Оилада муроса

Оилада муроса
Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқесига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади балки, эл-юрт, маҳалла кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди. Оилани бошқариш масъулиятини Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларнинг зиммасига юклаган.
Яна бир муҳим масала, бу – қурилган оилани бус-бутун сақлаб қолиш. Динимизда оила қуришга тарғиб этиш билан бирга, уни яхшилик билан тутишга буюрилган. Агар эр-хотин ўзаро келиша олмаган тақдирларида ислоҳ қилиш учун ҳар икки томондан ҳакамлар жалб этиш лозим бўлади. Қуръони каримда шундай дейилган:

وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا إِنْ يُرِيدَا إِصْلَاحًا يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا خَبِيرًا (سورة النساء /35).

яъни: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир” (Нисо сураси, 35-оят).
Зеро, эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилиш энг савобли амал саналади. (Жума тезислари)
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш бир нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир», деганлар» (Имом Табароний ривояти).
Кўпинча оилада турли келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик каби ҳолатлар учраб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар дарз кетади.
Аслида ҳар оиладаги қандай муаммо учун эркак жавобгар. Агарчи аёлдан бир камчилик содир бўлган тақдирда ҳам, шу камчиликни бартараф эта олмаган эркак айбдор бўлади. Шунинг учун эркак киши масъулиятни чуқур ҳис қилмоғи лозим. Лекин шундай бўлса-да, баъзан аёллардан ўтган камчиликларни тўғрилаш мушкул бўлади. Шу маънода сизларга аёлнинг вазифаларидан айримларини эслаб ўтмоқчимиз.
Аввало, аёллар эрга итоатли бўлиши ва сира ношукур бўлмаслиги лозим. Асмо бинти Язид Ансориядан (разияллоҳу анҳо) ривоят қилинади:
“Тенгдош қизлар билан ўтирган эдим, олдимиздан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтдилар. У зот салом бердилар ва:
«Валинеъматларингизга ношукрликдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. Мен дугоналарим ичида савол беришга журъатлироғи эдим ва:
“Эй Аллоҳнинг Расули, валинеъматларга ношукрлик нима?” деб сўрадим.
“Бирингиз ота-она бағрида узоқ вақт эрсиз ўтиради. Сўнг Аллоҳ унга эр неъматини ато қилади, фарзанд беради. (Аммо аёл) жаҳл устида “Сендан ҳеч яхшилик кўрмадим», деб куфрони неъмат қилиб қўяди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти, «Ал-Адаб ал-муфрад»).
Шунингдек, хушмоуомалалик ҳам ҳар қандай жанжални бартараф қилиши мумкин.
Абу Ҳурайрадан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг хурсанд қиладиган, амр қилсанг итоатда бўладиган, йўқлигингда ўз номусини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиганидир», деганлар (Имом Табарий ва Ибн Аби Ҳотимлар ривояти).

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби