Қўшнининг ҳақи кўпдир

Қўшнининг ҳақи кўпдир
Жамиятимизда биз билан ҳамзамон бўлиб яшаётган инсонлар ичида бизларнинг устимизда ҳақлироғлари қўшнилираимиздир. Уларнинг зиммамиздаги ҳақлари шунча кўпки, биз уни адо қила олмаймиз. Шундай экан, улар билан лоақал жанжаллашмасдан яшашга мажбурмиз.
Шариатимиз таълимотларига кўра қўшничиликда дин ва миллат танланмайди, барча тенгдир. Ушбу ибратли ҳадислардан билинадики кўшниларимиз ким бўлишидан қатъий назар улар билан тинч осуда келишиб муроса билан ҳаёт гузаронлик қилмоғимиз мухимдир.
Қадим замонлардан бери юртимиз халқи қўшнига оқибатли бўлган. Бу одат яқинларга қадар давом этиб келган. Бунга ёши катталар гувоҳлик берадилар. Ота-боболаримиздан то бизгача давом этиб келаётган ажойиб ва савобли удумларимизга амал қилиб, қўшниларимиз билан таомларимиздан улашиб туришимиз қўшниларимиз билан қўшничилик алоқаларини мустаҳкамланишига сабаб бўлади.
Кейинги асримизга яқинлашганда негадир қўшничилик алоқалари пасая бошлади. Секин-секин бу анъана дарз кетмоқда.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
“Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас!”
Саҳобалар томонидан:
“Ким у, эй Аллоҳнинг расули?” — деб сўралди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кишидир”, — дедилар”. (муттафақун алайҳи)
Қўшнидан келган озорларга сабр қилиш, мулойим бўлиш, яхшиликни қўшнидан бошлашлик, биринчи бўлиб салом бериш, бетоблигида холидан хабар олишлик, мусибатда ҳамдардлик билдириш, хурсандчиликда табриклаш, хатоси бўлса уни кечириш, ҳовлисига мўраламаслик, тарновига ўз томи сувини йўлламаслик, ҳовлидан ҳовлига ариқ ўтган бўлса сувни ифлос қилмаслик, қўшнининг деворига мағзава оқизмаслик, ҳовлиси саҳнига тупроқ туширмаслик, ҳовлисига олиб кириб кетаётган нарсаларига назар ташламаслик, сўзлашувига қулоқ солмаслик, аёл-қизларига қарамаслик, агар қўшни йўқ бўлса, унинг оиласи юмушларида ёрдам бериш – буларнинг бариси қўшнининг ҳаққи бўлиб ҳисобланади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадлар:
“Ҳар кимнинг Аллоҳ таолога ва охиратга имон келтиргани рост бўлса, қўшнисига ёмонлик қилмасин, озор бермасин, меҳмонга икрому иззат кўрсатсин. Ҳақиқий мўмин бўлса, гапирганда фойдали гаплардан гапирсин ёки сукут сақласин!”.
Ойша онамиз ривоят қиладилар:
“Эй Расулуллоҳ, менинг икки қўшним бор, уларнинг қайси бирига туҳфалар киргизиб турай? — дедим. Жаноб Расулуллоҳ:
“Эшиги эшигингга яқинига”, деб жавоб қилдилар”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар:
“Қачон уйингда бирор шўрва каби таом пиширсанг, сувини кўпроқ қуй ва қўшнингни оила аъзоларига ҳам бир миқдор насиба бериб, йўқлаб тур”, деганлар.
Бошқа бир ҳадиси муборакда,
“Ким ўзининг қорни тўқ бўлиб, қўшниси оч ҳолида ўтирган бўлса, у киши (чин) мўъмин эмасдир”, дедилар.
Яхши қўшни бўлиш учун киши аввало яхши муносабатни, яхши муомалани йўлга қўйиши керак. Масалан, мусибат етганда мусибатига шерик бўлиб таъзия билдириш, хурсандчилик кунларида муборакбод қилиш, касал бўлганида бориб кўриш, ҳолидан хабар олиш, учрашганда чуқур кўришиш ва эҳтиром кўрсатиш керак.

Исомиддин Сайфуллаев. Асака т. “Имом Муҳаммад” жоме масжиди имом хатиби