Сара неъмат

Аёл зоти бандаларга Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло ато этган неъматларнинг сарасидир. Улар эркакларнинг жамиятда, оилада ва ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ажралмас қисмларидир. Улар бизга шунчалик яқинликларидан Аллоҳ таоло эркак ва аёлни бир-бирларига либос деб зарбул масал қилган:

هُنَّ لِبَاسٌ لَّكُمْ وَأَنتُمْ لِبَاسٌ لَّهُنَّ

яъни: “Улар сизга либосдир, сизлар уларга либосдирсиз” (Бақара 187)
Инсоният тарихига назар ташласангиз, барча жамиятлар аёлга бирдай яхши муносабатда бўлмаганига ишонч ҳосил қиласиз
Аёл – аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. Чунки келажак меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келади. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни ҳам оналаримиз, момоларимиз ўргатишади. Шундай экан, келажак авлоднинг яхши, солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг қанчалик солиҳа, ҳаёли, ахлоқли бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.
Аёл она сифатида жаннатни уларнинг оёқларининг остидан излаймиз. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир.
Аёл турмуш йўлдоши сифати билан биз учун дунёнинг энг яхши матолари. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Дунё бир матодур. Дунё матосининг яхшиси солиҳа хотиндур” – дедилар. (Муслим, Насаий, ибн Можа ва Байҳақий ривоят қилганлар)
Яна айтдилар:
“Уч нарса одам боласининг бахти саналади: солиҳа аёл, яхши маскан, яхши улов. Одам боласининг бахтсизлигида эса қуйидаги учта нарсада кўринади: ёмон хотин, ёмон маскан ва ёмон маркаб”. (Аҳмад, Табароний, Баззор ва Ҳоким ривоятлари)
Аёл зоти фарзанд сифатлари билан биз учун жаннат йўлидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ким икки қизни балоғатга етгунларича улғайтирса, қиёмат куни у мен билан мана бундоқ келади” деб икки бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар. (Муслим, Термизий ва Аҳмад ибн Ҳанбаллар Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан, Абу Довуд Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
Ҳа, аёл зоти биз учун сара неъматдир.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби