Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Бешта нарса фитратдандир: мўйлабни қисқартириш, тирноқни олиш, киндик ости ва қўлтиқ ости тукларини олиб юриш ва мисвок қилиш», дедилар».
Заҳҳоқ Ибн Аббосдан ривоят қилишича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Мисвокни кўп ишлатинглар, чунки унда ўнта хислат бор: оғизнинг поклиги, Раббнинг ризолиги, фариш таларга хурсандчилик, кўзга жило, ти шга оқлик, милкни мустаҳкамлаш, тишдан чириш ва тошларни кетказиш, таомни ҳазм қилиш, балғамни кесиш, фариш талар унинг олдида ҳозир бўлиши, намознинг савоби икки баробар бўлиши, шайтонни хорлаш», дедилар.
Поклик шариатимизнинг энг кўп тарғиб қилинадиган кўрсатмаларидан биридур. Тарих манбаларига кўра бугунги кунда ўзларини цивилизациянинг энг илғор вакиллари ҳисоблаган Ғарб халқлари дурустроқ ювиниш тушунчасига эга бўлмасдан аввалроқ Исломда поклик тушунчаси дунё бўйлаб тарқала бошлаган.
Динимиз кўрсатмаларига кўра, аввало маънавий поклик зарур. Бироқ шунинг баробарида жисмоний покликка ҳам биз ўйлаганимиздан кўра кўпроқ эътибор берилади. Жумладан оғиз поклигига.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мисвок оғизни покловчи ва Раббни рози қилувчидир», дедилар. (Бухорий, Шофеъий ва Насаий ривоят қилишган).
Мисвок оғизни покловчидир. Оғизни пок тутиш инсон соғлиги учун қанчалик зарур эканини ғайримусулмонлар эндигина тушунишди. Таом еган, турли ичимликлар ичган одамнинг оғзида, тишларида қолган чиқиндилар ўз вақтида тозалаб турилмаса, беморлик ва зарарга сабаб бўлиши энди ҳаммага маълум.
Шу билан бирга мисвок: «Раббини рози қилувчидир». Яъни, ким мисвок қилса, тозаликка риоя қилгани, дин-шариатнинг амрини амалга оширгани, мисвок қилиш ибодатини адо этгани учун, Аллоҳ таоло ундан рози бўлар экан.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок қилар ва мисвокни ювишим учун менга берар эдилар. Мен дарҳол аввал ўзим мисвок қилар ва сўнгра уни ювиб у зотга берар эдим». (Абу Довуд ривояти)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Агар умматимга ёки одамларга машаққат бўлмаганида, ҳар бир намозда мисвок қилишни буюрар эдим», дeдилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам агар уйқудан турсалар, оғизларини мисвок билан тозалардилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Қамариддин Шарофуддинов. Асака т. “Имом Абу Юсуф” жоме масжиди имом хатиби
