Диний бағрикенглик

Муқаддас динимиз таълимотларида бошқа дин ва миллат вакиллари билан ҳам дўстона алоқалар намоён бўлади. Аллоҳ таоло Қурони каримда «Мумтаҳана сурасида марҳамат қилади:
لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ
«Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир». (8-оят)
Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакиллари билан агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда.
Динимизда миллатлар аро дўстлик ибратланарлик даражада ўз аксини топган. Ҳабашлардан Билол ибн Раббоҳ, форслардан Салмон Форсий, яҳудийлардан Абдуллоҳ ибн Салом каби саҳобийларнинг (разияллоҳу анҳум) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошида, барча мусулмонларнинг наздида қанчалик ҳурмат эътибори юқори бўлганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидур Натижада қанчалаб насроний ва яҳудий динига мансуб кишилар Исломни қалбан қабул қилдилар. Қанчалар мушриклар неча йиллик адоватлардан сўнг Ислом динининг фаолларига айландилар.
Бугунги кунга келиб мусулмонлар бошқа диндагилар билан тинч яшаш босқичидан ҳам ўтиб мулоқот ва ҳамкорлик алоқаларига ўтмоқдалар.
Диний бағрикенглик – турли дин вакилларининг ёнма-ён, тинч-тотув яшашини билдиради. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилиб, бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этиши чин маънодаги бағрикенгликдир. Бу фазилат халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Юртимизда қадимдан 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келади.
Мустақиллик йилларида давлатимиз динлараро муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишяпти.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида, жумладан, шундай дейилади: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.
Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашда қонунчилик ҳам такомиллашиб борди. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун 1991 йилда қабул қилинган. Сўнгги йиллар давомида мазкур қонунни давр талаблари асосида тубдан ўзгартириш зарур бўлиб қолди ва 1998 йилда Республика Олий Мажлиси қонуннинг янги таҳририни қабул қилди. Бу қонун мамлакатимизда диний бағрикенглик тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур Қонунга асосан ди¬ний ташкилотларнинг бошқа ташкилотлар билан тенгҳуқуқлиги таъминланди. Уш¬бу конуннинг 5-моддасида прозелитизм, миссионерлик ҳаракатлари тақиқланиши белгиланган.
Афсус, қонунга зид ҳаракатларини тур¬ли йўллар ва усуллар билан амалга оширишга уринаётган бузғунчилар, миссионерлар ҳамон учраб турибди. Улар нопок мақсадларини ёшлар ўртасида, айниқса, диний маълумоти бўлмаган ёки ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга ҳаракат қилишади. Натижада айрим одамлар алданиб, моддий маънавий қийинчиликлар баҳонасида фитначиларнинг тузоғига илиниб қоляпти. Шу муносабат билан барчани огоҳликка, ҳақ динимизни, миллий қадриятларимизни, бой тарихий меросимизни ҳимоя килишимиз лозим.
Фитналарга бошловчи ҳар қандай ҳа¬ракат ва ғояларга ҳаммамиз қарши туришимиз, мустақил диёримиз равнақини таъминлаш, халқимиз тинчлигини сақлашдек улуғ ишга холис ҳисса кўшмоғимиз керак.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака тумани бош имом хатиби