Ёт ғоялар

Халқимизни, хусусан навниҳол ёшларимизни ёт ғоялардан сақлашлик бугунги кунда наинки юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг вазифаси, балки балки бутун дунё оммасини ташвишга солаётган муаммосидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳлантирган эдилар:
“Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”. (Муслим ривояти)
Йигирма биринчи асрда кишилик жамияти тараққиётининг жуда кўп эшиклари очилди. Шу билан бирга турли мафкуравий курашлар, ахборот оқимининг суръати ва кўлами ошди, ҳар хил ёвуз кучлар, айниқса, миллат ва жамиятни бўлиб ташлашга, давлат тўнтариши қилишга қаратилган ҳаракатлар янгича тус, шаклу шамойил олиб кучайиб бораётгани сир эмас.
Халқаро террорчилик ҳаракати жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборидаги муҳим масалалардан биридир. Зеро, бу иллатга барҳам берилмас экан, тинчлик ва барқарорликка путур етаверади.
Муқаддас динимизда зўравонлик, босим ўтказишнинг хар қандай кўриниши тақиқланади, халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенгликни ва тинчликни мустахкамлашга чақирилади. Қуръони Каримнинг “Бақара”сурасида Аллох таоло бандаларига хитоб қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ ادْخُلُواْ فِي السِّلْمِ كَآفَّةً وَلاَ تَتَّبِعُواْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ
“Эй, иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир. (Бақара. 208)
Бандаларнинг бир-бирига босим ўтказишлари, зулм-зўравонлик кўрсатиш, ер юзида бузғунчилик қилишлари ҳам динимизда қаттиқ тақиқланади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён қилинади:
وَالَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهْدَ اللّهِ مِن بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الأَرْضِ أُوْلَئِكَ لَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ
“Аллоҳ билан ахд боғлаганларидан кейин уни бузадиган,Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам бор, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (Жаханнам) бордир.” (Раъд.25)
Афсуски, хозирги кунимизда Аллоҳ таолонинг ўз бандаларини фақат тинчлик, осойишталик ўрнатишга, бағоят эзгу ва хайрли ишлар қилишга ундовчи бундай даъватларини унутган қабиҳ ниятли ёвуз кимсалар кўпайиб кетди. Афсусланадиган жихати шундаки, бундай шахслар ўзларини бузғунчиликларини Ислом дини таълимоти билан хаспўшлашга интилмоқдалар. Айни дамда бундай хатти-ҳаракатлар хақ дин-Исломга нисбатан нохолис фикрлар ва қарашлар уйғотади.
Тинчлик, офият, эзгулик дини бўлган Ислом дини хаётбахш амр ва насихатлардан иборатдир. Ислом дини ниқоби остида ҳаракат қилаётган турли бузғунчилик оқимлар даъволари мазмунан ва мохиятан муқаддас динимиз таълимотига мутлақо зиддир.
Халифалик давлатини тузиш даъвоси билан чиқиб, бу йўлда бегунох инсонлар қонини тўкаётган, юртимиз тинчлигига, халқимиз хотиржамлигига рахна солишга уринаётган террорчи бузғунчи оқимлар аввал ҳам ўз ғаразли мақсадларини амалга оширишга бир неча бор уриниб келдилар. Аммо Аллох таолонинг ғазабига, соғлом фикрли инсонланринг қаҳрига, нафратига учраб йўқликка юз тутдилар.

Асака туман бош имом хатиби: Шаҳобиддин Парпиев