Тўйлардаги бебошликлар

Халқимиз тўй-тўркинларни яхши кўради. Топганини тўйларга жамғаради. Эл-юртга дастурхон солиб, меҳмон кузатиб кўзи қувонади. Дуо қилса ҳам “тўйларга етказсин” деб дуо қилади. Бир хонадонда фарзанд вояга етар экан, дўстлар, яқинлар ҳар кўрганда тўйни қачон бошлашини сўраб туради.
Қизингиз бўлса, муносиб куёвларни тавсия қилишади. Ўғлингиз бўлса, фалончининг қизи эсли-одобли эканини айтишади. Ҳатто кўнгил яқинлар фарзандлар ҳали чақалоқлик чоғидаёқ қуда бўламиз деб, аҳдлашиб ҳам қўйишади.
Бу олийжаноб хислат бизларга аждодлардан мерос. Тарихий битикларни ўқисак ҳам, халқ оғзаки ижодига назар солсак ҳам, яқин ўтмишдаги кексаларимизнинг хотираларига қулоқ солсак “эл-юртга дастурхон солиб тўю-томошоа қилиб берди” ёки “етти маҳаллага ош тарқатди” деган ибораларни учратамиз. Бу бошқа миллатларда учрамайдиган тантилик.
Хўш, бугунги кунда ўша тантилик қандай кўринишда?
Шунча сарф-харажат қилиб тўй қилишдан асл мақсад ва моҳият нимадир?
Биз нималарга риоя қиляпмизу, нималарга беписандлик қиляпмиз?
Бу тўғрида оммавий ахборот воситаларида, масжидларимизда, жамоат жойларида, турли йиғин ва тадбирларда тўхтовсиз эслатмалар қилинмоқда. Натижалар қай тарзда?
Бир томондан қараганда айрим масалаларда сезиларли ўзгаришлар бўлмоқда, иккинчи томондан эса, яна янги бебошликлар пайдо бўлмоқда.
Муҳтарам Президентимиз айтиб ўтганидек: “Тўй-маърака – бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала”. Шунинг учун бу масалага жиддий ёндашиш зарур. Юртбошимиз яна шундай деган: “Айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади”. (Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузадан)
Унутмаслигимиз керакки, ҳозирги ижтимоий тармоқ ўта ривожланган даврда бизнинг ҳар бир қадамимиз дунё майдонида намоён бўлади. Бутун замин халқлари олдида ўз шаънимиз, қадриятимизнинг оёқ ости бўлишига йўл қўймаслигимиз керак.
На миллатининг, на Ватанининг шаънини ўйламаган, на муқаддас динимиз кўрсатмаларини писанд қилмаган кимсалар ўзларининг нодонликларини фахр ила намойиш қилмоқдалар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам эркакларга хитобан:

عن سليمان بن عمرو بن الأحوص حدثنا أبي : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم … ألا وإن حقهن عليكم أن تحسنوا إليهن في كسوتهن وطعامهن (سنن ألأترمزي)

“Билингларки, у (аёл)ларнинг сизнинг устингиздаги ҳақлари уларга либос ва таомларини чиройлик қилиб бермоқларингиздур” – деганлар. (Амр ибн Аҳвас разияллоҳу анҳудан Термизий ривояти)
Оила ҳақидаги китобларда ёзилишича оиладаги барча харажатлар эркакнинг зиммасида бўлади. Имкони борича турмушни фаровон қилишга ҳаракат қилади. Уй-жой, озиқ-овқат, кийим кечак, зарурат бўлиб қолса гўдак учун энага ёллаш ва бу каби харажатлар эркакнинг вазифаси саналади. Аёл касал бўлиб қолса даволатади. Ҳа, уйланиш дегани шунчаки эрмак ва табиий эҳтиёжгина эмас, балки Тангрининг олдида ва хотин, бола-чақа олдида, жамият олдидаги улкан масъулият саналади.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда эркакнинг оилада бошлиқ эканини баён қилади:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ
Яъни: ” Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар). (Нисо. 34)
Тафсирга кўра раҳбар ўз қарамоғидагилар учун жавоб беради. Қўл остидагиларнинг таъминоти ҳам унинг зиммасида бўлади. Эркак киши оилани шариат андозаларида бошқарса, иншоаллоҳ, турмуш чиройли, оила аъзолари бахтли ва аҳил бўладилар.
Бунинг акси ўлароқ ёш оилаларнинг беҳудага бузилиб кетишлари, уруш-жанжаллар, фарзандларнинг сарсон бўлишлари – булар ҳаммаси оилада исломий шарқона тарбия ва бошқарувнинг йўқлигидан келиб чиқади.
Кейинги пайтларда пайдо бўлган бидъатлар жуда ҳам бебошликдан бошқа нарса эмас. Айниқса қиз чиқаргувчи хонадонлар анчагача ўзларини эплай олмай қомоқдалар. Ҳозирги тўкин-сочин даврда сеп учун олинадиган кийим кечакларнинг турлари жуда ҳам кўпайиб кетган. Бу эса анчагина маблағни талаб қилади.
Камига қизга қўшиб яна аллламбалоларни қўшиб беришлар ортиқча. Келин кирадиган уйга фалон сўмга элита пардалар олиб, уни тиктириш, қимматбаҳо гиламлар тўшаш, бир қанча кўрпа — тўшак, мазар едига фалонча сават, куёвнинг жўраларига халтачалар…
Булар ҳали ҳаммаси эмас, мебел, тўшама ётоқ(спальний)… булар жуда ҳам ортиқча десам, бу ҳам ҳолва экан. “Фалончи ўғлини уйлаган экан, келин томон сўри олиб келибди”. Машина, хизматкор аёл қўшиб беришичи? Агар шу нарсаларни уялмай-нетмай, бети жимирамай куёв томон талаб қилсачи? Инсоф борми ўзи?!
Ана энди эсон-омон тўйни ўтказиб олдим, деб қиз узатган тин олармикин? Йўқ, ҳали давоми бор! Қизнинг орқасидан кунига уч-тўрт маротаба тугун ташиш! Устига -устак уйи олисроқда бўлса…
Аввало қиз узатган оила ўзининг босар-тусарини билиши лозим. Қолаверса, куёв томон ҳам инсоф қилмаса бўлмайди. Олиб келганини еб ётавермай, қиз томоннинг оворагарчилигига чек қўйиши керак.
Яқинда қиз чиқарган ота: “Нақд ўн кунгча кунига тўрт маҳалдан овқат ташиттирдия!” – деб қолди.
Қаранг, уларга ҳам ҳавас эмас экан. Балки оғриниб қолар экан. Шундай ҳолатда ҳам индамай тугунларни қабул қилиш ҳеч қандай миллат, халқ, дин ва урф-одатда бўлмаса керак. Ҳадемай ҳали хайит-байрам, туғилган кун, яна алланарсалар бор.
Юқорида қанча харажатларни айтдик. Булар ҳаммаси асосан эрнинг вазифаси эмасми? Қиз боққанга шунча жабру-жафо учун уялиш керак.
Турнақатор машиналарда келин-куёв сайли кўп бора танқид қилинган эди. Энди бир лавҳада кўрамиз, даврадагиларнинг устидан сочилган пул куёвтўранинг тўпиғини ёпяпти. Оёқ ости кўринмайди. Бу манманликлар, ҳам исроф, ҳам миллий валютамизга ҳурматсизлик эмасми? Қанча-қанча кам таъминланган оилаларнинг кўнглини ўкситиш эмасми?!
Пул сочганлар ўзларича шунчалар “саховатли” экан, нега шу пулларни мактаб ва йўл таъмирлашга сарфламайдилар? Ахир шундай қилса садақайи жория бўлиб, қиёматга қадар савоби етиб турар эди-ку?
Бир аёлнинг устига пулдан либос кийдиришиб қўйишибди. Қанча-қанча оилалар ўша пулга муҳтож бўлиб турган бўлса, уларнинг кўнгли ўксимайдими?
Бу пуллар бўйинларига бўғма илон бўлиб ўралишини наҳотки билмасалар ўша “танти” бойваччалар?
Яна бир лавҳада кўрдик, хонанда аёл она ҳақида қўшиқ бошлади. Куёв бола бутун йиғилганлар ичида онасини бағрига шунчалик босдики, одатда киши ўз жуфти ҳалолини хилватда шундай қучоқлайди. Бир бутун қўшиқ тугагунга қадар даврани бўшатмади.
Саховатда, ҳажга боришда риёларни кўрган эдик, энди онага қилинажак илтифот ҳам риёга айланса-я?!
Онасини ҳурмат қилар экан, буни ҳаммага кўз-кўз қилиб интернет орқали тарқатиш шартмикин?
Мусулмончиликка ҳам, шарқона ахлоқ меъёрларига ҳам мутақо зид бўлган амаллардан яна бири – келин ва куёв европача вальс тушишлари. Неча ой пул сарфлаб рақсга тушишни ўрганиш. Булар ҳамаси исроф эмасми?
Ундан ҳам ўтган шармандалик – ҳамманинг кўз ўнгида бўса олиш…
Мен бу ҳолатга сўз топа олмайман. Фақат қалбим йиғлайди, йиғлайди, йиғлайди…
Танқид келажакнинг меваси экан, бир қанча камчиликлар ҳақида сўз юритдик. Тарғиботларнинг фойдаси бўляпти.
Хусусан бугун бир хабарни кўрдик, қалбида инсонийлик туйғулари бўлган бир саҳоватли инсон ўғлини уйлапти. Биз айтган дабдаба ва бебошликдан асар ҳам йўқ. Балки ногирон болалрга тўй қилиб бериб, кам таъминланган оилаларга ёрдам қилибди.
Яна бир ўзимизга таниш бўлган оилани кўрдик. Келин келадиган уйга гиламни ҳам ўзи тўшаб қўйган. Пардаларни ҳам ўзлари тиктирди. Олдиндан келишиб олганига қарамай келин томон хижолат бўлганидан эл қатори мебел ва бошқа жиҳозларни олиб келган эди, қайтариб юборди.
Биз юқоридаги мисолни ибрат учун келтирмоқдамиз, лекин аслида бу ишлар жуда ҳам мақтовга муносиб эмас, балки эркакнинг вазифаси эрур. Лекин бугунги кунда одамлар орасида эркаклар ўз вазифаларини унутиб, хотиннинг оиласидан тамагирлик қилаиши одатга айланиб қолганидан бу ҳолатни мисол тариқасида келтирмоқдамиз.
Демак насиҳатларимиз ҳавога соврилмапти. Келажакка умид кўзи билан қарашга асосимиз бор. Аллоҳдан сўраб қоламиз, барча ишларимиз Ўзининг розилигида бўлишини насиб айласин, беҳуда ва ноинсоний исрофгарчиликларимизга барҳам берсин! Ўзлигимизни унуттириб қўймасин. Динимиз, миллатимиз, юртимиз шаънини юқори қилсин!

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби