Шайтоннинг хийлалари

Аллоҳ таоло ер юзида халифа қилишни ихтиёр қилиб Одам алайҳис саломни яратди. Ўз руҳидан биринчи отамизга жон ато қилди. Сўнг фаришталарга Одам алайҳис саломга сажда қилишни буюрди. Барча фаришталар сажда қилдилар, илло Иблис ўз кибру-ҳавоси ила такаббурлик қилиб саждадан бош тортди. Аллоҳ таоло унинг қилмиши учун тавқи лаънатни илди. Абадул-абад лаънатга гирифтор бўлди. Шу-шу иблис одамзодга душман бўлди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шайтоннинг бизларга душман эканлиги ҳақида очиқ-ойдин хабар берган:

إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوّاً إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِيرِ

Яъни: “Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради. (Фотир. 6)

Иброҳим ибн адҳам айтганидек, Шайтоннинг душманлигин биламизу, лекин унга дўстлик қиламиз. Ҳар биримиздан сўраса, шайтонни душманим деймиз. Деярли ҳеч бир кимса йўқки, уни дўстим деса. Лекин амалда шайтоннинг буруғидан чиқа олмаймиз. Бу унга дўстлик эмасми?
Шайтон билан олишиш керакмас, фақат ўзимизнинг унинг макридан сақлаб қолишга уриниш бизнинг вазифамиз. Унинг макри шунчалар оғирки, у билан курашган одам енгилиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир ҳолатда ҳушёр бўлиш лозим. Бу борада Имом Ғаззолий ёзади (Иҳёу улумид-дин.зиёуз.сомкутубxонаси):
“Бандага душманини ўз нафсидан даф қилиш билан машғул бўлиши лозим бўлади. Унинг асли, насаби, маскани ҳақида баҳс қилиш билан шуғулланиш зарурияти йўқ. Тўғри, нафсидан уни даф қилиш учун ўзининг бир қуроли ҳақида ўйлаб кўриши керак бўлади.
Шайтоннинг қуроли эса ҳавойи нафс ва шаҳватлардир. Мана шу қуролининг ўзи бутун оламга етарлидир. Унинг зоти, сифати, ҳақиқатини билишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз.
Фаришталарнинг ҳақиқатини билиш эса мукошафа илмларига чуқур киришиб кетган орифларнинг майдонидир. Муомала илмида уни билишга эҳтиёж йўқдир.
Xаёллар (фикрлар) уч xил бўлади:
1) Ёмонликка чақирувчи эканлиги аниқ билинади. Бунинг васваса эканлиги аниқ.
2) Яxшиликка чақирувчи эканлиги билинади. Бунинг илҳом эканлигида шак йўқ.
3) Шубҳа билан қаралувчи. Бунинг шайтон тарафидан ёки фаришта
тарафидан эканлиги аниқ билинмайди. Чунки ёмонликни яxшилик майдонида кўрсатиш шайтон ҳийлаларидандир. Бунинг яxши-ёмонлигини ажратиб олиш жуда қийин. Кўп бандалар мана шу билан ҳалок бўлишади. Чунки шайтон уларни ёмонликка очиқ-ойдин чақиришга қодир бўлмайди-да, ёмонликни яxшилик суратида кўрсатади.
Гўё бир олимга насиҳат тарзида «Xалойиққа қарамайсанми, нодонликларидан ўликларга ўxшаб қолишибди, ғафлатлари зиёдалигидан ҳалок бўлиб, дўзаxга яқинлашиб қолишибди. Насиҳатларинг ва маърузаларинг билан ҳалокатдан қутқариб, бу Аллоҳнинг бандаларига раҳм қилсанг бўлмайдими? Батаҳқиқ, Аллоҳ сенга кўрувчи қалб, фасоҳатли тил ва мақбул нотиқликни неъмат қилиб берган бўлса, қандай қилиб Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қиласан? Қандай қилиб Унинг ғазабига ўзингни кўндаланг қиласан? Яна қандай қилиб илмни тарқатиш ва xалқни тўғри йўлга даъват қилишда сукут қилиб турасан?» дейди.
Мана шундай ва шунга ўxшаш гапларни унинг қалбида қарор топтириш учун доимий ҳаракатда бўлади. Уни жудаям юмшоқ ҳийлалар билан инсонларга насиҳат қилиш билан машғул бўлишга мойил қилади. Сўнгра уни инсонларга ўзини чиройли кўрсатишга, фасоҳатли лафзлар билан гапиришга ва яxшиликларни изҳор қилишга (яъни, риё қилишга) чақиради. Унга айтадики: «Агар мана шундай қилмайдиган бўлсанг, инсонларнинг қалбларидан сўзингнинг мавқеи (яъни, таъсири)тушиб кетади, улар ҳақ йўлга ҳидоятлана олмайдилар».
Унинг ҳузурида шуларни чиройли кўрсатишда доим қоим бўлади. Ҳатто бу орада олимнинг ўзида риё аралашмаси, ишларини xалқ қабул қилаётганидан xурсанд бўлиш, мартаба лаззати, унга эргашаётганларнинг кўплиги, илмини кўп санаш, xалойиққа паст назарда қараш қарор топади.
Натижада бечора олим ўз насиҳатлари билан ҳалокатга қараб кетиб қолади. Гапираётганида мақсадини гўё яxшилик, деб ўйлайди, аслида эса мақсади обрў қозониш ва инсонлар олдида мақбул киши бўлмоқдир. Шу сабабли ўзини Аллоҳ ҳузурида улуғ бир мақомда, деб ўйлаган ҳолда ҳалок бўлади”.

Қамариддин Шарофуддинов. Асака т. “Имом Абу Юсуф” жоме масжиди имом хатиби