌ وَاتَّبَعُواْ رِضْوَانَ اللّهِ وَاللّهُ ذُو فَضْلٍ عَظِيمٍ {آل عمران/174}
“Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар. Бас, Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила, уларга ёмонлик етмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир”
МЕНДАН ҚЎРҚМАЙСАНМИ?
Бани Маҳориб қавмидан бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш мақсадида йўлга чиқди. Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам қиличини ёнига қўйиб ўтирган эдилар.
- Эй Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қара, мана бу сенинг қиличингми? – деди ҳалиги киши.
- Ҳа, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
У қилични қинидан суғуриб олиб ҳавода ўйната бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилиш учун яқинлашмоқчи бўлди, бироқ Аллоҳ азза ва жалла унинг қадамларини тўхтатиб қўйди. Ҳарчанд интилса-да, яқинлаша олмади.
- Эй Муҳаммад! (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мендан қўрқмайсанми? – деди.
- Йўқ. Сендан қўрқмайман, – дедилар Сарвари коинот.
- Қўлимда қилич турган бўлса ҳам қўрқмайсанми?
- Ҳа. Аллоҳ Ўзи мени сендан ҳимоя қилиб олади.
У киши иложсиз қолди ва қилични Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтариб топширди. Бу воқеа Зотур риқоъ ғазотида содир бўлган эди. Ушбу ибратли қиссада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шижоатлари, саботлари ва Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога бўлган имонларининг нақадар бақувватлиги ёритилган.
ҚАРИНДОШЛИК ҲАМИЯТИ
Абу Жаҳл Сафода Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан ўтар экан, озор бериб ҳақорат қилиб ўтди ва яна бир қанча нолойиқ бўлган сўзларни айтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч нарса демадилар.
Абдуллоҳ ибн Жадъоннинг хонимаси яқин жойда эди, бу сўзларни эшитиб турди.
Абу Жаҳл Каъбага – Қурайш жамоаси тўпланадиган жойга борди ва улар билан бирга ўтирди. Бир маҳал Ҳамза ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳу овдан қайтар экан, ҳайбат солиб келиб қолди. Ҳамза одатига кўра қачон овдан қайтса, токи Каъбани тавоф қилмасдан туриб уйига кирмас эди. Шунингдек Қурайш жамоаси тўпланган жойдан салом бериб бир икки оғиз сўз қотиб ўтар эди. Ҳамза разияллоҳу анҳу Қурайшнинг обрўли йигитларидан ва моҳир чавандоз эди. У Абдуллоҳнинг хонимининг ёнига етганида аёл:
- Ҳой Амморанинг отаси! Абул Ҳакам ибн Ҳишом ҳозиргина сенинг жиянингни қандай камситганини кўрсанг эди! Анави ерда ўтирган эди, озор бериб ҳақорат қилиб ўтди. Яна анча мулзам қилди. Аммо Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир оғиз ҳам сўз айтмай уйига жўнаб кетди, – деб бор гапни айтиб берди.
Шу пайт Аллоҳ таолонинг лутфу карами ила Ҳамзанинг бу ишдан ғазаби қўзиб кетди. Шошилиб ўша томон отланар экан йўл йўлакай ҳеч ким билан гаплашмади. Масжидга кирганида Абу Жаҳл даврада ўтирган эди. Тўғри унинг олдига келди. Камонини кўтариб бошига урди. Боши ёрилиб анчагина шикаст етди.
- Сен менинг жиянимни нега ҳақорат қилдинг?! Билиб қўй, мен унинг динидаман! У нима деса, мен ҳам ўшани айтаман! Қани, қўлингдан келса ўша ҳақоратингни менга қил-чи!
Бани Махзумдан бир неча киши ўрнидан туриб Абу Жаҳлнинг ёнини олмоқчи бўлишган эди, Абу Жаҳл:
- Амморанинг отасига тегманглар! Аллоҳга қасамки, мен унинг жиянини жуда ҳам қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилган эдим, – деди.
Ҳамза разияллоҳу анҳу Исломда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига итоат қилишда доимо собит қадам бўлди.
АРШНИ ЛАРЗАГА СОЛГАН ШАҲИД
Мушрикларнинг мусулмонларга қилаётган ҳужумлари ниҳоятда шиддатли тус олди. Улар Мадинага кириш имкони бор жойларга ҳужум қилишарди. Икки томондан камон ўқлари тинмай ёғиларди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуролланган ҳолларида отларига минганича турар эдилар.
Саъд ибн Муъозга шаҳар ҳудудини душманлардан мудофаъа қилиш вазифаси топширилган эди. У бор шижоати билан душманлар ҳамласига қарши аёвсиз зарба берди. Бир маҳал Қайс ибн Арақанинг ўғли Жаҳон пайт пойлаб Саъд разияллоҳу анҳуга:
- Мана, қабул қилиб ол! Мен Арақанинг ўғлиман! – деб ўқ отган эди, ўқи нишонга тегиб Саъднинг томиридан қон оқа бошлади.
- Аллоҳ сенинг юзингни дўзахда куйдирсин! – жавоб берди у. Томиридан қон отилиб оқиб чиқар эди. Қонни тўхтатиш учун биринчи шошилинч муолажани қилди.
Ҳолатни кўрган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам назорат қилиб туриш учун унга чодра ўрнатишни амр қилдилар. Саъд нигоҳини юқори кўтарди ва ҳайқириб:
- Эй Аллоҳ! Сен яхши биласан – мен учун Сенинг розилигинг истагида Расулингни ёлғончи қилган ва юртидан чиқариб юборган қавм билан жанг қилишдан кўра маҳбуброқ иш йўқ! Эй Аллоҳ! Биламан, сен жангни биз билан Қурайш ўртасига қўйгансан. Мабодо Қурайш ғолиб келса, мени ҳам қолдиргин, токи Сенинг йўлингда улар билан жанг қилай. Мени жанг майдонида ўлдир, аммо вафотимга қадар ғалабани ўз кўзларим билан кўришни насиб этгин!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар блан ўн кунга яқин қамал ҳолда туриб қолдилар. Сўнг Аллоҳ таолога илтижо қилдилар:
- Эй Аллоҳ! Мен Сенинг аҳдинг ва ваъдангни ўртага қўйиб сўрайман! Эй Китобни нозил қилган, ҳисобни осон қилган Зот! Аҳзобни тор-мор қилгин!
Аллоҳ таоло Расулининг дуоларини ижобат қилди. Кечасида Аҳзобга шиддатли шамол йўллади. Натижада мушриклар қадам босишнинг ҳам иложини қилиша олмай қолишди. Мусулмонларга нусрат берди. Улар тинмай Аллоҳ таборак ва таолога шукронани такрорлашарди.
Мусулмонлар Бани Қурайзани йигирма беш кун қамал қилдилар. Ниҳоят яҳудийлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан юртларини мусулмонларга ташлаб Шомдаги Азриъотга кўчиб кетишга изн беришларини сўрашди. Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рад этдилар ва келишиш учун хоҳлаган кишисини ўртага вакил қилишларини таклиф қилдилар. Улар Саъд ибн Муъоз разияллоҳу анҳуни танлашди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъдни чақиртирдилар ва Бани Қурайза билан ўртада ҳукм чиқаришга вакил қилдилар.
Саъд аҳдини бузган, мусулмонларнинг душманларига ёрдам берган, натижада Хандақ ғазотида ва мазкур ғазотда мусулмонларнинг қони тўкилишига сабабчи бўлган хоинларнинг ҳукмини чиқаришга имкон берилганидан шодланиб кетди. У бор шижоати ва илми билан ўртада адолатли ҳақ ҳукм чиқарди. Жангга чиққанларини ўлдиришга, аёлларни асир олишга, мол-мулкларини мусодара қилиб мусулмонларга тақсимлаб беришга ҳукм қилди. Ҳолбуки Саъд улар билан аҳил дўст эди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Аллоҳ таоло еттинчи осмонда чиқарган ҳукмини чиқардинг. Сенинг бу чиқарган ҳукмингдан Аллоҳ ҳам, мўминлар ҳам рози бўлдилар. Мен ҳам шунга буюрилган эдим, – дедилар.
Саъд разияллоҳу анҳу яна ўзи даволанаётган чодрага қайтди. Жароҳати ўтда куйдирилган эди. Жароҳатидан яна қон оқа бошлади. Иккинчи марта яна куйдирилди. Жароҳат яна-да кучайиб Саъдни вафот этишгача олиб келди. Жон таслим қилаётган пайтида Жаброил алайҳис салом келди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
- Бу инсон қандай инсонки, унга осмон эшиклари очилди, Арш ларзага келди? – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шошилиб кийимларини кийиб Саъд томон борди. Етиб келиб қарасалар, жон таслим қилган экан.
Жанозаларини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ўқидилар. Саҳобалар сўрашди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Бунчалик енгил маййитни кўрмаган эдик?
- Ҳа, ҳозир осмондан шунчалар фаришталар тушдиларки, шу кунгача бунча тушмаган эди. Ўша фаришталар кўтарганлигидан сизларга енгил бўлди, – дедилар.
ДАРЁДАН ЎТИШ
Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу Дажла соҳилига етиб келди. Нигоҳи гуркираган Мадоин шаҳрига ва таърифи дунёга кетган Кисро қасрига тушди. Аскарлари билан дарёдан сузиб ўтмоқчи бўлди. Аммо бу усул унчалик қўл келмас эди. Шу пайт Осим ибн Амр Нажда аҳлидан олти юз нафар жангчи билан келди. Дарёни кечиб ўтиб соҳилда мудофаъа тадбирини қилиш таклифини киритди. Қараса, аскарларнинг баъзилари бу усулдан тараддудланиб қолишди. Шунда у Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу оятни тиловат қилди:
وَمَا كَانَ لِنَفْسٍ أَنْ تَمُوتَ إِلاَّ بِإِذْنِ الله كِتَاباً مُّؤَجَّلاً وَمَن يُرِدْ ثَوَابَ الدُّنْيَا نُؤْتِهِ مِنْهَا وَمَن يُرِدْ ثَوَابَ الآخِرَةِ نُؤْتِهِ مِنْهَا وَسَنَجْزِي الشَّاكِرِينَ
“Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлаймиз”.
Сўнг бошини мардонавор кўтарганича дарёга ташланди. Уни кўриб бошқалар ҳам ўзларини дарёга отишди. Ибн Амрнинг жасоратидан таъсирланган аввалги лашкар ҳам ўзларини дарё томон урдилар. Соҳил бўйида турган душман мусулмон лашкарини қайтаришга шайланишди. Аммо Ислом лашкарининг моҳирона мардонавор тадбирлари олдида душман ожиз қолди. Мусулмонларни сувдан чиқармасдан ўлдиришга уринишди. Осим ҳайқириб найзалар билан жанг қилишга буюрди.
Лашкар соғ-саломат кечувдан ўтди. Душман мағлуб бўлди.
ВАҲИМА ҚИЛМАНГ!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммадан ҳам кўра шижоъатлироқ, гўзалроқ ва саҳоватлироқ эдилар. Бир кун Мадина халқи шаҳар атрофидан шовқин-сурон овозини эшитишиб қўрқишиб кетди. Ҳатто душман бостириб келиб қолдимикин деган гумонга ҳам боришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шу заҳотиёқ қиличларини бўйнига осиб яланғоч отга миндилар ва ёлғиз ўзлари овоз келган томонга етиб бордилар. Қарасалар ҳамма ёқ жимлик. Ортга қайтсалар Мадина аҳли ҳам шу томон келаётган экан:
- Ваҳима қилманглар. Хавотир олманглар! – дедилар ва бирга шаҳарга қайтдилар.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ Асака туман бош имом хатиби
